date

Диққат: 11 май куни мактабларда дарс бўлади

Диққат: 11 май куни мактабларда дарс бўлади

Фото: Yandex

Ўзбекистонда 2026 йил 11 май куни таълим тизимида ўзига хос тартиб амал қилади. Мазкур санада умумтаълим мактабларида дарслар одатдагидек ташкил этилади, бироқ мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмайди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий баёнот билан чиқди.

Маълум қилинишича, ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрда қабул қилинган “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча дам олиш кунларини белгилаш ҳамда дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий этилган.

Мазкур ҳужжатга кўра, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни 2026 йилда шанба кунига тўғри келади. Беш кунлик иш ҳафтасида фаолият юритувчи ташкилотлар учун ушбу дам олиш куни кейинги иш кунига, яъни 11 май — душанбага кўчирилган.

Шунга қарамай, таълим тизимида айрим ўзига хос истиснолар мавжуд. Жумладан:

  • 2026 йил 11 май куни умумтаълим мактабларида дарс жараёнлари давом эттирилади;
  • Бунда айнан шу кунга белгиланган ўқув соатлари ўтилади;
  • Бошланғич синф ўқувчилари учун эса мазкур кун дарсдан озод этилади.

Шу билан бирга, давлат мактабгача таълим ташкилотларида 11 май расмий дам олиш куни сифатида белгилангани боис боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Мутасаддилар, шунингдек, нодавлат таълим муассасаларида иш ва дам олиш кунлари уларнинг ички тартиб-қоидаларига асосан мустақил равишда белгиланади, дея эслатиб ўтди.

Мазкур қарор айрим ота-оналар учун ноқулайлик туғдириши мумкинлиги сабабли, мутахассислар фарзандлар тарбияси ва назоратига алоҳида эътибор қаратишни тавсия этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Диққат: 11 май куни мактабларда дарс бўлади