Назардан четда қолган, четдаги «хароба» мактаб. Mасъуллар бунга нима дейди?

  • 08 март 2019, 19:27
  • 2 275
  • Ўзбекистон
  • Назардан четда қолган, четдаги «хароба» мактаб. Mасъуллар бунга нима дейди?
    Қашқадарё вилояти Косон тумани Бешқўтан қишлоғида «ажойиб» мактаб бор. Мактабни қишлоқликлар «Чайла», «хароба» деб аташади.
    Лекин бугун уларнинг фарзандлари шу «хароба»да таҳсил олишга мажбур…

    Тумандаги 56-умумий ўрта таълим мактабига қарашли филиал 1988 йилда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, бугун бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунга қарамай бу бинода 4 «а» ва 4 «б»-синфининг жами 38 нафар ўқувчиларига сабоқ берилмоқда. Биз мактабга борган кунимиз эса ушбу мактаб синфлари ҳатто иситилмаган экан. Кўмир солинган қоп эса, шундоқ синф хонасида абгор ҳолда турибди.

    - Яқинда туман халқ таълими бўлимидан келиб мактабимизни ўрганиб кетишди,-дейди 56-мактаб психологи Аслиддин Алимов. Лекин улардан бу муаммо бўйича тайинли жавоб ололмадик. Ҳозирда ўзимиз ҳашар йўли 100 ўринли мактаб қуришни режалаштирмоқдамиз. Агар бунга тегишли ташкилотлар рухсат берса…

    - Мактабнинг асосий биноси, янги ва замонавий қилиб қурилган,-дейди мактаб Ёшлар иттифоқи етакчиси Хуршид Бекмуродов. Лекин ўқувчи сони кўплиги учун ҳозирда 4-синф ўқувчиларини эски мактабимизнинг биносига жойлаштириб туришга мажбурмиз.

    - Совуқ кунларда «хароба» мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларимизга жуда қийин бўлади,- дейди «Бешқўтан» маҳалласи раиси Шокир Раҳмонов. Чунки хоналарнинг том қисмидан чакки ўтади. Иситиш тизимини эса гапирмаса ҳам бўлади.

    «Хароба» мактабда дарс ўтаётган бошланғич синф ўқитувчиси Ҳафиза Бекмирзаеванинг фикри билан қизиқиб кўрдик.
    - Ўқитувчи сифатида мен бундай оғир аҳволдаги мактабда дарс беришни хоҳламайман. Ўқувчиларимиз ҳам бу мактабга таълим олишини умуман исташмайди. Лекин бизнинг бошқа иложимиз йўқ.
    Баъзида мактабимиз устимизга қулаб тушгудек туюлади. Шунга қарамай қоронғу хоналарда дарс жараёнини давом эттиришга мажбурмиз.

    Муаммо бор. Унинг ечими-чи?

    Сўнгги 2 йил ичида ижтимоий тармоқларда 56-мактабнинг филиалига ўхшаш «хароба» ҳолга келиб қолган таълим даргоҳлари жуда кўп ёзилди. Айрим муаммоларга қисман бўлсада ечим топилди. Бироқ бу етарли эмас.
    Сабаби, бугун ҳар бир ёш ёруғ ва шинам, замонавий таълим масканларида ўқишга ҳақли. Буни яхши англамаган айрим мутасаддилар муаммоларни яшириш билан оввора. Бунга ўрганиш ишларимиз давомида ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз.

    Яқинда Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Ўйлаймизки, бошқарма бошлиғи чекка ҳудудлардаги муаммоларга панжа остидан қарамайди.
    Дилшод НАБИЕВ

    » » Назардан четда қолган, четдаги «хароба» мактаб. Mасъуллар бунга нима дейди?