13:39 / 13.05.2019
3 693

Учта ҳоким, бир муаммо: ечим қани? Яккабоғлик фуқаролар улардан нега норози?

Учта ҳоким, бир муаммо: ечим қани? Яккабоғлик фуқаролар улардан нега норози?
2015 йил…

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Мевазор” МФЙ ҳудудидаги М-39 ҳалқаро йўлнинг реконструкция қилиниши муносабати билан 100 га яқин хонадонлар бузиб ташланди. Бунинг сабаби йўлнинг кенгайтирилиши ва қурилиш ишлари учун қабул қилинган хукумат қарори деб кўрсатилди.

Уйлар бузилди, бироқ бузилган хонадонлар ичидан 6 та турар жой ва 1 та нотурар жой эгаларига ҳалигача компенсация тўлови тўлиқ тўлаб берилмаяпти. Биз бугун шу муаммога аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.

“Юқоридан келган” ишчи гуруҳ ходими “конверт” қилиб беринг…

Уйи бузилган фуқаролар муаммолари юзасидан дастлаб туман ва вилоят ҳокимлигига бир неча бора мурожаат этишган, аммо натижа бўлавермагач, юқори турувчи ташкилотларга боғланишга мажбур бўлишган. Фуқаролар мурожаатини ўрганиш мақсадида пойтахтдек шаҳри азимдан келган ишчи гуруҳ ходими масалага роса бош қотирган ва ўртага “одам қўшган”. Таажжублиси шундаки, у муаммони ечиш ўрнига коррупцион ҳаракатга йўл қўйган. Яъни, мурожаатчилардан ечилмаган муаммони “тепадагилар” орқали ҳал қилиб бериш учун бажарган хизматига “конверт” усулида ҳақ сўраган.

Компенсацияга даъвогарлар кимлар?

Булар Яккабоғ тумани “Мевазор” МФЙда яшовчи фуқаролар Гулнора Нормуродова – 38 миллион сўм, Бахтиёр Норқобилов – 13 миллион сўм, Махфират Раимова – 35 миллион сўм, Алиқул Раҳимов – 51 миллион сўм, Абдураҳмат Янгибоев – 19.700 минг сўм турар жойлари учун ва 2 та нотурар жой учун – Аҳмад Бўранов – 51 миллион сўм, Алиқул Раҳимов – 23 миллион сўм. Жами маблағнинг тўлаб берилмаётганидан шикоят қилаётган фуқаролар мана тўрт йилдирки, арзини кимга айтишни билмай сарсон-саргардон бўлмоқда.

Уйлар нега бузилган эди?

Яккабоғ туман ҳудудидан ўтувчи “Алмати-Бешкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобил йўлининг М-39 1173-1184 километрларининг ҳамда Қарши-Шаҳрисабз-Китоб айланма йўлининг 4 К 319 километрларида ҳимоя зонаси ўқ чизиқларидан ҳар иккала томони 50 метрдан ҳисобланган.

Бўлажак бузилишга тушган юқоридаги 6 та хонадон кўрсатилган. “Мевазор” МФЙда жами 5 та турар ва 1 та нотурар жой “Эсат” МФЙда 1 та турар жой бинолари бориб ўрганилганида бузилишга тушганлиги аниқланди. Бу ҳақда туман ҳокими қарорига асосан махсус ишчи гуруҳ тузилиб туман ҳокими ўринбосарлари А.Сафаров ва О.Тиловов бошчилигида бир қатор мутасаддилар туман собиқ ҳокими Ж.Бобоев томонидан чиқарилган қарор ижросига киришишган.

Бундан ташқари, фуқароларнинг туман комиссиясига Тошкент шаҳар “OLIMP BAXOLASH VA EKSPERTIZA MARKAZI” мустақил баҳолаш жамиятининг Яккабоғ туман филиали томонидан жойнинг ўзига бориб тегишли ҳужжатларга асосан бугунги кундаги (2015 йил назарда тутилаяпти) ҳолати инобатга олиниб, мулк баҳоланган. Мазкур ҳолатларнинг барчаси қонун доирасида туман ҳокими қарори асосида амалга оширилган.

Бузилди, аммо нега ҳалигача зарар қопланмади?

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишингизни лозим деб топдик. Уйлар бузилиши қонуний йўл билан амалга оширилган бўлса-да, уй эгаларига етказилган ҳам моддий, ҳам маънавий зарар бугунга қадар тўлиқ тўлаб берилмаган. Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, тўрт йил давомида туман ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга етказилган зарар миқдорини тўлаб берилишини сўраб ёзган аризалар сони ошиб бораяпти. Бу орада Яккабоғ тумани ҳокими ва ўринбосарлари “халққа қоп-қоп ваъдаларни” берганча ўз лавозимларини тарк этиб ҳам кетишди. Аммо, аҳвол ҳануз ўша-ўша.

Икки қаватли уйнинг нархи бугун қанча?

Уйи бузилганлар орасида бузилиш ишлари учун белгиланган нарх-наводан норозилар бор албатта. Жумладан, эндигина қуриб битказилган янги ҳовли жойи 201.000000 (икки юз бир миллион) сўмга баҳоланган Алиқул Раҳимов шундай дейди: – Биласизми, ўзингизга уй қургунингизга қадар не-не орзуларни қалбингизда тўясиз. Шу уйни кичик ватан деб биласиз. Энди, ватанидан айрилган бир инсонни ҳолатини кўз олдингизга келтираверинг. Президентимиз – Уйи борнинг ўйи йўқ, деб бежизга айтмаганлар. Орадан шунча йил ўтиб баҳоланган ўша суммага ҳам рози эдик, лекин шуниям раво кўришмагани алам қиларкан. Шу ташвишнинг ортидан кексалик билан бирга касаллик ҳам орттириб олдим. Қадимгилар бекорга мол аччиғи-жон аччиғи дейишмаган экан.

Хўш, мутасаддилар нима дейди?

Мурожаат юзасидан Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Тугмаев билан боғландик: – Ҳозир сизга ўн дақиқада бу масала бўйича жавоб бераман. Бу анча “эски” мавзу. Ўзи шуни ёзиш шартми? Мурожаатчиларнинг пули тўлаб берилади, албатта.

Ўн дақиқалик ваъда ва “Эски мавзу”

Аммо, не тонгки, ўша ваъда берилган 10 дақиқанинг келишини нақд бир ҳафтадан ошиқ кутдик. Кейинги сафар боғланганимизда эса, масала билан боғлиқ мутасаддилардан жавоб бўлмади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Наҳотки, фуқароларнинг мурожаати йиллар ўтиб “эски” мавзуга айланса? Ўша “эски мавзу”ларга ечим топилса-ку майли, лекин “пуллар” наздимизда ҳали-бери эгаларига тўлаб берилмаса керак. Ёхуд, бундан Яккабоғ туман ҳокимлиги ҳам манфаатдор-ми?

Дилшод Набиев,
Муқаддас Исмоилова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Учта ҳоким, бир муаммо: ечим қани? Яккабоғлик фуқаролар улардан нега норози?