
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритилади.
Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилади:
224-модданинг (Жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушлаб туриш тартиби) матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ушбу Кодекснинг 221-моддасида (Ушлаб туриш асослари - таҳ.) кўрсатилган асослардан биттаси мавжудлигини бевосита кўриб ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа қуйидагиларга:
1) гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдиришга;
2) гумон қилинувчидан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилишга;
3) ушлаётган шахсга ўзини таништиришга ва ушланаётган шахснинг талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишга;
4) ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтиришга;
5) ушлаб турилган берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдиришга мажбурлар.
Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув қилишга ва олиб қўйиш ўтказишга ҳақлидир. Шахсий тинтув ёки олиб қўйиш ўтказиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳузурида тузилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилиши шарт.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган процессуал ҳаракатларни ўтказишнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳолларида, уларни видеоёзув орқали қайд этилмасдан ўтказишга йўл қўйилади. Ушбу қоида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган биносида ўтказиладиган ушлашга татбиқ этилмайди.
Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолларда ички ишлар органи ходими ёки бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсни яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувни қўлланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқлари мажбурий тартибда тушунтиради. Видеоёзув уни намойиш қилиш орқали ушлаб турилган шахсга таништириш учун тақдим этилади.
Шахсни яланғочлаш билан боғлиқ шахсий тинтувни видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланади.
Процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида баённомага ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага қўшиб қўйилади.
Агар ушланган шахс иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса ёхуд мастлик, гиёҳвандлик ёки бошқа ҳолатларга кўра ўзининг ҳуқуқлари тушунтирилишини тўғри англашга қодир бўлмаса, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари унга таржимон (зарур ҳолларда) ва (ёки) унинг қонуний вакили ёки яқин қариндоши иштирокида биринчи сўроққача тушунтирилиб, бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади.
Ваколатли шахслар ва фуқаролар қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турганлик ёхуд ушлаш вақтида ваколатлари доирасидан четга чиққанлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.
Ушбу қисмнинг амалдаги таҳрири қуйидагича:
“Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асослардан биттаси мавжудлигини бевосита кўриб ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа, гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдиришлари ва ундан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.
Шу билан бирга, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, шунингдек у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шарт. Бунда ушлаётган шахс ўзини таништириши ва ушланаётган шахснинг талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.
Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув қилишга ва олиб қўйиш ўтказишга ҳақлидир. Шахсий тинтув ёки олиб қўйиш ўтказиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳузурида тузилиши мумкин.
Ваколатли шахслар ва фуқаролар қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турганлик ёхуд ушлаш вақтида ваколатлари доирасидан четга чиққанлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар”. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар