15:16 / 16.03.2020
9 648

Коронавирус: карантинда ишга чиқмаганларга ойлик маош тўланадими, болалилар ишга чиқадими?.. Ўзбекистон аҳолисини ўйлантираётган 7 саволга 7 жавоб

Коронавирус: карантинда ишга чиқмаганларга ойлик маош тўланадими, болалилар ишга чиқадими?.. Ўзбекистон аҳолисини ўйлантираётган 7 саволга 7 жавоб
Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. 16 март куни ҳолатига коронавирус билан касалланганлар сони 6 нафарни ташкил қилид. Ҳукумат вирус тарқалишининг олдини олишга доир тегишли чора-тадбирлар кўришни бошлади. Ушбу инфекция қай даражада хавфли бўлмасин, уни енгишда хотиржамликни сақлай билиш муҳим.

Ижтимоий тармоқларда коронавируснинг Ўзбекистонга кириши билан боғлиқ юзага келган вазият юзасидан саволлар муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz ана шу саволларга мутасаддилардан жавоб топишга ҳаракат қилди.

1-савол. Карантинда ишга чиқмаганларга ойлик маош тўланадими, болалилар ишга чиқадими?
Меҳнат кодексининг 219-моддасида ходимнинг ўз ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солаётган ишни бажаришни рад этиш ҳуқуқи таъминланган. Фақат бу ҳақда дарҳол иш берувчига хабар қилиш керак. Иш берувчи буни текшириб, тасдиқлангач, бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Демак, агар ишхонада зарур хавфсизлик чоралари кўрилмаган бўлса, ишга бормаслик мумкин, бу вақтда ўртача ойлик сақланади.

Нафақа ҳам тўланади

Меҳнат кодексининг 285-моддасида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ҳақида сўз боради. Унга кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан, турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Болалилар ишга чиқадими?

Ҳозир кўпчиликни шу савол ҳам қийнамоқда. Яъни боғча-мактаблар ёпилди, ишлайдиган ота-оналар нима қилади? Боласини кимга ташлайди, ишга бормаса ҳам бўладими?

Қонунчиликка кўра, карантинда болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин 14 календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Карантинда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.

Демак, шу варақани олиб, ишга бормаслик мумкин. Бунинг учун Меҳнат кодексига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи сақланиши керак.

2-савол. Карантин сабабли озиқ-овқат тақчиллиги бўлмайдими?
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан аҳолида туғилаётган савол бўйича баёнот берди.

Озиқ-овқат саноатида 12 мингдан зиёд корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бугунги кунда ушбу корхоналар ўз режимида ишламоқда, деб хабар берди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ахборот хизмати.

Қайд этилишича, корхоналарнинг аксариятида иш 1 сменада ташкил этилган ва қувватларнинг 70 фоизидан фойдаланилмоқда. Уларда яна қўшимча 30 фоиз қувватни ишга солиш ва ишни 2 сменада йўлга қўйиш имкониятлари мавжуд экани айтилади.

Таъкидланишича, мамлакатда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча хом ашё юртимизда етиштирилади. Четдан какао ва қаҳва донлари, цитрус мевалар каби маҳсулотлар импорт қилинади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари етишмай қолиши ҳақидаги гаплар асосли эмас

Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, мамлакатда озиқ-овқат захираси етарли, ваҳимага ўрин йўқ.

«Ҳамма ер ёпилган бўлса, уйда ўтирадиган бўлса, тезда озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишимиз керак. Эртага Ўзбекистоннинг ҳамма чегараси ёпилади, шу билан озиқ-овқат етмайди», деган хавф борми? Табиийки, бундай хавф йўқ.

Ўзбекистон Республикаси ўз халқини боқа олиш имкониятига эга», – деди Солиқ қўмитаси раиси.
Унинг таъкидича, маҳсулотлар етишмаслигига асоснинг ўзи йўқ.

«Табиийки, захира ҳар доим бўлиб келган. Ҳам молиявий томондан, ҳам озиқ-овқат томонидан. Шунинг учун бозорда шакар маҳсулоти, гўшт маҳсулоти етишмаятими, захирадан чиқарилади. Лекин етишмаслигига асоснинг ўзи йўқ.

Коронавирус дунё бўйича икки ойдан бери юрибди. Лекин бозорда бирорта маҳсулотнинг етишмовчилиги бўлдими? Бирор бир маҳсулот нархи ошдими? Йўқ. Бундай кейин ҳам шундай бўлиб қолади», – деди Беҳзод Мусаев.

Маҳсулотларнинг нархи сунъий равишда оширилмайдими?

Давлат солиқ қўмитаси раиси нархлар сунъий равишда оширилишига йўл қўйилмаслигини алоҳида қайд этди.

«Қўштирноқ ичидаги айрим тадбиркорларда фурсатдан фойдаланиб олай деган фикр бўлиши мумкин. Бундай тадбиркорлар жуда чуқур мониторингга олинади. Агар халқни жипслашадиган, ҳамма тинч бўлиши керак бўлган жараёнда шундан фойдаланиб, нархларни кўтариб оладиган бўлса, табиийки, асоссиз нарх кўтариш эвазига олинган даромадига нисбатан солиқ назорати, солиқ мониторингини ўрнатамиз», – деди Мусаев.

У нархни сунъий равишда оширган тадбиркорлар жиноий жавобгарликка тортилишини таъкидлади.
«Бош вазир аниқ айтдилар: бундай тадбиркорлар жиноий тадбиркорликка тортилади.

Бир саволни кўтардилар: шу даврда ҳақиқий тадбиркор бўлса, ўзини қандай тутиши керак? Аксинча, бундай даврда халқни тушуниб, нархни ўзгартирмаган ҳолатда маҳсулотини кўпроқ бозорга етиштириб, бозордаги ваҳиманинг олдини оладиган одам – ҳақиқатда инсонпарвар, ватанпарвар тадбиркор бўлади.

Лекин дарди фақатгина пул топиш бўлиб, халқни қийнаш эвазига ёки халқнинг қўрқувидан фойдаланиб, пулимни топаман, дейдиган тадбиркор бўлса, унга қонунда етарли меъёрлар бор. Шу билан биз курашамиз.

Олдинги ҳафта, ой, йил сотилган ҳамма нархлар, фактуралар қўлимизда бор. Ҳаммасини, ҳамма товар позициясини бирма-бир солиштириб чиқамиз. Кимки нархини кўтарадиган бўлса, у билан манзилли ишлаймиз», – деди Солиқ қўмитаси раиси.

У истеъмолчилардан ваҳимага тушмасликни сўради.
«Битта нарсани истеъмолчиларимиздан, ўзбек халқидан илтимос қилиб айтиш керакки, ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ.

Солиқ органлари назоратни тўлиқ амалга оширади. Нафақат солиқ органлари, бош вазир томонидан аниқ топшириқ берилди – прокуратура, солиқ органлари биргаликда ишчи гуруҳларини тузиб, ҳар бир деҳқон бозори, савдо субъектида назорат тадбирлари, рейд тадбирларини амалга оширамиз.

Бунинг асосий мақсади нима? Кечаги сотилаётган нархдан бугунги нархнинг ҳеч қандай фарқи бўлиши керак эмас», – деди у.

Шу ўринда айтиш керак бўлган муҳим жиҳат бор. Нархлар ошишига халқимизнинг ўзи сабабчи бўлиб қолиши ҳам мумкин. Чунки коронавирус ҳақидаги хабарлар тарқалгач, аҳоли озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлай бошлади.
Ўзбекистонда бошқа давлатлардаги сингари озиқ-овқат масаласида муаммо йўқ, захирамиз етарлича. Буни расмий вакиллар ҳам маълум қилди.

Шундай экан, асосий эътиборни хотиржамлик, гигиена қоидаларига амал қилишга қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди.

3-савол. Ўзбекистондаги бозорлар ёпиладими?
Республика бўйича бирорта бозор ёпилмайди. Ҳаммаси қандай иш режимида ишлаётган бўлса, шу иш режимида давом эттиради.

«Нарх-наво ошишига нималар сабаб бўлади? Бу – ваҳима, қўрқув. Эртага уйимда ҳеч нарса қолмайди, шунинг учун 6 ойлик, керак бўлса, айрим ҳолларда 1 йиллик, йўқ деганда 3 ойлик маҳсулотларни йиғиб қўяйлик, деган ваҳима бозорда маҳсулотларнинг камайиб кетишига олиб келади ва натижада нима бўлади? Табиийки, нарх-наво ошиб боради», – дейди Беҳзод Мусаев.

У чакана савдо соҳасидаги икки йирик тармоқ раҳбарлари билан гаплашганини айтди.

«Бош вазир йиғилишидан кейин шахсан ўзим республикадаги 2та катта тармоқ, бири Korzinka бўлса, иккинчиси Makro`нинг раҳбарлари билан гаплашдим. Ҳақиқатда уларнинг бугунги мониторинги одам кўплигини кўрсатяпти. Гуруч борми, мева-сабзавотлар борми, гўштми – ҳаммасини олишни ҳаракатига тушишган. Бу – ваҳима касали.

Битта нарсани аниқ айтишим керак: эртага шу одамлар бозорга боради. Республика бўйича бирорта бозор ёпилмайди. Ҳаммаси қандай иш режимида ишлаётган бўлса, шу иш режимида давом эттиради.

Авваламбор, бозорларимизда маҳсулот мўл-кўл. Буни ҳамма билади. Бунга бутун дунёда бизга ҳавас қилади. Ана шу мўл-кўл маҳсулотлар турган жойида йиғиб қўйиб, 5 литрлик ёғ бир оилага 3 ойга етади. Лекин ҳозир 5та 5 литрли ёғни олиб қўйишнинг нима кераги бор?

Иккала тизим раҳбари ҳам маҳсулотларимизнинг етарли даражадаги захирасига эга эканини айтди. Маҳсулот сотилишига қараб, пештоқларни тўлдириб борамиз. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деди», – деб таъкидлади Солиқ қўмитаси раҳбари.

4-савол. Карантин сабабли маҳсулотлар импорти тўхтатиладими?
Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев импортдан келадиган маҳсулотларга ҳеч қандай чеклов йўқ эканини маълум қилди.

«Korzinka савдо тармоғининг раҳбари менга масала кўтардики, пештахталардаги айрим маҳсулот турлари импортдан келади. Уларга чеклов бўлмайдими деди. Россия, Қозоғистон, ғарбдан келадиган импорт маҳсулотлари кўп. Импортдан келадиган маҳсулотларга ҳеч қандай чеклов йўқ.

Бу бўйича ҳозиргина Давлат божхона қўмитаси раиси билан биргаликда мулоқот қилдик. У ҳам ҳамма чегара постларини масофадан назорат қилиш имкониятига эга. Унинг айтишича, республикага кириб келаётган бирорта озиқ-овқат маҳсулотлари тирбандлиги, санитар назорат сабабли ортиқча вақт ушланиб қолиши ҳолатлари йўқ», – деди Беҳзод Мусаев.

5-савол. Вилоятлардаги шифохоналар коронавирус касаллигига қарши курашишга тайёрми?
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов вилоятлардаги ҳар битта шифохонада дезинфекция, индивидуал ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар захираси яратилгани, ҳар бир шифохонада юқори компетенцияга эга мутахассислар мавжуд эканини айтди.

“Барча вилоятларда юқори компетенцияга эга, яъни ўқитилган мутахассисларимиз мавжуд. Бундан ташқари, санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг вилоятларда коронавирус тарқалиши эпидемиясига қандай чек қўйиш кераклигини биладиган мутахассислари бор. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда биз тайёргарлик жараёнларини ўрганиб чиқдик ҳамда мутахассисларимизни ўқитиб, тайёрладик. Шунингдек, вилоятлардаги ҳар битта шифохонада дезинфекция, индивидуал ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар захираси яратилган ҳамда пухта тайёргарликлар кўрилган“, деди Алишер Шодмонов.

6-савол. Карантин вақтида Ўзбекистонда диний маросимлар чекланадими?
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси мамлакатдаги диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат билан чиққан.

Ўзбекистон бош вазир Абдулла Арипов барча диний ташкилотларга диний йиғинларни вақтинча ўтказмаслик бўйича илтимос билан мурожаат этилганини маълум қилди.

«Яна битта масала бор, илтимос қилмоқчимиз, тавсия қилмоқчимиз. Диний идоралар томонидан ҳам турли диний маросимларни чеклаш масаласи кўриб чиқилишини илтимос қилмоқчимиз.

Фақат мусулмонлар идорасидан эмас, ёки фақат христианлар идорасидан эмас, барча диний конфессиялардан илтимос қилмоқчимиз.
Европадаги барча мамлакатларда, Осиёнинг кўплаб мамлакатларида диний маросимларни чеклаш бўйича қарорлар қабул қилиняпти.
Биз бундай қарор қабул қилмаймиз. Шундай тавсиямиз билан мурожаат қилиб чиқдик, кўриб чиқилади деган ниятдамиз.
Чунки бу уларнинг ҳам зиммасига тушган синов», деган бош вазир.

7-савол. Коронавирус сабаб тўйлар ўтказилишига чеклов қўйиладими?
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 15 март куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан киритилаётган қатор чекловлар тўй маросимларига тааллуқли эмаслигини айтган.

«Тўйлар бўйича Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори бор. Ўша регламент асосида кетаверади. Лекин ана шу регламентга риоя қилинишига эътибор берамиз», – деди ҳукумат раҳбари.

Амалдаги тартибга мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, бу тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши иштирок этишига рухсат берилган.

Қоидаларни бузган фуқароларга БҲМнинг 10 баравари; тўйхона, кафе ва ресторанлар мансабдорларига 30 баравари миқдорида жарима белгиланиши кутиляпти.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Коронавирус: карантинда ишга чиқмаганларга ойлик маош тўланадими, болалилар ишга чиқадими?.. Ўзбекистон аҳолисини ўйлантираётган 7 саволга 7 жавоб