13:21 / 23.12.2021
2 071

Ўзбекистонда Янги йил куни қор ёғадими?

Ўзбекистонда Янги йил куни қор ёғадими?
Ўзбекистонда қор ёғиши камайиб боришига сабаб нима, Янги йил байрами куни қор ёғадими? Бу каби саволларга «Ўзгидромет» етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов ЎзАга берган интервьюсида жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, «Ўзгидромет» ўз ваколат доирасида уч муддатли об-ҳаво прогноз хабарларини ишлаб чиқади — қисқа, ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз хабарлари.

Қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогноз хабарлари келгуси 5 кунлик давр учун ишлаб чиқилади ва бунда прогноз хабарларида ёғингарчиликнинг турлари (ёмғир, қор, дўл) аниқ кўрсатиб ўтилади. 5 кундан кейинги кунлар учун ишлаб чиқиладиган прогноз хабарлар узоқ муддатли об-ҳаво прогноз хабарларига кириб, бунда ёғингарчилик ва уларнинг турларини аниқ бир кунда бўлиб ўтиши кўрсатилмайди. Бу каби прогноз хабарлар ойнинг ўн кунликлари ва айрим беш кунликлар учун ишлаб чиқилади. Унда ҳаво ҳарорати ва ёғингарчиликларнинг меъёрдан кўп ёки камлиги кўрсатиб ўтилади.

«Янги йил арафасида халқимиз Янги йил кечасини қандай об-ҳаво қаршисида кутиб олиши тўғрисидаги саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Янги йил арафалари, яъни 30—31 декабргача яна 8-9 кун бор ва бу кунлар учун тузиладиган об-ҳаво прогнозлари узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлар сарасига киради. ‘Ўзгидромет’ ваколат доирасида узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларида аниқ муддат учун ёғингарчилик бўлиши кўрсатиб ўтилмайди.

Аммо метеоролог сифатида, атмосферадаги ҳаво оқимлариининг ҳаракатини синчков таҳлил қилган мутахассис сифатида 30—31 декабрь кунлари республикамизда ёғингарчилик кутилмайди. Демак, республика аҳолиси байрамни қорли об-ҳавосиз кутиб олиши мумкин
», — деган Эркин Абдулаҳатов.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда қиш мавсумида қор ёғиши учун шимол ва шимоли-ғарбдан совуқ ҳаво оқимлари тез-тез республика ҳудудларига кириб келиши керак бўлади.

«Бошқача айтганда, бизнинг минтақада айни шу ҳаво оқимларидан қор ёғади. Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида совуқ ҳаво оқимларининг республика ҳудудларига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан нақд икки баробарга камайган. Бунинг натижасида, 2016 йилдан бошлаб, қишда ёғиб ўтган қорлар давомийлиги ва ерда ҳосил бўлган қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолатлари кескин камайиб кетди. Бир сўз билан айтганда, қиш мавсумида илиқ қиш кунлари сонининг ортиши кузатилмоқда», — деб қайд этган «Ўзгидромет» етакчи мутахассиси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аҳолиси 2021 йил кириб келишини ҳам, 2020 йилни ҳам қорсиз кутиб олганди. Сўнгги йилларда энг қорли кун 2007 йилнинг биринчи куни бўлган. Қор Янги йил арафасида бошланиб, 1 январда бутун кун давомида ёғишда давом этган.

Тошкентда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг паст ҳарорат 1889 йилнинг Янги йил кечасида кузатилган бўлиб, 28 даража совуқ бўлган. Охирги 50 йил ичида Тошкентда бундай паст ҳарорат кузатилмаган ва бу даврда энг совуқ 1991 йил 1 январга ўтар кечаси бўлиб, Тошкентда ҳарорат 13 даража совуққача пасайган.

Энг иссиқ Янги йил байрамлари 2009 йилдан 2010 йилга ва 2015 йилдан 2016 йилга ўтишда кузатилган бўлиб, кундузги ҳарорат 31 декабрда ва 1 январда 18—19 даража иссиқ бўлган.

Маълумот учун, Ўзбекистон аҳолиси келаётган Янги йилда кетма-кет 5 кун дам олади. 2021 йилги Янги йил тантаналари бу гал Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ қисмида, Қибрай туманида жойлашган «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтади. Бу ерга ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Дўстлик» метро бекатидан боғга қадар бепул қатновчи автобуслар йўлга қўйилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда Янги йил куни қор ёғадими?