date

Эпштейннинг Лондондаги махфий уйлари: қурбонлар изи очилмоқда

Эпштейннинг Лондондаги махфий уйлари: қурбонлар изи очилмоқда

АҚШда жинсий жиноятларда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн фаолиятига оид янги тафсилотлар ошкор бўлмоқда. BBC суриштирувига кўра, у Британия полицияси томонидан текширув бошланмаган даврда Лондон марказида бир нечта квартираларни ижарага олиб, улардан ноқонуний фаолиятида фойдаланган.

Журналистлар Кенсингтон ва Челси каби нуфузли ҳудудларда жойлашган камида тўртта хонадонга оид далилларни аниқлади. Ушбу жойларда асосан Россия ва Шарқий Европадан келган аёллар яшаган бўлиб, уларнинг айримлари кейинчалик Эпштейннинг жинсий зўравонлик қурбони бўлганини маълум қилган. Айрим ҳолатларда эса аёллар бошқа қурбонларни жалб қилишга мажбур этилгани айтилмоқда.

Маълумотларга қараганда, бу квартиралардан фойдаланиш ва аёлларнинг “Eurostar” орқали Парижга қатновлари Эпштейн 2019 йилда АҚШда ҳибсга олингунига қадар давом этган. Ҳужжатларга кўра, у 2011–2019 йиллар оралиғида камида 50 дан ортиқ темирйўл чипталарини харид қилган.

Суриштирувда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилган: Скотленд-Ярд Эпштейнга нисбатан текширувни 2015 йилдаёқ бошлаш имкониятига эга бўлган, аммо бу амалга оширилмаган. Кейинчалик мурожаат қилган аёлларнинг аризалари ҳам жиддий кўриб чиқилмагани таъкидланмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур ҳолатни кескин танқид қилмоқда. Уларнинг фикрича, ҳуқуқ-тартибот органлари одам савдоси ва зўравонлик ҳолатлари бўйича ўз вақтида чора кўрмаган.

Шу билан бирга, “The Telegraph” нашри АҚШ Адлия вазирлиги Британияда олиб борилаётган айрим текширувларга тўсқинлик қилаётганини ёзди. Айниқса, айрим сиёсий шахсларнинг Эпштейн билан эҳтимолий алоқалари бўйича далилларни тақдим этиш масаласи чўзилиб кетмоқда.

Айни пайтда Францияда ҳам Эпштейн фаолияти юзасидан янги терговлар бошланган. Мутахассислар эса бу иш халқаро даражада янада кенг кўламли текширувларни талаб қилишини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Эпштейннинг Лондондаги махфий уйлари: қурбонлар изи очилмоқда