Лифтда очилган сир (муҳаббат бекати) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Лифтда очилган сир (муҳаббат бекати)

Лифтда очилган сир (муҳаббат бекати)

— Уфф, яна шу бола билан тўқнаш келдим-а, — Зебо ҳамкасби Шуҳратни кўрганида негадир жаҳли чиқиб кетарди. Гарчи улар ишлайдиган корхонада кўп қизлар бу йигитга ҳавас билан қарашсада, Зебо уни кўрганида нимагадир ўзини олиб қочарди. Доим дазмолланган костюм шим, бўйинбоғда юрадиган, гапирганида виқор билан сўзлайдиган бу йигит, шу корхонада ҳисобчи ёрдамчиси. Зебо эса компютерда матн терувчи бўлиб ишларди. Корхона ноширлик фаолияти билан шуғулланар, ўн қаватли бинода асосан ёшлар ишлар эди. Хуллас, Зебо нимага Шуҳратни ёқтирмаслигини ўзи ҳам билмайди, лекин кўриб қолса салом ҳам бермай тескари қараб олади. Ишхонадаги қизлар эса нуқул шу йигитни ғийбат қилишгани қилишган.У қизларни кўп алдайди, ўтган ҳафта уни Зилола билан кўришган экан, бу ҳафта Ҳилола билан кўришибди. Бугун эса Зебо ишга кеч қолди-ю, шошилиб лифтга ўзини урди. Лифтга чиқаётганида кўрди, Шуҳрат унинг учун лифтни атай ушлаб турибди.

-Ҳа, Азимхонова, ишга кеч келдингиз-а?

-Ассалому алайкум, шунақа бўлиб қолди.

-Шунақа бўлиб қолмади, сиз кеча ҳам кеч келгансиз.

-Сизга нима сиз менга бошлиқмисиз? — Зебо қизара бошлади.

-Насиб қилса бошлиқ ҳам бўламиз.- Йигит ишонч билан гапирди.

-Ҳеч қачон. Жуда кеч қолганимга жаҳлингиз чиқса мукофот пулидан олиб қоларсиз.

-Мукофот пулинимас-у, яхшилаб хушомад қилсангиз ўзингизни олишимиз мумкин.

-Тавба. Нимасига хушомад қиларканман? Бўйинбоғини қаранглар,- қиз энди эшиттириб гапирди. Лифт айтилган қаватга чиқдию, лекин эшик очилмади.

-Чироқ ўчди, энди менга хушомад қилишга бемалол вақтингиз етади.- йигит қиз ўйлаганидан ҳам сурбетроқ экан.

Зебо қўрқиб кетди, чироқ қачон келадию, қачон бу ердан чиқади.

-Қўрқманг, мен сизга мухаббат изҳор қилмайман.- йигит жиддий гапирди.

-Вой мен сизга бирор нарса дедим-ми?

-Ҳа энди, ўзингизча лифтдан чиққандан кейин ҳамкасб қизларга Шуҳрат акамга мен ёқарканман деб юрмангда.

-Бўлди ҳаддингиздан ошманг.- Зебо жаҳли чиққанини билдириб қўйиш учун жаҳл билан гапирди.

-Жаҳл қилсангиз янаям чиройли бўлиб кетаркансиз. Битта саволимга жавоб беринг шунда бошқа гапирмайман. Нимага сиз мендан ўзингизни олиб қочасиз, бу менга бефарқ эмаслигингизданми ёки ёмон кўрганингизданми?

-Нимага олиб қочарканман, ҳечамда. Кейин ким айтди сизга бефарқ эмас деб. Мени сиз билан умуман ишим йўқ.

-Бўлмаса нимага кўзимга тик қараб гапиролмайсиз? Мен қизларни яхши биламан. Ҳамкасб қизларингиз мен ҳақимда нима дейишларини ҳам биламан. Зилолани алдаб кейин Ҳилолани алдаяпти деяпсизлар-а?

Зебо йигитнинг топиб гапирганидан кулиб юборди.-Вой ким айтди сизга?

-Бошқалар билмасаям сиз билиб қўйинг, мен алдамайман. Қизларнинг ўзлари алданишни ҳоҳлашади. Улар ёлғонни яхши кўришса, мен нимаям қилолардим. Зилолангиз ҳам Ҳилолангиз ҳам менинг дидимга умуман ўтирмайди. Ўзлари хат ёзавергач, хафа бўлишмасин деб, мен ҳам жавоб ёздим холос.

-Ҳмм, Зебо нимагадир хурсанд бўлиб кетди.- Йигит суҳбатлари қовушаётганидан хурсанд қиз ҳам энди эркинроқ суҳбатлаша бошлади.

-Биласизми Зебо, кўп кузатганман. Дугоналарингиз кўп ёлғон гапириб рухсат сўрашади-да, кейин кўчада ким биландир учрашишади. Кейин ишхонада телефонда гаплашишни яхши кўрадиган кун бўйи интернет тармоғидан бўшамайдиган ишчиларимиз ҳам бор. Лекин сизнинг ёнингизга кимдир келганини ҳеч кўрмадим. Нима йигитингиз йўқми?

-Нимага экан бор, шунчаки мен ҳаммага кўз-кўз қилишни ёмон кўраман.

-Сиз ёлғон гапиришни уддалай олмайсиз. Агар ростини айтмасангиз, бу қалъадан чиққандан кейин Зебони ўпиб олдим деб гап тарқатаман.

-Аҳмоқ, безбет мен ўйлагандан ҳам бетгачопар экансизк-у?

-Яхшиси, сиздан бошқани ўйламаганман деб ростини айтиб қўяверинг.

Йигит ҳам қиз ҳам бу тортишувлар уларнинг қалбидаги сирларини ошкор қилиб қўяётганини сезмай гап ташлашда давом этишарди.Оёғингиз оғриб қолгандир йигит чўнтагидан рўмолча олиб ерга солдида ўтиринг деб илтифот қилди. Бу шароитда бундан ортиғига кучим етмайди. Тўйдан кейин майли кўтариб оламан.

-Ўтираверинг, менга раҳмингиз келмасин.

Ўтираман ҳам. Йигит ортиқча такаллуф қилмай ўтириб олди. Зебо ҳақиқатдан ҳам чарчаганди. Ноилож лифтнинг иккинчи бурчагига рўмолча солиб ўтирди.

-Қорин ҳам очди. Сизда мабодо нон пон йўқми йигит қизнинг сумкасига термулиб қараркан Зебо беихтиёр кулиб юборди.

-Бор, бор мана. У сумкачасидаги бутербродларни олиб бирини йигитга узатди.

-Шу қизларнинг сумкасига роса қизиқаманда қани берингчи нималар бор?

-Йўқ, бу менинг шахсий буюмларим. Сизга қизиқ нарса йўқ бу ерда.

-Ҳа, таъқиқланган нарса қизиқ деган гап эшитмаганмисиз? Шуҳрат қизнинг сумкачасини тортаётганди Зебо жон ҳолатда сумкага ёпишди. Лекин йигит бу вақтда сумка ичидаги ёндафтардан тушган ўзининг суратини кўришга улгурди. Зебо эса уятдан қип- қизариб кетди. У сумкага қўшилиб ўзининг сири очилганидан уялиб кетди.

-Ана лифтдаги қаҳрамонлар иш вақтида овқатланиб ўтиришибди- лифт очилиб уларни ҳамкасблари Анвар ака кулиб қарши олди. Боядан бери ёпиқ турган эшик эса икки дил қулфига калит бўлиб уларнинг кўнгилларидаги ардоқлаган сирларини очганди.

Зуҳра РЎЗИЕВА

Манба: diydoraziz.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru