Иккинчимас, биринчи ва ягона бўлинг! » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Иккинчимас, биринчи ва ягона бўлинг!

Иккинчимас, биринчи ва ягона бўлинг!

Орзуларни бой берманг!

Қиз бола борки, кичиклигидан келин бўлиш орзусида яшайди. Бу мақомнинг қанчалик қадрли эканлиги болалигимиздан уқтирилса керак-да! Аввалига қўғирчоқларимиз келинсалом қилади, кейин ўзимиз “келин-келин” ўйинларини ўйнаймиз. Тўю томошага борганимизда ял-ял ёнаётган келинчакка ҳавас билан қараймиз. Ҳали оила нима, бахт нима, тушунмаймиз-у, ички бир туйғу билан ҳар бир аёл ҳаётидаги энг бахтли кун – оппоқ келинлик либосини кийган онлар эканлигини англаймиз. Жон қизларжон, келинлик либосидек оппоқ орзуларингизга доғ туширманг!

Ёр-ёр садолари сизга ҳам насиб этсин!

Нега қиз бола ота уйини тарк этаётганида «Ёр-ёр» айтишади. Эзгу ниятлар жо бўлган куй садолари фақат хонадонда тўй бўлаётганидан далолатми? Йўқ! Сизга бахт тилашаяпти, йиллар давомида асраб-авайлаб улғайтирган жигарпорасини ёруғ юз билан катта ҳаётга яхши тилаклар билан кузатишаяпти. «Севаман! Сени кеч учратдим, хотинимда кўнглим йўқ», дея юрагингиз лаққа тушадиган, ақлингиз эса ақли бўлганда ишонмайдиган ёлғонларга учиб, момомерос «Ёр-ёр»дан ўзингизни мосуво қилманг!

Муҳаббат деб йўлдан адашманг!

Севдингиз, севилдингиз. Бироқ кўнгил қўйганингиз тақдирнинг ўйиними, ота-онасининг талабими (унинг ўзига қўйиб берсангиз, миллионта баҳонаси тайёр), сизга эмас, ўзгасига уйланди. Лекин хаёлингиздан кетмаётганидек ҳаётингизни ҳам тарк этмаяпти. Қисматнинг бу битиги муҳаббатни яксон қилмаслиги учун «жасорат» кўрсатмоқчи «ошиғингиз». Кўнгилга қарши бормоқ қийин, тушунамиз. Бир танингизга ўйланг. Аввало чиндан севган инсон сизни бахтли қилмоқ учун ҳар қандай тўсиқни энга оларди, кўз очиб кўргани сиз бўлардингиз. Кўзингизни очинг, «Яхши кўраман, бошқа йўлимиз йўқ», деб, ҳиссиётларга қурбон бўлманг

Гап-сўзларга қолманг!

«Одамлар бир кун гапиради, икки кун гапиради, кейин…», деб калта ўйламанг! Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳеч ким сизни бир саёқ эркакнинг тузоғига тушган бечора мусича дебмас, бир оила хўжайинининг бошини айлантириб олган энгилтак деб атайди. Тўхтанг, ҳозироқ бу йўлдан қайтинг, токи пешанангизга қора тамға босилмасин.

Худбинлик қилманг!

Бир эркакнинг кўнглига йўл топиб эришган «бахт»ингиз аслида бир аёлнинг бахтига чанг солишмасми? Биринчи хотин эрининг зуғумидан қўрқиб, сочингизни юлмаса-да, жанжал қилиб шармандангизни чиқармаса-да, умр бўйи сизни қарғаб ўтиши аниқ. «Кундошлик ошни ит ичмас», дейдилар, бировнниг ошига қўл узатиб, кўз ёшлар уволига қолманг.

Ота-онангиз юзига оёқ босманг!

Волидангиз сизни икки олам ўртасида туриб, дунёга келтирди. Падарингиз «Орим шу, борим шу қизим», дея эр кўкка ишонмай улғайтирди. Ўткинчи ҳавас, бир бебурднинг ва`далари, муҳаббат деб ўйлаган ёлғон ота-онангизнинг бошини эл ичида эгишингизга наҳот арзиса? Қўйинг, бу савдони, токи отангиз сиздан юз ўгирмасин, онангиз тилини тишлаб яшамасин, ака-опа, ука-сингилларингиз сиздан ор қилишмасин.

Бахт деганлари бутун бўлади. Ярим бахт — бахт эмас. Ёхуд кимнингдир бахтини тортиб олиб, ўзники қилиш мумкинмас. Ўз бахтингиз — жуфтингизни топинг!

Манба: Mulohaza.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru