23:49 / 07.05.2024
493

Путин тактик ядро қуроли билан машғулот ўтказишни буюрди. Бу нимани англатади?

Путин тактик ядро қуроли билан машғулот ўтказишни буюрди. Бу нимани англатади?
Виталий Невар / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
Россия мудофаа вазирлиги Бош штаб президент Владимир Путиннинг топшириғига кўра яқин вақтлар ичида Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари ва Ҳарбий-денгиз флот кучларининг ўқув машғулотларини ўтказишга тайёргарлик кўришни бошлаган: унда «ностратегик ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш масалалари» (тактик деб ҳам аталади)ни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Хабарда айтилишича, машғулотлар «ғарблик расмий шахсларнинг провокацион баёнотлари ва таҳдидлари»га жавобан тайёрланмоқда ҳамда «яқин вақтлар ичида» ўтказилади. Айнан қандай баёнот ҳақида гап кетаётганига хабарда аниқлик киритилмаган. Машғулотларнинг ўтказилиш жойи ҳақида ҳам хабар берилмаган.

Кейинроқ душанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков гап Франция президенти «жаноб Макрон, британ расмийлари» ва гўёки Украинага қуролланган контингент юбориш ниятлари ҳақида гапирган «АҚШ сенати вакиллари» ҳақида бораётганини айтди.

«Бу кескинлик кучайишининг бутунлай янги босқичи. Бу мисли кўрилмаган ҳолат бўлиб, алоҳида эътибор ва чора-тадбирларни талаб қилади», — дея Кремл вакилидан иқтибос келтирган «Интерфакс».

2024 йил феврали охирида Financial Times Россиянинг ўз журналистлари танишган махфий ҳужжатлари ҳақида хабар берганди: бу ҳужжатлар Россиянинг тактик ядро қуролларига алоқадор бўлган.

Мақолада келтирилишича, Россия уни қўллаши эҳтимоли амалда россиялик расмий шахсларнинг ошкора баёнотларидагидан анча паст ҳисобланади.

«Мутлақо ўринсиз» баёнот

Песковнинг душанба кунги баёнотига жавобан Қўшма Штатлар Москванинг «масъулиятсиз риторикаси»ни қоралади.

«Бу биз ўтмишда ҳам Россиядан эшитган масъулиятсиз риторика намунаси», — деди журналистларга Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер.

«Ҳозирги хавфсизлик ҳолати ҳисобга олинса, бу мутлақо ўринсиз баёнот», — дея қўшимча қилган генерал.

Шу билан бирга, Райдер Америка разведкаси «[Россиянинг] стратегик кучлари позицияларида ҳеч қандай ўзгаришлар»ни қайд этмаганини маълум қилди.

«Шубҳасиз, биз кузатишда давом этамиз», — дея хулоса қилган Пентагон матбуот котиби.

BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов: «Тактик ядро қуроли сиёсатчилар ва ҳарбийлар уни қўллашдан тортинмаслиги билан хавфли:

Ядро қуроли билан машғулот ўтказилиши фактининг ўзи хавотирли факт бўлолмайди — Россия мунтазам равишда тактик ядровий кучлари билан турлича манёврлар ўтказиб, қуролни қўллашнинг турли босқичларини машқ қилади — қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракеталарни жойлаштиришдан тортиб учиришгача. Стратегик ядро қуроли эса нисбатан кучлироқ ва даҳшатлироқ.

Стратегик ядро қуролидан фойдаланишнинг шарт-шароитлари ва оқибатлари ҳамма учун тушунарли, шу туфайли бундай ҳаракатлар кимнидир чўчитиши даргумон.

Тактик ядро қуроли, стратегик қуролдан фарқли равишда, сиёсатчи ва ҳарбийларда уни қўллашнинг «чекланган» эффекти туфайли нотўғри ҳиссиёт ҳосил қилиши мумкин.

Тактик ядро бомба ёки ракета мамлакатни вайрон қила олмайди ва ҳатто бирор катта шаҳарни ер юзидан супуриб ташлай олмайди. Ва бундай «чекланган қувват» ҳисси тактик ядро қуролини қўллаш чегарасини пасайтириши мумкин.

Аммо бошқа томондан — дунёда ядро қуролидан қўрқув шунчалик кучлики, унинг қўлланиши жуда жиддий сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин, бу «атиги» тактик каллак бўлса ҳам.

Икки йилдан ошиқ вақтдан буён Украинада вайронкор ва қонли уруш олиб бораётганига қарамай, Россия кўплаб мамлакатлар, масалан Хитой ва Ҳиндистон кабилар билан ҳамкорлик ёки дўстона муносабатларни сақлаб қолган. Ядровий қурол ҳатто машғулотларда қўлланиши ҳам бундай муносабатларни анча мураккаблаштириши мумкин.

Ядровий қуролларнинг бир хусусияти бор: у тийиб туриш воситаси бўлиб хизмат қилади, яъни уни қўллашмайди, ундан фақат таҳдид қилиш учун фойдаланишади.

Россия Украинадаги уруш даврида тактик ядро қуроли билан таҳдид қилишга улгурган — 2023 йил баҳорида у Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдамига жавобан Беларус ҳудудида тактик ядро каллакларини жойлаштирганди.

Ҳозирда эълон қилинган машғулотлар, Кремлнинг маълум қилишича, Франция ва Буюк Британия раҳбарларининг ўз мамлакатларининг Украинадаги урушга жалб этилиши борасидаги баёнотлари билан боғлиқдир.

Бу чиндан ҳам хавотирли, ишончли сигнал. Аммо ўтмишда бундай огоҳлантиришлар ғарб техникалари ва снарядлари Украинага етказиб берилишини тўхтата олмаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин тактик ядро қуроли билан машғулот ўтказишни буюрди. Бу нимани англатади?