14:32 / 07.05.2024
248

Исроил армияси Рафаҳга авиазарбалар берди

Исроил армияси Рафаҳга авиазарбалар берди
Фото: Getty Images
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига авиазарбалар берди. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот котиби Даниэль Ҳагарига таяниб, The Times of Israel хабар берди.

Ҳагарига кўра, 6 май куни Рафаҳ ҳудудида ҲАМАСга тегишли 50 дан ортиқ объект нишонга олинган. У зарбалар Рафаҳ шарқида ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда амалга оширилганини айтди. Авиазарбалар олдидан Исроил армияси Рафаҳнинг шарқий қисмидан тинч аҳолини эвакуация қилишга буйруқ берган.

Рафаҳ Ғазо секторидаги Исроил армияси амалиёт ўтказмаган сўнгги йирик аҳоли пунктидир. Исроил томонига кўра, ҲАМАС ҳарбий қанотининг йирик бўлинмалари Рафаҳда жойлашган. Шаҳарда операция ўтказилишига ЖССТ, БМТ, араб давлатлари қаршилик кўрсатган. АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Рафаҳдаги операцияни қўллаб-қувватламаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Исроиллик икки расмийга кўра, мазкур келишмовчилик фонида АҚШ Исроил армиясига қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатган. Бу Исроил ҳукуматида жиддий хавотирга сабаб бўлган, Оқ уй қурол етказиб бериш тўхтаганига муносабат билдирмаган.

ҲАМАС сулҳ таклифига рози бўлди

6 май куни ҲАМАС халқаро ҳамжамиятнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифини қабул қилди. ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания Қатар бош вазири ва Миср разведка бошқармаси бошлиғи билан телефон мулоқоти чоғида ташкилотнинг ўт очишга розилигини билдирган. Исроил Ғазо секторида сулҳ тузиш бўйича сўнгги таклифга ҲАМАСнинг муносабатини ўрганишни бошлади.

ҲАМАС жавоб берганини тасдиқлай оламан, биз ҳозир уни ўрганяпмиз ва минтақадаги ҳамкорларимиз билан муҳокама қилмоқдамиз. Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс ҳозир минтақада ва реал вақт режимида бу масала устида ишламоқда”, — дейди АҚШ Давлат департаменти вакили Метю Миллер.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил армияси Рафаҳга авиазарбалар берди