08:57 / 07.05.2024
373

Германия канцлери Ригада: Россиянинг ҳисоб-китоблари ўзини оқламади

Германия канцлери Ригада: Россиянинг ҳисоб-китоблари ўзини оқламади
Фото: Gints Ivuskans/AFP
Германия федерал канцлери Олаф Шолц Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолига қарши глобал бирдамликни илгари суришда давом этади. «Ушбу урушда ядро қуролидан фойдаланиш мумкин эмаслигини баланд овозда эълон қилиш ҳар доим муҳим», деди у 6 май, душанба куни Ригада Болтиқбўйи давлатларидан келган ҳамкасблари билан учрашувда. Унинг сўзларига кўра, бу июн ойида Швейцарияда ўтказиладиган тинчлик конференциясининг аниқ сигналларидан бири бўлиши керак.

Шу билан бирга, Шолц Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашдаги ҳисоб-китоблари амалга ошмаганини таъкидлади. Бу уруш Европани бўлиб, НАТОни заифлаштириш ўрнига, Украина ҳамкорларининг бирдамлигини мустаҳкамлади, дея қўшимча қилди немис сиёсатчиси.

Бундан ташқари, Шолц Европа Иттифоқида музлатилган Россия активларидан тушган маблағларни нафақат Европада, балки бутун дунё бўйлаб Украина учун қурол сотиб олишда фойдаланиш имкониятини кўриб чиқишга чақирди. Бу маблағлар қарийб 90 фоизини Украинанинг мудофаа эҳтиёжлари учун ишлатиш тўғрисида келишув мавжуд, аммо «уни Европадан сотиб олиш мажбурияти йўқ», деди у. «Чунки ҳақиқатда ҳозир энг муҳими, янги завод қурилиши эмас, балки қуролларни тезда етказиб беришдир», деди Шолц. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бу вариант келишиб олинмоқда ва гап йилига миллиардлаб евро ҳақида кетмоқда.

Латвия, Литва ва Эстония бош вазирлари мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Ўз навбатида, Латвия бош вазири Эвика Силиня, шунингдек, унинг эстон ва литвалик ҳамкасблари Кая Каллас ва Ингрида Шимоните Германиянинг Болтиқбўйи мамлакатларига мудофаа кўмаги учун миннатдорчилик билдирди. Улар Германиянинг НАТО кучлари томонидан Болтиқбўйи давлатлари устидаги ҳаво ҳудудини кузатишга қўшган ҳиссаси, шунингдек, Литвада бундесвер бригадаси жойлаштирилишига ишора қилди.

Силиня, Каллас ва Шимоните Европа Иттифоқи ва НАТОдаги ҳамкорларига мурожаат қилиб, уларни Украинада давом этаётган уруш шароитида мудофаа харажатларини оширишга чақирди. «Болтиқбўйи мамлакатлари Полша билан биргаликда мудофаага сармоя киритишда яхши намуна бўлиб, унга ЯИМнинг икки фоиздан кўпроғини сезиларли даражада сарфлайди», деди Литва бош вазири.

Учрашувда Европада қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш таклиф қилинди

Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари Европада қурол ишлаб чиқаришни жадал кенгайтириш тарафдори бўлди. Ўқ-дорилар ва ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқаришда қўшимча қувватларни яратиш аллақачон бошланган, деди Шолц. Ўз навбатида, Шимоните Европада қурол саноатини молиялаштиришдаги муаммолар ва ишлаб чиқариш қувватларини узоқ муддатли кенгайтиришни режалаштираётган компаниялар учун ноаниқлик ҳолатларига ишора қилди. Шу билан бирга, у немис мудофаа концерни Rheinmetall томонидан Литвада завод қуриш режаларини мамнуният билан қабул қилди.

Айни пайтда, Эвика Силиня Болтиқбўйи мамлакатларини Европа даражасида қурол захираларини тўлдиришда қўллаб-қувватлаш зарур деб ҳисоблайди. Эстония, Латвия ва Литва аллақачон Украинага жуда кўп қурол-яроғларни топширган ва ўзларининг захираларини тиклаши керак, дея тушунтирди у. Силиня, шунингдек, Латвия, Германия, Эстония ва Литва «ўз манфаатлари, қадриятлари ва ҳаракатларида бирлашган»лигини таъкидлади. Рига ҳукумати сайтида маълум қилинишича, Шолцнинг ташрифи чоғида НАТО саммитига тайёргарлик, Европа Иттифоқи кун тартиби, Украинани қўллаб-қувватлаш, шунингдек, энергетика ва транспорт соҳасидаги минтақавий лойиҳалар муҳокама қилинди.

Аввалроқ, Россия яқин орада Украина чегараси яқинида тактик ядро қуроли билан машғулотлар ўтказишини маълум қилган эди. Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, «стратегик бўлмаган ядровий кучлар жанговар топшириқларни бажаришга тайёргарлигини ошириш» мақсадидаги машғулотларга тайёргарлик президент Владимир Путин топшириғига биноан бошланган. Хабарда айтилишича, машғулотларда провокацион баёнотларга жавобан Россия давлатининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сўзсиз таъминлаш мақсадида «ностратегик ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш» масалаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Шолцнинг Латвияга биринчи ташрифи

Шолц Германия ҳукумати раҳбари сифатида биринчи ташрифи билан Латвияга келди. Шу тариқа, у Германиянинг НАТО бўйича ҳамкорлари бўлган учта Болтиқбўйи давлатига шахсан ташриф буюрди.

Шу куни у Литвада бўлажак бундесвер бригадасининг бир қисмини ташкил этадиган немис аскарлари олдига ташриф буюрди. «Германия қатъий равишда Болтиқбўйи мамлакатлари томонида», деди у Литванинг Пабрадесидаги ҳарбий полигонда сўзлаган нутқида. Шолцга Литва президенти Гитанас Науседа ҳамроҳлик қилган ҳарбийлар билан учрашувда Германия канцлери алянс мажбуриятларига мувофиқ НАТО ҳамкорларини ҳимоя қилишда жиддийлигини таъкидлади. «Бу биз бир-биримизни ва Шимолий Атлантика алянси давлатлари ўз ҳудудининг ҳар бир дюймини ҳимоя қилишимизга ишонишимиз мумкинлигини англатади», деди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия канцлери Ригада: Россиянинг ҳисоб-китоблари ўзини оқламади