20:50 / 29.03.2024
500

Россия яна Украина энергетика тизимига ёпирилма зарбалар йўллади

Россия яна Украина энергетика тизимига ёпирилма зарбалар йўллади
Фото: Украина ФВДХ
Украина ҚК ҳаво кучлари маълум қилишича, Украина бўйлаб 99 та ракета ва турлича дронлар учирилган; украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 58 та дрон ва 26 та ракетани уриб туширган. Ҳаво кучлари эълон қилган ҳисоботда айтилишича, РФ армияси ҳужумда қуйидагилардан фойдаланган:
  • Shahed-136/131 типидаги 60 та зарбдор дрон (58 таси уриб туширилган);
  • Х-47М2 «Кинжал» русумли 3 та аэробаллистик ракеталар (бирортаси уриб туширилмаган);
  • «Искандер-М» русумли 2 та аэробаллистик ракеталар (бирортаси уриб туширилмаган);
  • Х-59 русумли 9 та бошқарилувчи авиация ракетаси (5 таси уриб туширилган);
  • «Искандер-К» русумли 4 та қанотли ракета (барчаси уриб туширилган);
  • Х-101/Х-555 русумли 21 та қанотли ракета (17 таси уриб туширилган).

Зарбалар оқибатида Днипропетровск, Черкасс, Кировоград ва Ивано-Франковск областларидаги энергетика объектлари шикастланган, деб хабар берган Украина энергетика вазирлиги. Вазирликка кўра, ҳужумлар нишони электр энергия ишлаб чиқариш объектлари бўлган.

«Укрэнерго» энергетика компанияси маълум қилишича, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги иссиқлик ва гидро электр станциялар шикастланган.

Днипропетровск областида ҳужумдан кейин электр энергиянинг авариявий ўчиши кузатилган. ДТЭК компанияси маълумотига кўра, унинг учта иссиқлик электр станциясига ҳужум қилинган, ускуналар жиддий шикастланган.

Днипропетровск области маъмурияти ёзишича, регион узра 12 та ракета ва 12 та пилотсиз аппаратлар уриб туширилган. Днипровск, Кривий Риҳ ҳамда Каменск районларида энергетика объектлари шикастланган, улардан бирида бир киши жароҳатланган. Каменске шаҳрида беш киши, жумладан беш ёшли қизча жароҳат олган. Жабрланувчилардан икки нафари шифохонага ётқизилган, турар жой биноси ва автомобиллар шикастланган.

Лвив области бўйлаб зарба: Полша самолётларини ҳавога кўтарган

Жума куни Россия Лвив областидаги йирик газ сақлаш омбори жойлашган Стрий шаҳри ҳудуди бўйлаб яна бир бор зарба йўллади. Бу зарба оқибатлари бўйича ҳозирча батафсил маълумотлар йўқ, аммо област маъмурияти раҳбари Максим Козицкий «душман қуроли парчалари муҳим инфратузилма иншоотига зарар етказгани»ни айтган.

Украина бўйлаб ёпирилма ракета зарбалари туфайли Полша тунда ўз ҳарбий авиациясини ҳавога кўтарган, НАТОнинг бошқа аъзолари самолётлари ҳам парвоз қилган.

«Бугун тунда Россиянинг узоқ масофага ҳаракатланувчи авиациясининг фаоллиги кузатилмоқда, бу Украина ҳудудида жойлашган нишонларга ракета ҳужумлари билан боғлиқ, — дейилади Полша қуролли кучлари оператив қўмондонлиги баёнотида. — Полша ҳаво кенгликлари хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилди».

Аввалроқ полшалик ҳарбийлар 24 март куни, Украина бўйлаб олдинги ёпирилма зарбалар чоғида, Россия ракетаси 39 сонияга Полша ҳаво кенглигига кирганини хабар қилганди.

Харкив областида бир соатдан ўчириш жадвали жорий этилди. Россия томонидан бир кун олдин берилган зарбалар туфайли регионда икки киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши яраланган, деб хабар берган Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Харкивдаги энергия объектлари ўтган ҳафтада ҳам ёпирилма ҳужумга учраганди, унинг натижасида сўнгги кунларда шаҳарнинг катта қисмида электр таъминотида узилишлар сақланиб қолмоқда.

Черкасс области маъмурияти ҳам энергия иншоотига ракета келиб тушганини хабар қилган; Ивано-Франковск областида критик инфратузилма объектлари зарбага учраган.

Ҳужум қандай ўтди?

Украинанинг ўққа тутилиши тун ярмида Shahed типидаги дронлар учиб келиши билан бошланди, учувчисиз аппаратлар тун давомида Украинанинг марказий ва ғарбий областларига ҳужум қилиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини разведка қилиш билан шуғулланди.

Днипропетровск области бўйлаб тунги зарба оқибатлари
Эрталабки соат тўртдан кейин Украина ҳудудига Ту-95МС стратегик бомбардимончиларидан учирилган қанотли ракеталар кириб келди, соат беш атрофида Россияга «Кинжал» типидаги гипертовушли авиация ракеталари билан зарба йўлланди.

Украина ҚК ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия Лвив областининг Стрий шаҳри ҳудудига бир нечта «Кинжал» учирган. Бу шаҳар 24 март куни ҳам зарбага учраганди.

Бундан ташқари, эрталабки соат беш атрофида, украин ҳарбийлари маълум қилишича, Россия Украинанинг жанубий ва марказий регионларига баллистик ракеталар учирган, хусусан, Кременчуг ва Днипро йўналишида портлашлар кузатилган. Шунингдек, Полтава областининг Миргород шаҳри атрофига ҳам зарба келиб тушган.

Эрталаб соат бешдан кейин Ту-95 томонидан учирилган қанотли ракеталарнинг илк гуруҳи Волин орқали ўтиб, Лвив области ҳудудига етиб келган, қолганлари Хмелницкая, Житомир ва Винница областлари орқали ғарбга йўналган. Якунда ракеталар Ивано-Франковск томонга кетган.

Ижтимоий тармоқларда ёзишларича, ушбу ҳудудларда портлашлар эшитилган, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган.

Соат 05:30 дан кейин ҳаво кучлари бир неча бор Ивано-Франковск атрофидаги нишонларга ҳужум қилган ракеталар ҳақида хабар берган. Россияликлар ушбу регионга қилинган олдинги ҳужумлар вақтида Бурштин ИЭСга зарба беришга уринганди.

Ҳаво тревогаси эрталабки соат олти атрофида якунланган.

Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг энергетика объектлари бўйлаб ёпирилма зарбалар йўлланганини тасдиқлади.

Россия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, ҳаводан, денгиздан ва қуруқликдан узоқ масофага ҳаракатланувчи «юқори аниқликдаги қуроллар» — жумладан «Кинжал» гипертовушли ракеталар, шунингдек камикадзе дронлар билан энергетика объектлари ҳамда Украина қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига зарбалар берилган.

Вазирлик олдинги баёнотларида айтилганидек, «барча нишонларга аниқ зарба берилгани»ни маълум қилган.

Россия бир неча ойлик танаффусдан кейин 22 март куни Украина энергетика инфратузилмаларига ҳужумларни қайтадан бошлаганди, ўшанда ҳужумга учраган объектлар қаторида Днипро ГЭС ҳам бўлганди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия яна Украина энергетика тизимига ёпирилма зарбалар йўллади