10:19 / 06.06.2024
84

ЕИ Исроил ташқи ишлар вазирини келажакдаги муносабатларни муҳокама этиш учун таклиф қилди

ЕИ Исроил ташқи ишлар вазирини келажакдаги муносабатларни муҳокама этиш учун таклиф қилди
Фото: Dursun Aydemir/Andalou/picture alliance
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кацни учрашувга таклиф қилди. «Ўтган ҳафта Ташқи алоқалар бўйича кенгашда эришилган келишувдан сўнг, мен ташқи ишлар вазири Исраэл Кацни Европа Иттифоқи-Исроил махсус ассоциация кенгашига таклиф қилдим», — деб ёзди Боррел 5 июн, чоршанба куни кечқурун ижтимоий тармоқ саҳифасида. Учрашув Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро авжига чиққан пайтда Европа Иттифоқининг Исроил билан муносабатларига бағишланиши керак. Исроил ҳукумати ҳозирча таклифга изоҳ бермаган.

Ўтган ҳафта Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлат «Исроил ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо муносабатлари келишуви асосида» Исроил ташқи ишлар вазирини махсус йиғилишга таклиф этишга қарор қилди. AFP аниқлик киритишича, ўша учрашувда Боррел Ғазо секторидаги ҳалокатли вазият, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ва БМТ Олий судининг Исроил Рафаҳда қуруқликдаги ҳужумини тўхтатиши кераклиги ҳақидаги қарори муносабати билан Исроилга «босим ўтказиш» ниятида эканини айтди.

ЕИ давлатлари Исроил ва Фаластинга муносабат бўйича иккига бўлинган

ҲАМАС ҳаракатининг ҳужуми натижасида Ғазо секторида уруш бошланганидан бери ЕИ давлатлари Фаластин маъмуриятини тан олиш бўйича сезиларли фарқларга қарамай, уруш бўйича умумий позицияни топишга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, 28 май куни Дания парламенти кўпчилик овоз билан Фаластин давлатини тан олиш ҳақидаги резолюция лойиҳасини рад этди. Ўз навбатида, Словения парламенти 4 июн куни Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди. Словения шу тариқа май ойи охирида мустақил Фаластин давлатини расман тан олган Норвегия, Испания ва Ирландиядан кейин шундай қадам қўйди.

Бундан ташқари, Испания ва Ирландия Европа Иттифоқини Исроил билан савдо ассоциацияси шартномасини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.

Германия ҳозирча Фаластин давлатини тан олиш ниятида эмаслигини маълум қилди. АҚШ президенти Жо Байден ҳам Фаластинни бир томонлама тан олишни рад этди.

Исроил Фаластин давлатини тан олишга мутлақо қарши

Исроил Фаластин давлатини тан олишга мутлақо қарши. Яқинда Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Фаластин маъмурияти суверен давлат бўлиш учун зарур бўлган мезонларга жавоб бермаслигини айтиб ўтди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЕИ Исроил ташқи ишлар вазирини келажакдаги муносабатларни муҳокама этиш учун таклиф қилди