Vivien Cher Benko / Hungarian PMʼs Press Office / AFP / Scanpix / LETA
Венгрия бош вазири Виктор Орбан 5 июл куни РФ президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш учун Москвага келди. «Тинчликпарвар миссия давом этади. Иккинчи бекат: Москва», — дея ёзган Орбан твиттер саҳифасида ва Внуково-2 аэропортининг ҳукумат терминалида тушган фотосуратини илова қилган. Орбан бошчилигидаги делегация қўниши билан Кремлга йўл олган ва венгрлар бош вазирининг Путин билан учрашуви бошланган.
Венгрия ТИВ раҳбари Петер Сийярто Орбан Москвага Украинада «имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатиш» ва тинчлик музокараларини бошлаш учун келганини айтган. «Умид қиламизки, Москвадаги бугунги учрашув тинчликни яқинлаштиради», — деган Сийярто.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Орбаннинг Москвага ташрифи Венгрия томони ташаббуси бўлганини айтган. «Бундай ташриф ўтказиш бўйича таклиф том маънода кеча келиб тушганди», — деган у Кремл таъсиридаги пропагандачи Павел Зарубинга.
Кремлдаги музокараларда Путин Орбанга Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича тинчлик таклифларининг «нюанслари»ни муҳокама этишга тайёрлигини билдирган. Музокараларнинг очиқ қисмидан видео Кремл матбуот хизмати томонидан эълон қилинган, унда томонлар бир-бири билан саломлашиши акс этган. Путин Орбанга Россияга «нафақат бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз, балки ЕИ Кенгаши раиси сифатида ҳам келдингиз» деган (Венгрия 1 июлдан ротация бўйича ярим йил муддатга Евроиттифоқ раислигини қабул қилиб олганди).
«Умид қиламанки, биз ушбу мураккаб вазиятда икки томонлама муносабатларни қуриш бўйича фикр алмашиш имкониятига эга бўламиз ва албатта, Европадаги йирик инқироз, Украина йўналишидаги воқеалар ривожи истиқболларин ҳақида гаплашиб оламиз», — дея Путиннинг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.
«Албатта, мен сиз билан ушбу масаладаги [можарони ҳал қилиш] нюансларни муҳокаа қилишга тайёрман, умид қиламанки, сиз ҳам мени ўз позициянгиз, европалик ҳамкорлар позицияси билан таништирасиз», — деган Путин (иқтибос «Коммерсант»дан).
Музокаралар кенгайтирилган таркибда, вазир ва маслаҳатчилар иштирокида ўтказилган. Венгрия ТИВ раҳбари Кремлдаги музокаралар чоғида олинган фотосуратни намойиш этган. Кадрда Путин ва Орбан РФ президенти маъмурияти дўстона мамлакатлар вакиллари билан музокараларда фойдаланадиган кичик стол атрофида ўтиргани акс этган (таққослаш учун: Франция президенти Эммануэл Макрон билан музокараларда улкан, кўп метрлик стол қўйилганди).
Музокараларда Россия томондан Путиндан ташқари ТИВ раҳбари Сергей Лавров, шунингдек президент ёрдамчилари Юрий Ушаков ва Владимир Мединский қатнашган. Венгрия делегациясида эса Орбандан ташқари ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ва Орбаннинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Марцел Биро бор эди.
Кенгайтирилган музокаралардан кейин Путин ва Орбан музокараларни тет-а-тет форматида давом эттиришган. Юзма-юз мулоқот уч соатга яқин давом этган.
Учрашув якунларига кўра, Орбан ва Путин матбуот учун баёнот берди. Путин навбатдаги марта Россия Украина билан урушни ўзи илгари қўйган шартлар бўйича тўхтатишга тайёрлигини айтди, шунингдек Украинани дипломатик йўлдан боришни истамасликда айблаб, Володимир Зеленский гўёки ўзининг ғолиб чиқиш имкониятлари «нолга яқин бўладиган» сайлов ўтказишга тўғри келмаслиги учун ҳарбий ҳолат бекор қилинишини истамаслигини айтди. Орбан Путинга «ростгўй суҳбат» учун миннатдорчилик билдирган ва томонларнинг позициялари бир-бириникидан жуда узоқдалигидан шикоят қилган. Россия ва Венгрия раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб беришмаган.
Евроиттифоқ вакиллари Виктор Орбаннинг ташрифи юзасидан танқидлар ёғдиришди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Орбан Москвада ЕИ манфаатларини ифода этмаслиги, унинг ташрифи фақат «Венгрия ва Россиянинг икки томонлама муносабатларига тааллуқли экани»ни айтган. Боррел Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин Еврокенгаш ЕИ ва Путин ўртасида расмий контактлар бўлишига қарши чиққанини эслатган.
Еврокенгаш раҳбари Шарл Мишел Венгрия ЕИга раислик қилувчи мамлакат сифатида Евроиттифоқ номидан Россия билан ҳамкорлик қилиш ваколатига эга эмаслигини маълум қилган. «Европа кенгаши аниқ қилиб белгилаб қўйган: Россия — агрессор, Украина —қурбон. Украина бўйича бирор муҳокамани Украина иштирокисиз ўтказиш мумкин эмас», — деган Мишел.
Ўз навбатида, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен «ён беришлар Путинни тўхтата олмаслиги», Украинада эса «кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик» фақат «бирдамлик ва қатъият» орқали ўрнатилиши мумкинлигини билдирган. Еврокомиссия вакили Эрик Мамер Орбаннинг ташрифи «ЕИнинг бирдамлигига путур етказиши»ни таъкидлаган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселдаги матбуот анжуманида Орбан Россия раҳбарияти билан музокараларда «НАТОнинг эмас, фақат ўз мамлакати номидан қатнашиши мумкинлиги»ни айтган. Столтенбергнинг сўзларига кўра, Орбан «ўз сафари ҳақида олдиндан хабардор қилган». «Мен Орбан кейинги ҳафтада [9-11 июл кунлари] Вашингтондаги саммитга келишини кутяпман, ўшанда у билан Москвада нималарни муҳокама қилганини гаплашиш имконияти бўлади», — деган НАТО бош котиби.
Полша бош вазири Доналд Туск Орбаннинг ташрифини шарҳларкан, Венгрия ҳукумати раҳбари тинчликка олиб борувчи «инструмент» бўлмоқчилигини айтган. «Масала шундаки, бу инструмент кимнинг қўлида», — дея ёзган Туск твиттерида. Эстония бош вазири Кая Калласнинг ҳисоблашича, Орбан «Евроиттифоқ раиси лавозимидан парокандалик келтириб чиқариш» учун фойдаланмоқда.
«Агар сиз чиндан ҳам тинчликка интилсангиз, сиз қонли диктаторга қўл бермаслигингиз, балки Украинани қўллаб-қувватлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишингиз керак», — деган Литва президенти Гитанас Науседа. Латвия президенти Эдгар Ринкевич эса Мэтт Монронинг «From Russia With Love» («Россиядан муҳаббат билан») номли қўшиғидан иқтибос келтирган.
Украина ТИВ Орбан Москвага «Украина билан келишмасдан» борганини маълум қилган. «Бизнинг давлат учун „Украина ҳақида Украинанинг ўзисиз ҳеч қандай келишув йўқ“ тамойили бузилмас бўлиб қолмоқда ва биз барча мамлакатларни бунга қатъий риоя этишга чақирамиз», — дейилган вазирлик хабарида. Украина томони «адолатли тинчликни тиклашнинг ягона реал йўли» Украина президенти Володимир Зеленский томонидан таклиф этилган «тинчлик формуласи» бўлиб қолишини таъкидлаган.
«Швейцарияда Венгрия ҳам иштирок этган илк глобал тинчлик саммити шуни кўрсатдики, 100 дан ортиқ давлатлар ва халқаро ташкилотлар Украина ҳудудий яхлитлиги ва БМТ Низомига ҳурмат асосида тинчликка эришиш нуқтайи назарига қўшилади», — дейилади ТИВ хабарида. Унда мамлакат бундан кейин ҳам икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва Европа интеграцияси масалаларида Венгрия билан ишлашга тайёрлиги қўшимча қилинган.
Венгрия ярим йил муддатга Евроиттифоққа раис бўлганидан кейин Виктор Орбан уруш бошланганидан буён илк марта Киевга келганди. У 2 июл куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Музокаралар чоғида Орбан Зеленскийни ўт очишни тўхтатиш ва Россия билан тинчлик музокараларини бошлаш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф этди. Украина президенти офисидагилар буни Украина ташкиллаштирган (ҳозирча — Россиянинг иштирокисиз) тинчлик саммитларидан «алоҳида ҳолда» кўриб чиқиб бўлмаслигини маълум қилди.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Орбаннинг таклифини «жуда қизиқ» деб атаган. «Россия том маънода ғалати воситачилар орқали Украина учун мудофаа зарбаларини… тақиқлаш бўйича норасмий қарорни қайтаришни сўрамоқда», — деган Подоляк.
Украинага қўшни мамлакат раҳбари бўлган Виктор Орбан бир неча марта Украинага ғарбдан ҳарбий ёрдам кўрсатилишини танқид қилган. Венгрия кўп ҳолларда ЕИнинг Украинага молиявий ёрдамини блоклайди, шунингдек айрим россияликлар санкциялар рўйхатига киритилишига қарши чиққан.
Орбан — кенг кўламли босқин бошланганидан кейин Владимир Путин билан учрашган кам сонли давлат раҳбарларидан биридир. Reuters Венгрия бош вазири ЕИ мамлакатлари раҳбарлари орасида Путин билан энг илиқ муносабатларни сақлаб қолаётган сиёсатчи эканини ёзган.
Виктор Орбан — Евроиттифоқ мамлакатлари орасида Украинадаги уруш бошланганидан буён Москвага келган иккинчи раҳбардир. 2022 йил апрелида Россияга Австрия федерал канцлери Карл Неҳаммер ташриф буюрган ва бу «дўстона ташриф» эмаслигига урғу қаратганди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди