13:25 / 07.07.2024
273

Эрон: Янги президент ким, у катта ўзгаришлар қилоладими?

Эрон: Янги президент ким, у катта ўзгаришлар қилоладими?
Ғарб билан мулоқот қилишга ваъда берган ислоҳотчи номзод Масъуд Пизишкиён сайловда ғалаба қозониб, Эроннинг 9-президентига айланди. Хўш, Эрондек давлатда консерваторларнинг мағлубияти нимани англатади? Масъуд Пизишкиён ким? Kun.uz мавзунинг нуқталарини шарҳлаб бериш учун сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовни таклиф этди.

— Эрон президентлик сайловларида 2-тур бўлиши қанчалик кутилган эди?

Шавкат Икромов
: — Бу сайловларда эронликлар фаол эмас, сиёсий фаоллар бойкот қилишган очиқдан очиқ. 1979 йилдан кейинги энг паст кўрсаткич билан ўтди сайлов. Шу пайтгача 50 фоиздан кам аҳоли иштирок этмаган сайлов бўлмаган. Аҳолининг сайловларда фаол эмаслигининг ўзиёқ уларда мавжуд тузумга ва президентнинг чекланган ҳокимиятига нисбатан ишонч йўқолаётганини кўрсатади. Шунга кўра биринчи тур муваффақиятсиз тугаб, иккинчи тур бўлди. Кўпчилик таҳлилчилар аҳолининг нофаол иштироки сабаб иккинчи тур бўлишини кутганини айтди.

Иккинчи турда Масъуд Пизишкиён ва Саид Жалилий қатнашди. Пизишкиён ислоҳотчи сифатида ўзини намоён қилди, Жалилий эса консерватив сиёсатчи. Жалилий тизимга яқин сиёсатчи, Пизишкиён эса олдин ҳам 2 марта номзодини қўйган. Иккинчи турдан олдин консерватив кучлар Жалилийни ҳокимиятга олиб чиқишга ҳаракат қилади, дейилганди. Лекин кутилмаганда тизим ичидаги мухолифатчи сифатида кўриладиган Пизишкиён ғалаба қозонди.

Умуман, иккинчи тур кутилганди бойкотлар, ҳеч бир номзод яққол устун эмаслиги сабаб.

— Кутилмаганда консерватор номзодларнинг мағлубияти олий ҳокимият хоҳишими ёки реал халқ танлови?

Камолиддин Раббимов
: — Бу Эрон ичидаги ижтимоий, сиёсий кайфиятга боғлиқ. Эронда олий раҳбар консерватор, у мамлакатдаги исломий, шиавий тизимни ҳимоя қилиш. 1979 йилдан кейинги инқилобдан сўнг Эрондаги шиа давлатчилигини сақлаш, кучайтириш бўйича давлатчилик шакллантирилган.

Бош имомни 88 та мужтаҳид имомлар сайлайди. Сайланган имом вафотига қадар давлатни бошқаради, маълум муддати йўқ. Президент ваколатлари, муддати чекланган, халқ томонидан сайланади. Лекин сайловга қадар номзодларни имом ҳокимияти филтрдан ўтказади. Охирги сайловда ҳам 80 дан ортиқ одам ҳужжат топшириб, 6 таси ўтди, улардан 5 таси консерватор, биттаси реформатор эди. Жамият мана шу битта реформаторга овоз берди. Сўнгги 10-15 йилда Эронда кўплаб намойишчилар бўлди, жамиятда ҳокимиятга нисбатан ишончсизлик,танқидий фикрлаш юқори ва шуни ифода этиш учун имконият излайди халқ.

Имом жамият кайфиятидан келиб чиқиб битта реформатор иштирок этишига имкон берди. Ўйлашимча, имом Пизишкиённинг имконияти катта эканини олдиндан кўра билган. Биринчи турда камроқ одам қатнашди, лекин иккинчи турга Пизишкиён чиққач, кўпроқ қатнашди ва аёллар, ўрта синф вакиллари унга овоз берди.

Эрон жамияти изоляциядан, иқтисодий, ижтимоий муаммолардан, ташқи дунёдаги катта лойиҳалардан чарчаган. Шу сабаб ичкаридаги ижтимоий, иқтисодий муаммолар ечилишини талаб қиляпти.

Шавкат Икромов: — Пизишкиён ислоҳотчи деяпмиз, аммо Эрон учун бу нисбий тушунча. Эрон манбаларида Пизишкиён ўрта даражадаги мўътадил номзод сифатида кўрсатиляпти. Олдинги сафарларда Пизишкиён 2 марта номзодини қўйганда тизим уни асосий номзодларга ўтказмаган, чунки дастури маъқул келмаган. Бу сафар эса ўтказди, демак дастури тизимга маъқул келган.

Охирги йилларда Эронда тизим марказлашиб, қатъийлашиб кетиб, норозиликларга сабаб бўлаётганди. Маҳзи Амини ишидан кейин жамият ҳалигача ўзига келмаган, масалан, ҳукуматдан ғазабда. Ундан олдинги пандемия сабаб иқтисодий танглик, санкциялар остида яшаяпти, бундан ташқари. Олий ҳокимият Пизишкиён номзоди орқали халқни бироз тинчлантирмоқчи бўлиши ҳам мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Пизишкиён таклиф қилаётган ғоялар тизимнинг фундаментал қадриятларини қайтадан кўриб чиқишга чақириқ бор. Масалан, Пизишкиён ҳижоб ўрашни аёлларнинг шахсий иши демоқда. У теократия фундаментига эҳтиёткорлик билан шубҳа билдиряпти у. Ғарб билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, АҚШ, ЕИ билан келишиш, қўшни давлатлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш, эътиборни Эрон ички ишларига қаратиб, ташқи дунёдаги катта лойиҳаларга эътиборни пасайтирмоқчи.

— Эрон шахмат тахтасида олий ҳокимият руҳонийлар қўлида. Янги президент қанчалик эркин ҳаракат қилади, Пизишкиённинг Раисийдан фарқли жиҳатлари нимада?

Камолиддин Раббимов
: — Менимча, диалог бошланади бу ерда. Ҳар бир сиёсий тизимда легитимлик масаласи бор. Ҳоманаий ўз сиёсий тизимини сақлаб қолиш учун анча эҳтиёткор бўлади, теократияни сақлаши, ҳимоя қилиши керак бўлади. Сайлов столига ғоялар қўйилганда халқ Пизишкиён ғояларини танлади. Ўйлайманки, имом имкон қадар президент билан келишишга ҳаракат қилади. Халқ мандат берди, менам сенга мандат бераман, режаларингни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўр, дейди имом, менимча. Лекин шарти Эрон исломий тизими, теократия демонтаж бўлмаслиги керак, қизил чизиқлар бўлади, дейди.

Агар АҚШда Трамп ҳокимиятга келса, унинг кутилмаган юришлари бор. Олдин Ким Чен Ин билан учрашиб, муносабатларни қайта кўрган, бу сафар Эрон билан шундай бўлиши мумкин. Исроил нуқтаи назаридан ҳам яҳудий лоббиси Эронда либерал шахс келди, энди келишиш керак, дейиши мумкин.

Шавкат Икромов: — Эронда охирги марта 1989-1997 йилларда Рафсанжоний президентлик даврида либерал ислоҳотлар бўлганди. Энди иккинчи ислоҳотчи сифатида Пизишкиён келди. У дастурида кўплаб соҳаларда ислоҳот бўлишини айтган. Лекин сўровномаларга кўра, Пизишкиён ислоҳотларига нисбатан умидлар кам халқда, бу тузумнинг умумий хусусиятидан келиб чиқади.

Дейлик, ҳижоб ўраш эркин бўлиши керак, деган позицияда Пизишкиён. Лекин тизимни қўриқлаш учун масъул бўлган катта кучлар бор, улар билан қанчалик келиша олиши савол остида Пизишкиённинг. У ислоҳотчи сифатида ўз ғояларини баён қила бошлади. Ғарб билан яқинлашиш ҳақида гапирди, Саид Жалилий ва бошқаларни Эрон нефтини арзонга Хитойга бераётганликда айблади. Бу риторикалар фақат, лекин амалда қандай реал ҳаракатлар бўлиши номаълум. Ҳозир Эрон мураккаб геосиёсий вазиятда турибди: Яқин Шарқда нотинч вазият, Эрон полицияси фаолият олиб боради, ўзини масъул сифатида кўради у. Бундан ташқари, санкциялар кучайган. Шу ҳолатда Пизишкиён қанчалик ёриб чиқиб тизим билан келиша олиши масала бўлиб турибди.

Кўплаб таҳлилчилар Пизишкиён секинлик билан ўз мухториятини кенгайтиришга ҳаракат қилиб, кейинги олий раҳбарни тайинлаш жараёнига ўз таъсирини ўтказишга уринади, лекин Эронда тизимли ўзгаришлар қилиши эҳтимоли камроқ, деган фикрни айтмоқда.

— Масъуд Пизишкиённинг минтақавий сиёсати қандай бўлиши мумкин?

Камолиддин Раббимов
: — Минтақавий сиёсатни, турли шиа, исломий кучлар билан ишлашни амалга оширувчи институтлар имомга бўйсунади, президентга эмас. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, ташқи ишлар вазирлиги ва шу каби институтлар ижроий томондан президент билан хисоблашса-да, асосий курсни имом белгилайди. Шунинг учун «Ҳизбуллоҳ», ҳусийлар, ҲАМАС кабилар борасида имом ўз сиёсатини амалга оширишда давом этади, президент таъсири чекланган бўлади. Лекин президент имомга ахборот етказувчи сифатида унинг кайфиятига, қарашларига таъсир қилади.

Эрон анчагина қийинчиликларни ҳис қиляпти, 40-45 йилдан бери изоляцияда. АҚШ билан тўғридан тўғри дипломатик алоқалари йўқ, элчихоналари йўқ. Коллектив Ғарб давлатлари билан ҳам, минтақадаги монархиялар билан ҳам муносабатлар таранг ёки рақобатда. Эрон билан Туркия рақобатда, масалан.

Эрон инқилобдан сўнг давлат сифатида кучайди, янги исломий оҳанги қўшни давлатларни анча қўрқитди. Аҳолиси инқилобдан кейин икки баробардан ҳам кўпроқ ошди. Дунё сиёсий орбитасидан чиқиб кетган давлат сифатида ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ичкарида катта зўриқишлар билан ўз мудофаа тизимини яратди, унинг ракета дастурлари кўп давлатларни қўрқитади, масалан. Эрон каттагина сиёсий экспериментларни бошдан ўтказди ва унинг давлатчилик потенциали катта.

Умуман, Пизишкиён келиши минтақа сиёсатида кординал ўзгаришлар шакллантирмайди, лекин янги оҳанг беради.

— Янги президент Масъуд Пизишкиён Эроннинг азалий рақиб ва ҳамкор давлатлари билан муносабатларида қандай ўзгаришлар кутиш мумкин?

Шавкат Икромов
: — Номзод эълон қилинганда Россия матбуотида Хитойга мойил номзодлар, лекин Россияга эмас, деган фикр берилди. Номзодлар ичида Россия билан яқин бўлишни хоҳловчилар йўқ эди. Пизишкиён эса Россия ва Хитойга яқинлашиш самарали эмаслигини айтиб ўтганди. Бундан ташқари, Пизишкиён Ғарб давлатлари билан яқинлашишни ҳам назарда тутяпти. Пизишкиён Россия, Хитой ва бошқа дунё давлатлари билан муносабатларни мўътадил сақлаб қолади ёки қайта йўлга қўйиши мумкин. Пизишкиён дастурига қарайдиган бўлсак, Эрон ташқи сиёсатида маълум ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Глобал ташқи сиёсат ўзгариши Яқин Шарқдаги сиёсатга ўз таъсирини ўтказади. Шу маънода Яқин Шарқдаги сиёсатида хам ўзгаришлар кузатилиши эҳтимоли бор. Кескин ўзгариш бўлмаса ҳам, келишувчанлик бўлиши мумкин минтақада.

Пизишкиённинг катта ваъдаси ва кўпчиликнинг умиди Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилаб, санкциялардан чиқиш бўлиб турибди. Балки олий ҳокимият мана шу сабабдан ҳам Пизишкиён номзодини ўтказгандир, у бу бўйича маълум натижаларга эришиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Эрон демократиясига ўзига хос. Пизишкиён этник форс эмас, унинг отаси озар, онаси курд. Жалилий ҳам тўлиқ форс эмас, онаси озар. Яъни Эрон халқининг овоз беришида миллатчилик рол ўйнамади, сиёсий мафкура асосий ўрин тутди. Пизишкиённинг сайланишига сабаб эса иқтисод, ижтимоий масалалар бўлди. Эрон халқи ростдан ҳам санкциялардан чарчаган. Обама ҳокимиятга келгач, асосий эътиборни Хитойга қаратиб, Яқин Шарқдаги сиёсатни қайта кўриб чиқиб, Эрон билан ҳам ярашишни кўзлаган эди ва ярашув жараёни бошланганди. Кутилмаганда Трамп келди ва Исроил ҳамда Саудия манфаатларидан келиб чиқиб Эрон билан муносабатларни қайта кўриб чиқиб, яна ёмонлашди. Трамп яна ҳокимиятга келса, унинг атрофидаги сиёсатчилар Эрондаги янги либерал шахс келишини ҳам ҳисобга олса керак. Бундан ташқари, Эрон ва Саудия ярашган. АҚШ ва Исроил бу ярашувни совуққонлик билан қабул қилди.

Ўйлашимча, Пизишкиённинг ҳокимиятга келишини коллектив Ғарб Эрон билан келишиш учун қулай имконият сифатида талқин қилади. Эрон халқи Пизишкиёнга овоз бериши билан ўзининг ижтимоий вазиятидан жуда норози эканини билдирди. Ҳоманаий ҳам назорат остидаги ўзгаришлар орқали сиёсий тизимни сақлаб қолиш учун имконият сифатида кўради, деб ўйлайман.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон: Янги президент ким, у катта ўзгаришлар қилоладими?