11:20 / 26.07.2024
193

Россиядан келган ошпаз-агент Париждаги Олимпиадада провокациялар тайёрлаган

Россиядан келган ошпаз-агент Париждаги Олимпиадада провокациялар тайёрлаган
Фото: Franck Fife/AFP
19 июл куни Парижда жосусликда гумонланиб қўлга олинган 40 ёшли пермлик Кирилл Грязнов Россия махсус хизматлари томонидан Франциядаги Олимпиада ўйинларида провокациялар уюштириш учун ёлланган. 25 июл, пайшанба куни The Insider, Der Spiegel ва Le Monde нашрларида чоп этилган қўшма суриштирувда айтилишича, Грязнов Парижга сафари мақсадини аэропортдаги маст ҳолда суҳбатида тилга олган ва бу махсус хизматларнинг эътиборини тортган.

Журналистларнинг сўзларига кўра, 2010 йилда Францияга кўчиб ўтишдан олдин Грязнов адвокатлик билан шуғулланган. Кўчиб кетгач, у ошпаз бўлди ва Куршевелдаги мишлен юлдузли ресторанда ишлади. 2012 йилда у Россияга қайтиб кетган ва Париждаги квартираси эгасига ҳозир «давлат учун» ишлаётганини айтган.

2024 йилнинг май ойида Грязнов Истанбулдан Парижга учиб кетмоқчи бўлган, бироқ у жуда маст бўлгани учун парвозга чиқарилмаган. Шундан сўнг, The Insider ёзишича, Грязнов Болгария орқали Францияга йўл олди ва у ерда тасодифий одамлар билан маст ҳолда суҳбатда у Франция «ушбу Олимпиадани узоқ вақт эслаб қолишини» айтди. Махсус хизматларга алоқадорлигини исботлаш учун у суҳбатдошларига қандайдир гувоҳномани кўрсатган ва телефон орқали маълум бир вазифани бажариш учун «кишинёвлик одамни» ёллагани ҳақида хабар берган.

Грязнов Парижда айнан қандай провокацияларни режалаштиргани жамоатчиликка ошкор этилмаган. Бироқ, Le Parisien газетаси манбаларига кўра, бу «жиддий оқибатларга» олиб келадиган «кенг кўламли лойиҳа» эди.

Грязновнинг Россия махсус хизматлари билан алоқалари

Кирилл Грязнов 21 июл куни Париж марказида Сен-Дени кўчасидаги квартирасида ҳибсга олинди ва унга Францияда ҳарбий ҳаракатларни қўзғатиш мақсадида хорижий давлат манфаатлари йўлида разведка фаолияти айблови қўйилди. Париж прокуратураси маълумотларига кўра, қўлга олиш чоғида россияликдан баъзи «дипломатик материаллар» ва унинг Россия махсус хизматларининг «V бўлими»га тегишли эканлигини кўрсатувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат топилган. The Insider бу «Вымпел» «ФСБ» махсус кучлари гувоҳномаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Суриштирув натижаларига кўра, гумонланувчининг махсус хизматлар билан алоқаси танишлари ундан «ФСБ» ходими ва Россия Мудофаа вазирлиги зобитининг ўғлини «текшириш» (шахсини аниқлаш)ни сўраган ёзишмалари билан тасдиқланади. Шунингдек, Грязнов алоқалари учун Россия ва Беларус Иттифоқ давлати парламент ассамблеясининг ҳуқуқий таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаган акаси Дмитрийга қарздор бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Энди Кирилл Грязнов Францияда ҳибсда, унга 30 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Франция жосусликда гумон қилинганларни Олимпиадага киритмайди

Франция ҳукумати жосусликдан хавотирланиб, бир неча ўнлаб хорижликларга Париждаги ёзги Олимпиада ўйинларига киришни рад этди. Тақиқ Россия, Беларус ва бошқа бир қатор мамлакатлардан келган юзга яқин кишига тааллуқли, деди мамлакат ички ишлар вазири Жералд Дарманен Le Journal du Dimanche нашрига берган интервюсида.

Унинг аниқлик киритишича, гап 2024 йилги Олимпиадага журналист, физиотерапевт ёки техник ходимлар ниқоби остида келишни истаган хорижликлар ҳақида кетмоқда. «Эҳтимол, улар бу ерга ҳужумлар уюштириш учун келмайди. Лекин, разведка ва анъанавий жосусликдан ташқари, киберҳужумларни амалга ошириш учун компютер тармоқларига кириш нуқталаридан бохабар бўлиб туриш керак», - деди Дарманен.

Умуман олганда, Жералд Дарманен сўзларига кўра, разведка хизматлари томонидан текширилган 960 минг шахсдан 4340 кишига, жумладан кўнгиллилар, стадион ишчилари ва спорт делегациялари аъзолари 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Гап террорчилик, ўнг ва сўл радикал фаолият, шунингдек, илгари жиноят содир этганликда гумон қилинганлар ҳақида бормоқда.

Париждаги Ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Уларда россиялик ва беларуслик спортчилар нейтрал мақомда қатнашади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядан келган ошпаз-агент Париждаги Олимпиадада провокациялар тайёрлаган