Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябр куни Тошкент вилоятида бўлиб, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишди. Давлат раҳбари дастлаб Тошкент туманига ташриф буюрди.
Президент матбуот хизматининг қайд этишича, илгари бу туманнинг маркази йўқ эди. Келес йўли кўчаси бўйлаб янги бино ва мажмуалар қад кўтаргач, ҳудуднинг қиёфаси тамоман ўзгарди. Хусусан, Келес йўли кўчаси кенгайтирилган ҳолда қайта қурилди. Унинг икки тарафида Давлат хизматлари маркази, Ёшлар маркази, маданият саройи, амфитеатр, универсал спорт мажмуаси, хотира майдони ва сайилгоҳ каби кўркам иншоотлар барпо этилди.
Эски, пастқам уйлар ўрнида 41 та кўп қаватли турар жой қурилди. Энди улардаги 2 536 та хонадонда 11 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу уйларнинг ертўла ва биринчи қаватида савдо, умумий овқатланиш, маиший ва молиявий хизматлар бўйича 270 та шохобча ташкил қилинмоқда. Уларда 1 350 киши, жумладан, шу ерлик ёшлар ва аёллар ишли бўлади.
Давлат раҳбари ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Реновация лойиҳасида ижтимоий инфратузилмага катта эътибор қаратилди. Марказий шифохона, туманлараро перинатал марказ, болалар боғчаси, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, туман тарихи музейи ишга туширилди. Ўзгаришлар фақат туман марказида эмас. Ҳудудда яқин-яқингача ичимлик суви муаммо эди. Осиё тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 4 та ҳавза қурилиб, 365 километр қувур тортилди. Натижада 36 та маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Охирги уч йилда туманда 218 километр ички йўллар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. Бундай ишлар яна давом этмоқда, дейилади хабарда.
Шу ерда Тошкент туманида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш масалалари юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди. Жорий йилнинг 6 ойида туман иқтисодиёти 23 фоиз ўсган. Янги қурилишлар ва улардаги корхоналар негизида солиқ манбаси кўпайган. Тошкент туманида 70 та маҳалла, 62 мингта оила бор. Аҳволи оғир бўлган 372 та оилага кўмаклашиш учун масъуллар ва чоралар белгиланган.
Режадаги лойиҳалар, бандлик ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида йил якунига қадар 34 минг 443 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Президент хонадонлардаги имкониятларни юзага чиқариш, тадбиркорларнинг камбағал оила вакилларини ишга олишини рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.
“Тошкент тумани пойтахтимизнинг ёнгинасида. Бу ерда уй-жой, ишлаб чиқариш, тижорат, хизмат бўйича жуда катта имкониятлар бор. Иш тўғри ташкил қилинса, ўзи бу туманда камбағалчилик бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун иқтисодий комплексга, маҳаллаларга бераётган имкониятлардан фойдаланиб, камбағалликдан фаровонлик сари юриш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тошкент туманида йил якуни билан қарийб 53 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига саноатда ўсиш суръати 9 фоиз, хизмат кўрсатишда 13 фоиз бўлиши кутилмоқда. Экспорт ҳажмини 100 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Шавкат Мирзиёевнинг кейинги манзили – Зангиота туманидаги “Technologies of real time” Ўзбекистон–Сингапур қўшма корхонаси бўлди. Бу ерда 118 хил русумдаги автомобилларнинг юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 750 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Модернизация қилинган корхонадаги 12 та цехга Хитой, Россия, Корея Республикаси, Япония ва АҚШдан келтирилган ускуналар ўрнатилган.
“Кўп деталлар маҳаллийлаштирилгани ҳозирча маъқул. Мутахассислар зўр бўлса, сифат ҳам, экспорт ҳам ошади”, – деди президент.
Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга корхонада эҳтиёт қисмлар қаторини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди. Маҳсулотлар буюртма асосида Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади. Хусусан, UzAuto Motors'нинг нинг Хоразм вилоятидаги заводига “Дамас” ва “Лабо” автомобиллари учун 773 минг дона эҳтиёт қисмлар етказиб берилган.
Товарларни техник текширув ва синовлардан ўтказиш учун замонавий лаборатория ташкил этилган. Корхона маҳсулотлари IATF 16949:2016, ISO 9001:2015, ISO 45001:2020 ҳамда “Женерал Моторс”нинг BIOS халқаро сифат сертификатларига эга. Шу боис уларга хорижда ҳам талаб бор. Хусусан, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, БААга 3 млн долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида 2 млн доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган.
Корхонада 220 та иш ўрни яратилган. Ходимлар шу ердаги курсларда ўқитилиб, кейин ишга қабул қилинади.
Давлат раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, мутахассислар билан мулоқот қилди. Корхона шоурумида тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Шу ерда келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2025 йилда 1,15 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада BYD, Chery, Changan, Geely avto, Dongfeng каби янги автомобил брендлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Лойиҳа самарасида 43 та янги иш ўрни яратилади, ишлаб чиқариш қувватлари 180 мингдан, 280 минг донага етказилади.
Шавкат Мирзиёев Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонасида ҳам бўлиб, қатор корхоналар фаолияти билан танишди. Бу саноат зонаси 4 йил олдин 36 гектар майдонда ташкил этилган эди. Муҳандислик инфратузилмаси, ички йўллар ва бинолар қурилиб, ишлаб чиқариш учун қулай шароит яратилди.
Бу ерга қурилиш материаллари, енгил саноат, озиқ-овқат тармоқларида 15 лойиҳа жойлаштирилган, шундан 10 та ишга туширилган. Уларда ўтган йили 295 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Жорий йил якунлари бўйича бу рақамни қарийб икки бараварга кўпайтириш мақсад қилинган. Ҳозирча бу корхоналарда 1 500 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Барча лойиҳалар ишга тушса, бандлик яна ортади.
“Enter Steel” корхонасида металл конструкциялар, юқори босимга чидамли резервуарлар, юк кўтарувчи кранлар, бурғулаш ускуналари, пайвандлаш электродлари, металл эшик, электр қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 40 млн доллар бўлиб, унга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган. Бу ерга Хитой, Япония, Россия, Туркия, Италия, Испания, Германия ва Нидерландия каби давлатлардан ускуналар келтирилган. Бу эса маҳсулотлар сифати ва иш унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилмоқда.
Президент корхонанинг иш жараёнини кўздан кечирди, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Мутасаддиларга корхона маҳсулотлари зарур бўлган тармоқлар билан кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент “Тинчлик” КСЗга ташрифида қуёш панеллари ва турли кабеллар ишлаб чиқараётган “Enter Green Solar” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
“Бундай юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқараётган маҳаллий корхоналаримизни қўллаб-қувватлаб, фаолиятини кенгайтиришига янада кўпроқ шароит яратишимиз керак", – деди Шавкат Мирзиёев.
Умумий қиймати 7 млн доллар бўлган мазкур корхонага Италиянинг “Ecoprogetti” компанияси ускуналари ўрнатилган. Улар асосида йилига 377 минг дона юқори сифатли қуёш панели ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонанинг ўзида ҳам қуввати 125 киловатт бўлган панеллар қўйилган. Бу ерда 100 киши меҳнат қилмоқда.
Янгийўл туманидаги лойиҳалардан яна бири – “Mesal Water Technologies” бўлиб, бу корхона сув тозалаш иншоотлари учун 30 дан ортиқ махсус қурилма ва ускуналар ишлаб чиқармоқда.
Лойиҳага 1,7 млн доллар маблағ йўналтирилиб, Хитой, Германия ва Туркиядан келтирилган энергия тежамкор технологиялар ўрнатилган. Корхона халқаро сертификатларга эга. 50 киши иш билан таъминланган.
Бундай корхоналар фаолиятининг кенгайиши аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига ҳисса қўшиши таъкидланди.
Президент Тошкент вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди, инвесторлар билан суҳбатлашди. Маълум қилинишича, Хитой инвесторлари билан ҳамкорликда Олмалиқ шаҳрида “Буюк ипак йўли” индустриал технопарки ташкил этилади. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Зангиота туманида эса Жанубий Корея инвесторлари билан биргаликда жигар, бўғим, кўз ва мия фаолиятини даволашда қўлланиладиган дори воситалари ишлаб чиқариш ташкил этилади. У ерда 200 кишининг бандлиги таъминланади.
Шавкат Мирзиёев инвесторлар учун барча шароитларни яратиш, лойиҳаларнинг ҳар бир босқичини назорат қилиб, масалаларини ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев, Келесдаги ўзгаришлар, Зангиота, Янгийўлдаги лойиҳалар, Танишди “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди