00:18 / 13.02.2020
5 448

Аҳмадбой Турсунбоев – энг катта хатоси, келгуси режалари ва артистлар билан муносабати ҳақида

Аҳмадбой Турсунбоев – энг катта хатоси, келгуси режалари ва артистлар билан муносабати ҳақида
Ўзбекистон тарихидаги энг машҳур молиявий пирамида асосчиси – чинозлик Аҳмадбой Турсунбоев устидан тўртинчи суд 12 февраль куни ўз ишини якунлади. Суд уни аввалги жиноят иши бўйича тайинланган жазони қўшиб, 14,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Маҳкум маҳкамадан сўнг журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

«Мен бу фаолиятимни 10 йил юргизганман. 2006 йилда бошлаб, аввалига фақат чорва билан иш қилганман. Ўзим қассобман – мол олардим, фуқароларга мол берардим... Тўғри, қилган ишимдан пушаймонман. Молни фоиз ҳисобида берганман, Худонинг ўзи кечирсин.

Шу ўйинга кирганман. У ўйинга киргандан кейин, чиқа олмайсиз. Қийин нарса у... Менда фуқароларнинг пули кўпайганидан кейин, уларнинг пулини ферма ва шу каби нарсаларга қўйиб, пулини «оборот қилиб», ўзларига тақсимлаб бермоқчи бўлганман. Вазият шунақа бўлди, энди», – дейди Аҳмадбой Турсунбоев.

– Шу 10 йиллик фаолиятингиз давомида ҳеч қайси давлат органи билан ўртангизда муаммо бўлмаганми?
– Йўқ... Битта нарса: агар сиз бировнинг пулини бермасангиз ва у ариза билан шикоят қилса, унда ташкилотингизни ёпишади. Энди ўзингиз ўйланг, мен одамларнинг пулини вақтида тўлаганман-ку, жой-жойига қўйиб берганман. Олинган пулларни қандай қайтаришим эса мени муаммом. Текширишлар бўлмаган, фаолиятимни 2006 йилда бошлаб 10 йил юргизганман.

– Охири барибир шу билан тугашини билармидингиз?
– Менинг мақсадим ёмонлик қилиш бўлмаган. Мақсадим ишлаш бўлган. Энди, фуқаролар кўпайганидан кейин, уларнинг пулини нима қилишим керак. Жой қурганман, ферма қурганман, шуни юрғизаман деб ҳаракат қилганман. Фуқароларни алдамоқчи бўлмаганман.

– Сизга кўплаб санъаткорлар пул бергани ҳақида гап-сўзлар юради.
– Фалончи артист сизга пул берган экан, деган гапни мен ўзим ҳам кўп эшитдим. Мен, биринчидан, санъаткорлар билан олди-берди қилмаганман. Ўша пайти ўғил тўй қилганимда тўёна ҳисобидан келган у артистлар. Шерали Жўраевдан пул олибди, Озодбекдан пул олибди деган гаплар миш-миш. Мен артистлар билан умуман пул олди-берди қилмаганман.

Биров орқали киргизмаган бўлса агар, бирон бир артист шахсан ўзи келиб қўлимга 50-100 минг доллар бермаган.

– Молиявий пирамида бутун дунёда бор нарса. Бу ғояни кимдандир олганмисиз?
– Йўқ, менга биров ўргатмаган. Бировлар буни пирамида деяпти. Энди, битта нарсани ўйланг, сиз агар бирон бир ташкилот очиб, ишни вақтида жой-жойида қилиб олиб борсангиз, фуқаролар сизга ишонади. Агар бошидан бировни алдасангиз, сизга ишонмайди. Одамларда менга нисбатан ана шу ишонч бўлган – вақтида пулларини тўлаганман.

– Сизга берилган жазо тури қамоқ эмас, озодликни чеклашга ўзгартирилса, нима иш қилган бўлардингиз?
– Агар муҳтарам судьямиз енгил жазо бериб, судга кўчадан қатнасам, имкониятим борича қилиб юрган тирикчилигимни – ўша чорвачилигимни секин-секин йўлга туширардим.

– Одамлар яна пул олиб келса, оласизми?
– Йўқ, фуқаролар пул олиб келса олмайман. Чунки ўзингиз ўйланг-да, буни яна юрғизган тақдирингизда ҳам, вақти келиб яна одам кўпаяди, иш яна кенгайиб, яна қамаласиз.

Энг ҳалоли, тинчгина чорвадорлик билан шуғулланиб, деҳқончилигимни қиламан.
Менинг энг катта хатом – фуқаролар ҳаддан ташқари кўпайиб кетганида. Вақтида тўхтатишим керак эди. Тўхтатиш учун 2009-2010 йилларда ёпишим керак эди.

Жиноят иши очилишига сабаб ҳам одам ҳаддан ташқари кўпайиб кетганида. Деди-деди гаплар кўпайиб кетди. Кўплар кўчада менинг номимни сотиб, иш қилиб юборган. Филиал очган болалар бор. Уларга умуман алоқам йўқ.

– Устингиздан ариза тушмаган бўлса, жиноят иши очилишидан норози эмасмисиз?
– Энди ўша пайтда ишим тўғри келмагандир, балки масалан нақд айланма пул қилганим учундир. Нақд пул айланмаси бўлгани учун фуқаролар ҳам кўпайиб кетди. Шунинг ҳисобига балки фирмам ёпилгандир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳмадбой Турсунбоев – энг катта хатоси, келгуси режалари ва артистлар билан муносабати ҳақида