15:43 / 13.02.2020
5 391

Коронавирус болаларни четлаб ўтаётгани ростми? Шундай бўлса, сабаби нима?

Коронавирус болаларни четлаб ўтаётгани ростми? Шундай бўлса, сабаби нима?
Фото: ISTOCK
Хитойда туғилган икки кунлик чақалоқда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар 5 февраль куни дунё бўйлаб тарқалганди.
У бундай ташхис қўйилган энг кичик бемордир. Касаллик мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди, умуман, 60 мингдан кўпроқ одамга коронавирус ташхиси қўйилган. Бироқ, касаллар орасида болалар жуда камчиликни ташкил этмоқда. Уларни саноқли дейиш мумкин.

Хасталанганларнинг аксарияти Хитойда истиқомат қилса-да, яна 30дан ортиқ мамлакатда коронавирус юқтириш ҳолатлари қайд этилган.
Натижалари Journal of the American Medical Association тиббий журналида нашр этилган сўнгги тадқиқотларнинг бирида айтилишича, касаллик асосан 40 ёшдан 59 ёшгача бўлган одамларга таъсир қилган.
«Болалар орасида юқтириш ҳолатлари жуда кам учрамоқда», — дейилади тадқиқотда.

Аммо бунинг сабаби нима?

Коронавирус ташқи кўринишидан тожни эслатгани учун номи испанчадаги «corona» сўзидан олинган / MAGNUM PHOTOS
Касалликнинг аломатсиз кечишими?
Аллақачон ушбу феноменни изоҳловчи кўплаб тушунтиришлар янграб ўтди, аммо нима учун болаларда касаллик ташхиси сезиларли даражада кам қўйилаётгани ҳақидаги саволга мутахассислар ҳали аниқ жавоб топа олишмаяпти.

«Бизга ҳозиргача номаълум бўлиб қолаётган сабабларга кўра болалар бу инфекцияни юқтириб олишмайди ёки касаллик енгил шаклда ўтади», — дейди Рединг университети профессори, вирусолог олим Иэн Жонс.

Бу шуни англатиши мумкинки, болалар касалликка енгилроқ шаклда бардош беришади, баъзида аломатлар деярли сезилмайди — бундай ҳолларда, ота-оналар, қоида тариқасида, болаларини текширувга олиб боришмайди.

Лондон Университет коллежи маърузачиси Натали Макдермотт ҳам ушбу талқинга қўшилади.
«Беш ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг иммунитет тизими одатда вирусларга қарши курашишга жуда яхши тайёрланган бўлади. Улар юқтириши мумкин, аммо касаллик енгил шаклда давом этади ёки умуман аломатларсиз ўтади», — дейди у.

Худди шундай ҳолат 2003 йилда SARS эпидемияси тарқалишида ҳам кузатилганди. Ўша вақтда вирус 800 кишини ҳаётдан олиб кетганди — барча юқтириб олганларнинг 10 фоизи. SARS ҳам болаларни четлаб ўтган.

Коронавирус тарқала бошлаганда мамлакатнинг барча ҳудудларида таътил бошланган ва таътиллар февраль ойи охиригача узайтирилган
Таътиллар сабаблими?
Натали Макдермоттнинг таъкидлашича, болалар орасида ушбу касалликнинг паст даражада тарқалиши ўз вақтида профилактика чоралари кўрилгани билан ҳам изоҳланиши мумкин — мактаб ва болалар боғчалари вирус тарқалиши пайтида ёпилди, унинг бошланиши эса Янги йил таътиллари вақтига тўғри келган.

Хитойнинг деярли барча ҳудудларида мактаб таътиллари февраль ойи охиригача узайтирилди.
Бундан ташқари, Макдермоттнинг сўзларига кўра, катталар ўз болаларини инфекциядан ҳимоя қилиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишади.

«Ота-оналар болаларни инфекциянинг эҳтимолий юқишидан ҳимоя қилишмоқда, агар уйда касал бўлса, улар болаларни ундан ажратишга ҳаракат қилишади», — дейди Натали Макдермотт.

Унинг фикрича, вируснинг янада тарқалишида, касал одам билан алоқа қилишдан қочиш қийинлашганда, вазият ёмонлашиши мумкин ва болалар орасида юқтирганлар сони кўпаяди, чунки уларни ажратиш осон бўлмайди.
Ҳозирга қадар коронавируснинг тез тарқалиши болалар орасида касалланиш кўпайишига олиб келмади.

SARS тарқалиши билан таққослаганда шуни эслаш керакки, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари тадқиқотчилари 12 ёшгача бўлган болалар касалликка камроқ мойил бўлади ва касалхонада даволанишга камроқ муҳтожлик сезади, деган хулосага келишган.

Уханда вирусдан зарарланганларнинг ярмидан кўпини 40дан 59 ёшгача бўлганлар ташкил этади
Коронавирус катталар учун хавфлироқми?
Болалар орасида коронавируснинг тасдиқланган ҳолатлари кам бўлса-да, мутахассислар болаларда коронавирусга қарши махсус иммунитет мавжудлиги ҳақида гапиришга ўрин йўқлигини таъкидлашмоқда.

Болалар орасида коронавирус тарқалиши камлигининг ишончлироқ изоҳи қуйидаги далил бўлиши мумкин: касалликнинг энг кўп учрайдиган асоратлари (масалан, сувчечак) болаларга қараганда катталар учун кўпроқ хавфлидир. Катталар ушбу асоратларни оғир шаклда бошдан кечиришади.

«Бу болалар коронавирусга қарши махсус иммунитетга эга, дегандан кўра нисбатан мантиқий тушунтириш», — дейди Кардифф университетининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Эндрю Фриман.

«Бу шифокорлар касалликнинг сезиларли белгилари бўлмаган ва заиф аломатларга эга бўлган болаларда вирус ташхиси ўтказмаганликлари билан боғланиши мумкин», — дея қўшимча қилади Фриман.

Оксфорд университетининг статистик эпидемиология бўйича мутахассиси Кристль Доннелли бу фикрга қўшилади ва Ҳонгконгда SARS тарқалишини мисол келтиради.

«Ҳамкасбларимиз ўша вақтда ёш болалар ушбу касаллик енгилроқ шаклда ўтказишади, деган хулосага келишганди», — дея таъкидлайди эксперт.

40 мингдан ортиқ киши вирусни юқтирган, касалланганларнинг аксари - Хитой аҳолиси
Сурункали касалликлар
Бирор-бир сурункали касалликка чалинган катта ёшли инсон иммунитети вирусни енгиши қийинлашади. Қандли диабет ёки юрак-қон томир тизими хасталиклари касалликнинг янада жиддий босқичига ва жиддий асоратларга олиб келади.

«Пневмония (коронавируснинг энг кўп учрайдиган асоратларидан бири) одатда иммунитети заифлашган беморларда учрайди. Худди шу ҳолат грипп ва бошқа ўткир респиратор вирусли инфекцияларда ҳам содир бўлади», — дейди Иэн Жонс.

Маълум бўлишича, Ухан касалхоналарида коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг тахминан ярми сурункали касалликлар билан оғриган.

Аслида болалар инфекцияни юқтириши осон эмасми?
Ҳаммага аёнки, болалар нафас йўллари вирусли инфекцияларини юқтиришга мойил бўлиб, тенгдошлари орасида вирус тарқалиши манбаи бўлиб хизмат қилади, дейди Иэн Жонс.
Шунинг учун, бизга болалар вируслар олдида энг заиф кўринади. Аммо коронавирус билан боғлиқ вазият бу хавотирни тасдиқламайди.

Эҳтимол, болалар ҳақиқатан ҳам кучлироқ иммунитетга эга ёки вирус бола танасига кирганда камроқ тажовузкордир, шунинг учун касаллик кўпинча аломатсиз бўлиб, ота-оналар болани шифокорга олиб боришмайди. Шунга кўра, болалар орасида касалланиш ҳақида камроқ хабар қилинган.

Яқин келажакда нима учун болалар коронавирусдан касалланишдан ҳимояланган ҳолатда қолаётганини тушунтирувчи аниқ изоҳларга эга бўламиз.

Николай Воронин,
Би-би-си рус хизматининг фан ва технологиялар бўйича мухбири


Болалар иммунитети нисбатан қайишқоқ ва янги касалликларга тез мослашувчан экани - кўпчиликка маълум факт. Айнан шунинг учун, масалан, қизамиқ ёки сувчечак болаларда осон кечади, ёши катталар учун эса катта муаммолар туғдиради.

Бироз аввалроқ канадалик олимлар эълон қилган тадқиқотга кўра, болалар чақалоқлигида тўқнашган илк грипп унинг организмининг респиратор вирус инфекциялари билан курашувчанлик қобилиятини белгилаб беради.

Бу эса шуни англатадики, эпидемия вақтида тиббиёт ходимлари қайсидир одам у туғилган йилда қандай вирус тарқалгани ҳақидаги маълумот асосида у бунга қанчалик чидамли бўлишини айтиб бера олишади.

«Одамларнинг грипп вируси ёки ҳатто коронавирусга нисбатан иммунитети инфекция хавфига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, дастлабки иммунитет одамларни касалликдан қандай ҳимоялаши ёки аксинча касаллик қаршисида нечоғлиқ ожиз қолиши мавсумий эпидемиялар ёки янги эпидемиялар даврида хавф гуруҳларини белгилашга ёрдам беради», - дея қайд этади тадқиқот муаллифларидан бири, иммунолог Мэттью Миллер.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус болаларни четлаб ўтаётгани ростми? Шундай бўлса, сабаби нима?