00:30 / 14.02.2020
4 383

Финляндия қандай қилиб дунёдаги энг яхши таълим тизимига эга бўлди?

Финляндия қандай қилиб дунёдаги энг яхши таълим тизимига эга бўлди?
Tashqarida.Uz телеграм каналида дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири Финляндиядаги таълим мўъжизаси ҳақида мақола эълон қилинди. Ушбу мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Европанинг кўплаб давлатларида бўлиб, шу пайтгача Шимолий Европани кўриш насиб қилмаганди. 2019 йил охирида ушбу минтақанинг ўз мақомига энг катта қийинчиликлар билан эришган мамлакати — Финляндияга сафар қилиш имкони туғилди. Сафар бўлганда ҳам Финляндияни ҳозирги даражага чиқаришда локомотив вазифасини ўтаган таълим тизими билан яқиндан танишиш мумкин бўлди.

Узоқ вақт Швеция мустамлакаси бўлган, кейин Россия империяси таркибидаги автономияга айланган ва 1917 йилга келибгина мустақилликка эришган Финляндия кейинчалик ушбу мустақилликни сақлаб қолиш учун СССР билан урушларда ҳудудининг 10 фоизини ва 100 мингга яқин аскарни қурбон берган, шунингдек ташқи сиёсатини СССР рухсати билан олиб борган.

Бироқ Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидан фарқли равишда ички мустақиллигини сақлаб қолиш эвазига ҳозирга келиб дунёнинг энг илғори мамлакатларидан бирига айланган. Мамлакат узоқ вақт мустамлака бўлгани суратдан билиниб туради: Хельсинкини бир қарашда Санкт-Петербург ёки Польша шаҳарларидан ажратиш қийин. Сийрат эса бошқача.

Қандай бундай бўлди дейсизми? Яқинда дунё жамоатчилигини ҳайратга солиб бош вазирга айланган Санна Марин буни Финляндиянинг ҳаммага тенг имкониятлар тақдим этувчи таълим тизимида деб изоҳлаган. Ўша машҳур суратдаги Финляндия ҳукумати тепасидаги беш ёш аёл коалицияси вакилларидан бири — таълим вазири Ли Андерссон ҳам ўзаро суҳбатда фин таълим тизимисиз бундай бўлиши имконсиз эканини, зеро унинг ўзи ҳам этник камчилик, собиқ мустамлакачи шведлар вакили ҳамда ўртаҳол оиладан эканлигини айтганди.

Унинг айтишича, аслида Финляндия таълим тизими ҳам бошқа давлатларникидан фарқ қилмасди, таълим ёдлаб ўрганишга асосланган ва қаттиқ стандартлаштирилган эди. Айнан 1960 йиллар охирига келиб таълим соҳасида бошланган тизимли ислоҳотлар 2000 йиллардан бошлаб Финляндия таълим кўрсаткичлари дунёда энг юқорилардан бирига айланишига олиб келди.

Финлар биринчи навбатда мактабларни кичик жамиятларга айлантиришга ҳаракат қилди ва буни таъмилаш учун унинг қурувчилари — ўқитувчиларни тайёрлашга катта эътибор қаратди. Ўқитувчиларни тайёрлаш учун уч йиллик бакалавр ва икки йиллик магистратура даражасидан иборат жами 5 йиллик дастур жорий қилинди, ўқитувчи бўлиш учун магистратура даражасига эга бўлиш мажбурий қилиб қўйилди.

Педагогика йўналишига энг қийин қабул жорий қилинган бўлиб, ҳужжат топширганларнинг 10 фоизигина синовдан ўта олади. Яъни бу қаерга топширишни билмаганидан топшириб кириб кетадиган йўналиш эмас, балки юридик ёки иқтисодий соҳа каби энг нуфузли йўналишлардан бири. 30-40 йил давомида узлуксиз ўта юқори даражали ўқитувчилар тайёрланиши натижасида мамлакатнинг барча мактаблари элита даражасидаги ўқитувчилар билан тўлди.

Ҳар томонлама юксак малакали ўқитувчилар борлиги мактабларга автономия бериш имкониятини ҳосил қилди. Энди таълим вазирлиги қатъий стандартлар бериб, уларга амал қилишни сўрамайди, ўқитувчилар берилган тавсиялар бўйича ҳаракат қилиб, ўз ўқувчиларининг хусусиятларидан келиб чиқиб дарс жараёнини ташкиллаштиришга ўтди.

Минглаб варақлик ўқув дастурлари ўрнини ҳам 10 варақ атрофидаги умумий тавсиялар эгаллади. Ўқитувчилар энди берилган стандартларни қатъий жорий қиладиган техник ходимлар эмас, балки вазиятни таҳлил қилиб ҳаракатланадиган қарор чиқарувчиларга айланди. Ўқитувчиларнинг малакасига ишонч шунчалик каттаки, дарсликлар учун ҳам умуммиллий стандартлар бекор қилинган — ўқитувчилар ўзларининг ва ўқувчиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб дарслик танлайди.

Финляндияга ўқувчилар мактабдаги бутун даври давомида фақатгина битта мажбурий имтиҳон топширади — ўрта мактаб охирида. Бошқа барча имтиҳонлар ўқитувчиларнинг ихтиёрига ҳавола. Ўқувчилар ўртасида ҳам, мактаблар ўртасида ҳам рейтинглар умуман йўқ. Ўзлаштириши секин ёки имконияти чекланган ўқувчиларга индивидуаллаштирилган дастур тақдим этилади ва уларнинг бошқаларга етиб олиши таъминланади.

Финляндия таълим тизими ўқитиш ва ўрганиш жараёнини доимий таҳлил қилиш ва унинг натижаларини амалда жорий қилишга асосланади. Ҳар бир мактабда ўқитувчилар ҳафтада камида ярим кунни таълим жараёнини ўзаро муҳокама қилишга ва ўқув дастурини унинг натижаларини мослаштиришга сарфлайди. Бир ҳудуддаги мактаблар ҳам ўзаро маслаҳатлашиб туришади, энг муваффақиятли тажрибалар мамлакат бўйлаб тарқалади.

Яъни, Финляндия бошқа мамлакатлар сингари турли инновацияларни бирданига мамлакат миқёсида жорий қилишга уриниб, муваффақиятсизликка учраса бир неча йилдан кейин буни такрорлаш йўлидан кетмаган. У ерда бу доимий тирик жараён — нима яхши эканлигини мактабларнинг ўзлари ҳал қилади.

Бу тизим ишлашига мактабларнинг ўзаро тенглиги катта ҳисса қўшади — мамлакатда катта мактаблар мавжуд эмас: барча мактабларда ўқувчилар сони ўртача 300 нафар атрофида бўлишга ҳаракат қилинади. Бу ҳамма мактабларга бир хил муносабатда бўлиш имконини беради. Бир синфдаги ўқувчилар сони ҳам 20 нафардан ошмайди.

Финляндиядаги мактабларда ўқитувчи доска олдида туриб 45 дақиқа мавзуни тушунтиришига деярли гувоҳ бўлмайсиз. Ўқувчилар ўзаро келишилган режа бўйича мавзуни ўзлари мустақил ўрганади, дарс пайтида эса кимдир ўқиб ўтирганини, кимлардир гуруҳга бўлиниб муҳокама қилаётганини, бошқалар ўқитувчига саволлар бераётганини кўриш мумкин.

Ривожланаётган давлатлар Финляндия тажрибасига қараганда бир жиҳатга катта эътибор қаратишлари лозим — яъни нимадир ўрганмоқчи бўлинса, Финляндия таълим тизимининг ҳозирги ҳолатдан эмас, 50-60 йил олдинги ҳолатига ва ўша даврлардаги муаммоларни ечиш учун қайси босқичларни босиб ўтганига қараши лозим. Зеро биз ҳозир айнан ўша ҳолатдамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Финляндия қандай қилиб дунёдаги энг яхши таълим тизимига эга бўлди?