06:49 / 14.02.2020
2 608

Комил Алламжонов: Журналист ва блогерлар гапирган гапи учун қамалмаслиги керак

Комил Алламжонов: Журналист ва блогерлар гапирган гапи учун қамалмаслиги керак
Ўзбекистонда журналист ва блогерлар гапирган гапи учун қамалмаслиги керак. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов влогер Лазизбек Ҳамидовнинг «Улар» лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Интервью давомида Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) собиқ раҳбари АОКА блогерлар Абдуфатто Нуритдинов ва Нафосат Оллошукуровани ҳимоя қила олмагани ҳақида ОАВда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

«Журналист ёки блогер бирор маълумот олишда ёки ўз фаолияти давомида тазйиққа ёки адолатсизликка учраса, уларни ҳимоя қиламиз, деганмиз ва бу амалга ошган. Лекин адолатни таъминловчи орган бу — суд», — деди у.

«Абдуфатто Нуритдинов ва Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ вазиятларда суд жазо тўғрисидаги қарорни чиқариб бўлганидан кейин кўпчиликда АОКА ҳимоя қилолмади-ку, деган хулоса чиқаришига ундади. Ваҳоланки, суднинг фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, ҳатто АОКАнинг ҳам. Суд — олий орган, охирги инстанция. Суд қарорига кимдадир норозилик уйғонса, уни кейинги босқичлари бор: апелляцияга берилиши, кассация тартибида қайтадан кўриб чиқилиши ва ҳоказо. Бу ерда бизнинг фаолиятимиз, ҳимоямиз ожиз бўлади, чунки суднинг қарорини биз муҳокама қилолмаймиз», — деди Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, АОКА ушбу вазиятларда Президент ва ҳукумат олдига туҳмат ва ёлғон ахборот учун белгиланган жиноий жавобгарликни енгиллаштириш масаласини кўтариб чиққан.

«Биз бу нарса жуда муҳимлигини тушунтирдик, журналист ва блогерлар сўз учун, матбуотда айтган гапи учун қамалиши керак эмас, деган ғояни кўтариб чиқдик. Президент томонидан бу маъқулланиб, фармонларида, маърузаларида бу янграб ўтди, қатъий позиция белгиланди. Демоқчиманки, АОКА ҳеч нарса қилмади, ҳимоя қилмади эмас. АОКА туҳмат, ёлғон ахборот ёки ҳақорат билан боғлиқ, қамоқ жазосига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар эртага бутун соҳага жиддий зарар келтириши мумкинлигини кўриб, тушуниб, ҳаракат қилди», — деди Алламжонов.

«Шахсий позициям, аниқ, қатъий фикрим шуки, журналист ёки блогер матбуотда гапирган гапи учун қамалиши керак эмас. Хато қилса, қонунга зид бирор бир ҳолатга йўл қўйса, шунга яраша жазосини олиши керак — жазо бўлмаслиги ҳам нотўғри. Лекин айтилган гап учун, айтилган сўз учун қамалиш керак эмас. Мана шу позиция жуда ҳам муҳим... Биз шу даражага келишимиз керакки, журналист қамалмаслиги керак», — дея қўшимча қилди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комил Алламжонов: Журналист ва блогерлар гапирган гапи учун қамалмаслиги керак