19:53 / 14.02.2020
3 829

«Баъзи воқеалар сабаб прокурорларнинг кайфияти синиб қолди» - Светлана Ортиқова

«Баъзи воқеалар сабаб прокурорларнинг кайфияти синиб қолди» - Светлана Ортиқова
Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова сўнгги 10 йил ичида прокуратура тизимида қандай ўзгаришлар бўлгани ҳақида «Qalampir.uz»га берган интервьюсида гапириб ўтди.

«Прокурорлар фаолиятига IT-технологиялар кириб келди. Бизнинг фаолиятимиз анча-мунча шаффоф бўлди. Шуни ҳам тан олиш керак. Лекин, баъзи воқеалар сабаб прокурорларнинг кайфияти синиб қолди, яхши томонга ўзгарармиканмиз, деб кўнгиллари анча сўнди. Прокурорларимиз зиёли, маданиятли, маърифатли, профессионал бўлиши керак. Мана шуни тиклашимиз керак», — дейди Светлана Ортиқова.

Бош прокурор ўринбосари тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
«Албатта, бу шармандалик. Буни ҳам тан олиш керак. Лекин, прокуратура тизимини сақлаб қолган, прокуратуранинг фаолияти орқали инсоннинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қиладиган прокурорлар ҳам бор-ку. Биз прокуратурани, албатта, халқчил прокуратурага, халқ прокуратурасига айлантиришимиз керак. Бошқа иложимиз йўқ. Ҳозир бошқа имкониятимиз ҳам йўқ. Шу мақсадга албатта эришимиз керак. Йўқса, Президентимизнинг бизнинг олдимизга қўйган вазифасини бажара олмай қоламиз».

Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Юнусобод тумани судининг биносида 2019 йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашиджон Қодировга ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У.Суннатов 19 йилга, А.Мирзаев 15 йилга, У.Хуррамов 14 йилга, Ж.Файзиев 13 йилга, Л.Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан 2019 йилнинг 27 сентябрь куни Давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ)нинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди.

Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

2018 йил январидан 2019 йил ёзига қадар Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Отабек Муродов 2019 йилнинг 18 сентябрида қамоққа олинди. Президент Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқишида собиқ бош прокурорни танқид қилиб, у порахўрликда айбланаётгани ва унга нисбатан жиноий иш очилганини айтганди.

Кейинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродов ўзидан аввалги Ўзбекистон бош прокурори ДХХ собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётгани ҳақида маълумот берган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Баъзи воқеалар сабаб прокурорларнинг кайфияти синиб қолди» - Светлана Ортиқова