21:43 / 09.12.2021
5 065

Келинга аталган тош овқат ёки каннибаллар...

Келинга аталган тош овқат ёки каннибаллар...
Одамхўрлар кимлар?
Одамлар оч — на ўсимлик, на ҳайвон мавжуд бўлмаган дунёда каннибализм кучайган. Бир тўда иркит, кир-чир одамлар тўдаси ёлғиз ва кучсиз одамларни тутиб еган. Ортганини худди балиқнинг қуритилганидек, яъни қоқ қилиб захирага олиб қўйишган. Бунда тутқунликдаги занжирланган одам ўз ажали билан очликдан, сувсизликдан вафот этади. Қоқсуякка айланган бу одамларга каннибал одамхўрларнинг раҳми келмайди. Улар очликдан ўз жонини асраб қолишни ўйлайди.

Бугунги каннибаллар
Ижтимоий тармоқлар орқали икки хил воқеанинг гувоҳи бўлдим. Қизини ўз дўстининг ўғлига узатган отанинг ҳикояси. Унда айтилишича, соғлом, дуркун қизи келин бўлиб тушган хонадонида 42 килогача озиб кетган. Сабаб келиндан овқатни қизғанишаркан. Ҳамма нарса ўлчоғлик, қулф калитлик. Боғда пишган гилосдан егани учун қайнона келинни юмма талаган, эрига урдирган.

Оилада қайнона, қайнота ва ўғилларга алоҳида гўштли қозон осилган, келинларга эса шилтир шўрва, гўштсиз. Тонна-тонна сабзавот, мева сотган хонадонда келинларнинг мева ейишга ҳаққи бўлмаган. Келин қизлик оиласига билдирмаган оч қолишини. Охири 6 ойлик ҳомила билан камқонликка чалинган қизни ҳушидан кетиб қолгач, касалхонадан ота-онаси уйига олиб кетади.

Иккинчи воқеа — юқоридаги ҳодисадан кейин ёзилган яна бир дард. «Изоҳларни ўқиб дардим янгиланди. Мен ҳам келинидан овқат яширадиган қайноналар ҳақида ёзмоқчиман. Ўзига тўқ оилага, узоқ қариндошимизга келин бўлганман. Қайнотам амалдор, қайнанам бўлса бир ташкилотда ошпаз эди. Биз умумман озиқ-овқат сотиб олмасдик. Ҳамма маҳсулотлар иккита давлат ташкилотидан оқиб келарди. Қайнонам бутун маҳаллага маҳсулот сотарди. Лекин менга келганда ошхонага қулф солинган ёки ошхонада ҳеч нарса бўлмасди. Иккиқатлигимда таътилга чиққанимда оч қолганман.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни ошхонада пишган думбул (маккажўхори) турган экан, роса егим келади, лекин олишга қўрқаман, чунки катта жанжал бўлиши мумкин. Думбулни ҳар ўтган қайтганимда ҳидлайман, лекин ейишга юрак бетламайди. Ҳар куни 10-15 кг картошкани, помидорларни санаб қўядиган одамни кўрганмисиз, мабодо камайса, уйда катта жанжал. Эрга фарқи йўқ. Онаси ва қайтиб келган опаларининг айтганидан чиқмайди. Маҳсулотларни мита босиб, гўштлар қуртлаб кетарди, лекин мен овқатга зор эдим, ажрашиб қутулдим».

Бир дона жўхори, яримта олма, қотган нон
Ушбу икки воқеага ёзилган изоҳлар унданда аламли.
«Ҳа, бор шунақа оилалар, бобо, буви, ўғилларга алоҳида гўштли овқат, келин ва болаларга оддий овқат. Бечора болалар рахит, камқон бўлиб тинмай касалланиб ўсдилар».

«Менинг ҳам бошимдан ўтди шу кунлар, қайси бирини айтай, биттагина қизимни қариндошлик риштаси узилмасин деб амакимни неварасига бердим, қизим очликдан озиб, қандайдир довдирга ўхшаб колди, мактабда аъло баҳоларга битирган қизим, на кийим киядиган, на ўзига қарайдиган — ҳеч нарсага қизиқмайдиган бўлиб қолди, кийимларини сотиб овқат, сут олар экан. Уйидагилар ўзлари овқатланиб бўлишгач, ҳовли юмушларидан қайтган келинга, яъни қизимга боринг овкатланинг деркан. Қизим чилласи чиқмаган боласи билан бориб қозонни очса овқат ўрнида тош...».

«Сизни мен 100 фоиз тушунаман, чунки мен шундай оилага келин бўлганман, нон ҳам қайнонамнинг уйида турарди, бесўроқ нон ҳам ейиш мумкинмас эди (сўрасак балога қолардик). Бир ёш қизим кечаси нон ейман деб йиғларди, эримга бир бўлак нон олиб чиқинг, десам онасидан кўрқарди, ўзим секин чиқиб қўрқа-писа бир бўлак нон олиб чиқардим, ўлчаб қўярмиди нонни билмийман, эртасига «ҳа кечаси билан нон еб чикмай ўлгур жувонмарглар», деб роса қарғарди, шундаям 20 йил сабр қилдим...».

«Ҳа, буни тушуниш мумкин. Мен бир оилани билардим. Уйда қанд-қурс қулфлоғлик, нон-идиш қайнонани ётоқхонасида туради. Овқатни келин шўрлик бир-икки қошиқ ейди. Очлигидан камқон, озиб кетганди.

Келинга бор овқат сузиб кел, деб ошни келин чой дамлаб келаман, дегунича еб қўйишганини ўз кўзим билан кўрганман, келин бир чеккада чой ичиб ўтирди, чунки овқат қолмаганди
».

«Онам менга ҳомиладор бўлганида бувим шунақа қилган. Онам қотган нон еган экан. Жуда ориқ туғилгансан дейди менга, чунки бувинг бермасди ейишга ҳеч нарса. Биринчи ҳомиласида ойим ишлагани учун яхши еб юрган. Иккинчиси ҳомиласи мен бўлганман — уйда ўтириб қолган пайтлари экан. Менда қийналган эканлар, сени қотган нон еб туққанман дейдилар».

«Ишониш қийин, лекин ҳақиқат. Кичик синглимни берган жойимиз ҳам шунақа эди, нонни қулфлаб қўйишаркан, камига келин овқатни пишириб сузиб киргизиб, то ўзи келгунча еб бўлиб «сизга қолмадия», дея хохолаб кулишаркан, унданам ёмони келин дастурхонга ҳамма қатори ўтирса, «сен пастга тушиб ўтир», деб тапчандан тушириб юбораркан».

«Қизим ҳам уйга келса менга овқатни гўштли қилиб сузинглар дерди. Болалари ҳам оч бўларди. Ҳар куни қайнаган макарон еган экан. Ажрашгандан кейин болаларига овқат танламаларинг, яқинда юрувдик қайнаган макарон еб деганида билдим. Унгача айтмаган».

«Жияним шунақа хонадонга тушган эди. Музлаткичини қулфлаб қўяркан, чангютгич бўла туриб супургида супуртираркан электрни тежаб. Бир куни ошхонада яримта олма турганакан жияним егиси келиб олган. Эрталаб қайнонаси шуниям еб қўйдингми, деб жаврабди».

«Мендаям шу аҳвол бўлган, бир қошиқ шакар қизғанарди қайнотам, бир қоп шакар турсаям, овқатнику гапирмасаям бўлади. Музлаткич тўла, лекин ейиш менга мумкинмас. Эмизикли эдим, роса қийналганман, таом пиширасиз, лекин ейиш мумкинмас. Жудаям ачинарли ҳолат. Гемоглобин 50 га тушиб кетган, охирги нонниям ишга кўтариб кетарди, сен қотган нондан еявер деб. 1 дона тухум учун жанжал қилган, ваҳоланки мен емагандим, уйдан нима йўқолса мен ўғирлаган бўлардим, лекин топилиб қолса индашмасди... Алоҳида яшаб қутулдим».

«Овсинимнинг қизи шунақа жойга тушган. Туққанида фақат гречкани сувга қайнатиб едирган, «сенга бошқа нарса мумкинмас» деб, охири ҳушидан кетиб қолди. Шунда ҳам ота-онасини чақириб қизларинг касалманд экан, ҳушидан кетиб қолаяпти деган. Лекин чидаб яшаяпти...».

Юрагида қуёши бор одамлар
Юқорида каннибализм ҳақида бежизга эсламадик. Американинг 2009 йилда ишлаб чиқарилган «Йўл» деган киносида ана шундай кичик бир эпизод бор.

Ушбу кино режиссёр Жон Хиллкоут томонидан ишланган. Бош ролда Винго Мантерсон. Табиий офатдан кейин бутун дунёда нафақат цивилизация, балки ўсимлик ва ҳайвонот дунёси йўқликка маҳкум бўлади. Яъни, ер юзидан қуёш йўқолади. Ҳамма ёқни куйиб кул бўлган дарахтлар тутуни қуршаб олади. Тирик қолган кучли одамлар кучсизларни ейишни бошлайди. Одам ейдиганлардан қочиб қутулганларни ҳали тириклик мавжуд бўлганда ишлаб чиқарилган консерваларгина қутқаради. Бош ролдаги ота ва бола ўша тўдалардан яшириниб ҳаётларини сақлаб қолади.

Кино ота ва ўғил муносабати — ҳақиқий отанинг ўғилга қалқон бўлиши, уни нафақат ёмон одамлардан асраш, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам одам бўлиб қолиши ҳақида. У ўғлига айтади: «Қалбингда ўтинг бор экан, юрагинг уриб турибди экан, нима бўлишидан қатъи назар биз одам бўлиб қолишимиз керак».

Ота охирги лаҳзаларгача ёмон одамлар ва яхши одамлар билан ўғлини таништириб боради. Туғилганиданоқ отасидан бошқа кимсани, совуқ, зулмат, очликдан бошқа нарсани кўрмаган боланинг қалбига эзгулик уруғини экади. Бола билан отаси йўл-йўлакай ҳар хил одамларни учратади. Яхшиларига ёрдам қўлини чўзади, ёмонларидан ўзларини асрайди. Қаердандир топиб олган охирги банка ширин сувли ичимликни болакай 90 ёшли ожиз одамга беришга отасини кўндиради. Тасаввур қилаяпсизми, болакайга кўпикчалари бор бу ширин сув жуда ёққан эди, ўша ёқимли таъмли сувни қария билан бўлишмоқчи.

Отаси «охирги емагингни бегонага бериб ўзинг очингдан ўлишинг мумкин», деган пайтида ўғли айтади: «юрагим уриб турибди, қалбимда ўтим бор, мен ҳар қандай вазиятдаям одам бўлиб қолишим керак».

Ниҳоят боланинг отаси узоқ давом этган касалликдан ўлади. Болакай ўша пайт соҳилда уни кузатиб турган бир эркакни кўриб отаси айтганидек ёмонми ёки яхши одамлигини билолмай сергак туради. Бегона одам унга оиласига қўшилишни таклиф қилади. Болакай сал нарироқда у ишора қилган оилани кўради. Унинг оиласи — хотини, икки нафар фарзанди ва кучукдан иборат бўлади. У шу оилага қўшилади. Одамлар бир-бирини еб турган бир пайтда, овқат энг катта муаммога айланганда бу оилада кучукнинг ҳам ризқи топилгани боланинг отаси айтганидек, юрагида алангаси ёниб турган одамлар эканлигидан дарак эди.

Каннибаллар қандай пайдо бўлади, нима сабаб бўлади, деган саволга шу кинони кўриб жавоб топгандек бўлдим. Юқорида биз сизларга мисол келтирган одамлар агар шундай офат бошланса, мана шу золим қайноналар, золим қайноталар каннибалга айланадилар, ишонаверинг, бир-бирининг гўштини ейдиган одамхўрларга айланадилар. Чунки булар тўқчилик замонида ўзларининг зурриётларининг қонини ичган, овқат қизғанган очкўз, бераҳм одамлар. Улар овқат қизғангани учун баъзи болалар нимжон туғилган, оила пароканда бўлган, ҳатто келинлар очликдан вафот этган. Хўш айтингчи, тўқлик замонида оч қолдирилган жабрдийдаларга қилинган зулм одамхўрликдан нимаси билан фарқ қилади? Бундай ёвузларнинг бошига озроқ ташвиш тушса, очлик билан юзма-юз келса, каннибаллардек иш тутмаслигига ишонасизми?

Биз эса бугунги кунда келинларини ўз қизидек кўраётган, хўрламаётган, авлодимнинг давомчисини дунёга келтиради, деб соғлиғини биринчи ўринга қўйган қалбида чироғи, қуёши бор одамлар кўпайишини истаб қоламиз. Чунки қалбимизда, юрагимизда чироқ бор экан, ҳар қандай вазиятдаям, нима бўлгандаям, нима бўлишидан қатъи назар одам бўлиб қолишимиз керак.

Барно Султонова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Келинга аталган тош овқат ёки каннибаллар...