23:31 / 14.12.2021
4 176

«Одамлар ҳалок бўлди, ҳалиям Худо бизни асради» – Шавкат Мирзиёев

«Одамлар ҳалок бўлди, ҳалиям Худо бизни асради» – Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари Деновда газ қувури портлаши натижасида содир бўлган ҳодисага тўхталиб, ушбу нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши кераклигини айтди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.

«Ҳаммаси газ раҳбарларининг айби, ушбу воқеа нафс балоси сабабли содир бўлди. Одамлар ҳалок бўлди, ҳалиям Худо бизни асради», – дейди президент.

Давлат раҳбари Янги йил байрами олдидан аҳолининг газдан фойдаланиш кўрсаткичлари ортиши ҳисобига юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалардан муҳофаза қилиш учун тушунтириш ишлари олиб борилиши лозимлигини билдирди.

Ҳар бир ҳоким, прокурор, ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Қурилиш, Саноат хавфсизлиги бошқармалари раҳбарлари ўз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник стандартларга амалга қилиш, пала-партиш қурилишларга йўл қўймаслик, ерости тармоқлар ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат тизимини ўрнатиши шартлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги «Indenim» савдо мажмуасида кучли портлаш 7 декабрь тонгида юз берган. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 11 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кейинчалик Деновдаги портлашда 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов икки нафар марҳумнинг яқинларига моддий ёрдам пули тўлаб берилаётганини маълум қилди. У, шунингдек, тадбиркорларга етказилган зарар, 65 та хонадон таъмири ва ижтимоий соҳа объектларининг зарарланиши оқибатида келиб чиққан чиқимлар ҳам суд қарорига кўра икки хил усулда қопланишини билдирган.

Тахминларга кўра, портлаш газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-модда (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Одамлар ҳалок бўлди, ҳалиям Худо бизни асради» – Шавкат Мирзиёев