22:32 / 15.12.2021
3 438

Бухоро ва Хива шаҳарлари ўртасида тезюрар Афросиёб поезди қатнови йўлга қўйилади

Бухоро ва Хива шаҳарлари ўртасида тезюрар Афросиёб поезди қатнови йўлга қўйилади
Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ғарбидаги йирик шаҳар марказларини боғловчи 465 километрлик темирйўл линиясини электрлаштириш, темирйўл хизматларини яхшилаш ҳамда минтақада савдо ва туризмни ривожлантириш учун 162 миллион долларлик кредит ажратилишини маъқуллади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Бухоро ва Хива шаҳарлари ўртасида 250 километр тезликда ҳаракатланувчи тезюрар Афросиёб поездлари қатнови йўлга қўйилади. Бу орқали Бухоро ва Хива ўртасидаги қатнов вақтини икки соатгача қисқартириш, Тошкентдан Хивага етти соатда етиб бориш имкониятини яратиш режа қилинмоқда.

«Ишончли ва хавфсиз транспорт инфратузилмаси иқтисодий ўсишнинг асосий омили ҳисобланади, айниқса денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон каби мамлакатларда. Янги лойиҳа Хоразм вилоятини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайдиган иқтисодий йўлак яратишга, пандемиядан кейинги туризмни тиклашга ёрдам беради ва Ўзбекистоннинг минтақавий транзит маркази сифатидаги ролини янада мустаҳкамлайди», – дея таъкидлаган ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

Ушбу лойиҳа Хитойни Марказий Осиё орқали Европа билан боғлайдиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик коридорининг бир қисми экани ҳам айтилган.

«Бухоро-Хива» темирйўл линияси электрлаштирилгач, йиллик йўловчи ташиш ҳажми жорий йилдаги 280 минг кишидан 2026 йилга бориб 1 миллион кишигача оширилиши, юк ташиш ҳажми эса йилига жами 11,8 миллион тоннага етиши прогноз қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг Осиё инфратузилма инвестициялар банкига 108 миллион доллар миқдорида кредит сўраб қилган мурожаати ҳам банк кенгаши томонидан маъқулланган.

Шунингдек, ОТБ темирйўл бошқаруви бўйича талаба қизларни ўқитиш каби гендер тенглигига қаратилган тадбирларини қўллаб-қувватлаш учун ҳам 300 минг доллар миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади.

Маълумот учун, Осиё тараққиёт банки 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 давлат аъзо ҳисобланади. Ушбу банкка Ўзбекистон 1995 йилда аъзо бўлиб кирган ва шундан бери 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдам ажратилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухоро ва Хива шаҳарлари ўртасида тезюрар Афросиёб поезди қатнови йўлга қўйилади