Турин политехника университети қошидаги Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси мудири, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Фикрет Умеров “Дарё” мухбирига берган интервьюсида электромобилларнинг ёниши ва қай ҳолатларда портлаб кетиши ҳақида тушунтириш берди.
Фикрет Умеровнинг айтишича, электромобилнинг ёниш ҳолати фақат батарея зўриқиб ишлаганда ва ҳарорат юқори даражада бўлгандагина рўй бериши мумкин.
“Лекин бунинг олдини олиш учун 4-5 поғонали хавфсизлик тизимлари ишлаб чиқилган. Агар қизиб кетиш меъёрдан ошиб кетса, ҳимоя тизимлари иш бошлайди ва у буни хавфли деб топса, электромобил ҳаракатини тўхтатиб қўяди.
Ҳарорат +200 градусга етганда батарея ичида анот реакцияга киришганда очиқ ҳаво кириши натижасида реакцияга учраб ёниб кетиши мумкин.
Батарея шунчалик хавфсиз ишланганки, электромобил ёниб кетиши учун ҳимоя блоклари дарс кетиб, батареягача бўлган қисмлар тўлиқ ёниб кетиши лозим”, — деди олим.
Унинг қўшимча қилишича, электромобил метан газ баллон ўрнатилган автомобилдан кўра хавфсиз.
“Портлаб кетиш хавфи нолга тенг. Сабаби электромобил портлаб кетиши учун тўлиқ ёниб кетиши керак. Унда ҳам батареяга зарар етмаслиги мумкин. Чунки батарея жуда қаттиқ металл билан муҳофаза қилинган”, — деди Турин политехника университети лаборатория мудири.
Қўшимча қилинишича, электромобилларнинг ёниб ёки портлаб кетиш ҳолатлари Ўзбекистонда кузатилмаган, дунёда ҳам камдан кам содир бўлади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг