Фото: Reuters/Aly Song
Норвегия электромобилларга ўтишда бошқаларга намуна бўлмоқда. 2024 йилги расмий статистик маълумотларга кўра, мамлакатда сотилган ҳар 10 та автомобилдан тўққизтаси электрда юради.
Норвегия ҳукумати кучли давлат сиёсати, ривожланган инфратузилма ва жамоатчилик қўллаб-қувватлови билан иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича жиддий мажбуриятларни ўз зиммасига олган, деб ёзмоқда DW нашри. Ослонинг мақсадига кўра, 2025 йил охиригача мамлакатда сотиладиган енгил автомобилларнинг бирортаси атмосферага чиқинди чиқармаслиги керак. Таққослаш учун, Европа Иттифоқи худди шундай мақсад муддатини 2035 йилга белгилаган (Норвегия иттифоққа аъзо эмас).
Норвегиянинг муваффақият сири — бойлиги, кам сонли аҳолиси ва давлат томонидан кучли рағбатлантириш чораларида
Ушбу Скандинавия давлатининг фаровонлиги ва майдони, шубҳасиз, унда электромобилларни жорий этиш муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшган. Норвегияда 5,5 миллион киши истиқомат қилади ва у Россиядан кейин Европадаги энг катта нефт захиралари шарофати билан бойиган давлатлардан бири ҳисобланади. Бироқ мазкур омилларнинг ўзи бу соҳадаги улкан ютуқларни тўлиқ изоҳлаш учун етарли эмас.
Ослода жойлашган Халқаро иқлим тадқиқотлари маркази (CICERO) катта илмий ходими Робби Эндрюнинг фикрича, Норвегия ҳукумати электромобилликни ривожлантиришга ўн йиллардан бери интилиб келаётгани ҳал қилувчи омил бўлди.
“1990 йиллардаёқ Норвегия электромобиллар ишлаб чиқариш учун компания яратишга ҳаракат қилган”, — деб эслатди Эндрю DW нашрига берган интервьюсида. У маҳаллий автомобил саноатида кучли лобби йўқлиги ушбу ташаббусларга туртки бўлганини таъкидлади.
Электромобил ишлаб чиқаришга дастлабки уринишлар чекланган тижорий муваффақиятга эришган, бор-йўғи бир неча минг машина сотилган бўлса-да, улар кенг жамоатчиликни электромобиллар аҳамияти ҳақида хабардор қилишга ва унинг муҳимлигини тан олишга ҳисса қўшди. Бу эса Tesla ва Volkswagen сингари жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг электромобиллари кенг тарқалишига замин яратди.
Солиқ имтиёзлари ва ҳаракатланиш қулайлиги электромобиллар оммалашишига ёрдам берди
Қулай давлат сиёсати, шубҳасиз, электромобилларга ўтиш муаммоларини юмшатишга кўмаклашган. Норвегия электромобилларни сотишда қўшилган қиймат солиғи ва импорт божларини ундирмайди. Одатда бундай солиқлар янги автомобил нархининг камида учдан бир қисми, максимал ярмини ташкил этиши мумкин. Электромобил эгалари пуллик йўллар ва автотураргоҳлар учун тўловлардан ҳам озод этилган. Улар ҳатто Осло ва унинг атрофида автобуслар учун мўлжалланган йўлаклардан фойдаланиш имкониятига эга. Солиқ имтиёзларидан энг кўп манфаат кўрганлар даромади юқори норвегияликлар бўлиб, кўпинча бундай оилалар иккинчи автомобил сифатида электромобиллар сотиб олмоқда.
2025 йилда электромобилларга тўлиқ ўтиш мақсадига деярли эришган ҳукумат яқинда айрим имтиёзларни бекор қилди. Энди қиймати 500 000 крондан (42 500 евро) ортиқ бўлган катта ва ҳашаматли автомобиллар сотувида ҚҚС қисман ундирилади. Шунга қарамай, аҳолининг кам таъминланган қатламига мансуб электромобил эгалари кўплаб имтиёзлардан ҳамон фойдаланмоқда.
Ослодаги Транспорт тадқиқотлари маркази директори Бёрн Гримсруднинг фикрича, ҳукумат томонидан жорий этилган рағбатлантиришлар “жуда қимматга тушган”, аммо мамлакат бойлиги ва 2050 йилга келиб иқлим бўйича нейтралликка эришиш мақсади ҳисобга олинса, уларни амалга ошириш мумкин.
“Илгари ҳукумат ҳар йили автомобиллардан олинадиган солиқ ва божлар ҳисобига 75 миллиард крон йиғарди, аммо бу сумма икки бараварга қисқарди”, — деб тушунтирди Гримсруд DW билан суҳбатда.
Норвегияда уйда зарядлаш станциялари устунлик қилади
Норвегиянинг яна бир афзаллиги — дунёдаги энг экологик тоза ва ишончли энергетика тизимидир. Мамлакатда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг 90 фоиздан ортиғи гидроэнергетикага тўғри келади ва у, одатда, ортиғи билан ишлаб чиқарилади, бу эса электромобилларни уй шароитида зарядлашни осонлаштиради.
“Европанинг бошқа мамлакатларида электр энергиясидан фойдаланиш қийин бўлган бир пайтда, кўпчилик норвегияликлар ўз электромобилларини уйда (жамоат қувватлаш пунктларида эмас) зарядлаши мумкин”, — дейди Гримсруд.
2022 йилда Норвегия электромобиллар уюшмаси томонидан ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, электромобил эгаларининг тўртдан уч қисми алоҳида ҳовлиларда истиқомат қилади, бу эса уй зарядлаш қурилмаларини ўрнатишни анча осонлаштиради. Лондондаги LCP консалтинг компанияси ҳисоботига кўра, Норвегиядаги электромобилларнинг 82 фоизи уйда зарядланади, бироқ шаҳар ҳудудларида бу кўрсаткич нисбатан пастроқ.
Сан-Диeгодаги Барқарор энергетика маркази етакчи мутахассиси Ленс Ноэл Норвегияда биринчи даражали (Level 1) зарядлаш қурилмаларининг кенг тарқалиши электромобиллик жорий этилишига катта таъсир кўрсатганини айтди.
Level-1 — электромобилларни ўзгарувчан ток билан зарядлашнинг энг оддий усули бўлиб, одатда махсус ажратилган электр занжиридаги розеткадан фойдаланади. Бу усул асосан уйларда, корхоналарда ва мактабларда қўлланади; 1,4 киловаттдан 1,9 киловаттгача қувват билан таъминлайди, бу эса автомобилларни тунбўйи зарядлаш учун етарли.
Ноэлнинг фикрича, бошқа мамлакатлар ҳадеб Level-2 ва Level-3 каби жамоавий зарядлаш станцияларига эътибор қаратмасдан, “жамиятга электромобилликни жорий этишнинг арзонроқ ва осонроқ усуллари ҳақида ўйлаши” керак.
АҚШ Трамп даврида Норвегия муваффақиятини такрорлаши даргумон
Кўплаб америкаликлар Доналд Трамп Оқ уйга қайтгач, Жо Байден маъмуриятининг электромобилларни жорий этишни рағбатлантириш сиёсатидан воз кечишидан хавотирланмоқда.
Сайланган республикачи президент электромобиллар сотиб олиш учун 7500 долларгача федерал солиқ имтиёзларини беришни тўхтатишга, шунингдек, хорижий автомобил ишлаб чиқарувчилар учун янги импорт божларини жорий этишга ваъда берган, бу эса электромобиллар нархи ошишига олиб келиши мумкин.
АҚШнинг бир нечта штати электр автомобилларини сотиб олиш учун ўз имтиёзларини қисқартиришни режалаштирмоқда.
Сўнгги ойларда АҚШда электромобиллар савдосининг ўсиш суръатлари секинлашган. Бунга нархлар юқорилиги ва зарядлаш станциялари етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Ўтган ҳафта Tesla компанияси ўн йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта савдо ҳажми пасайганини маълум қилди.
Скандинавия мамлакатларида электромобилларни жорий этиш бўйича тадқиқотлар билан шуғулланган Ленс Ноэл Трамп президентлиги даврида Америка ҳукумати электромобиллик сиёсатида катта эҳтимол билан “орқага қадам” ташлашини прогноз қилди. У электромобилликни ривожлантириш сиёсатига энг кўп маблағ сарфлайдиган мамлакатлар энг кўп натижа олаётганидан ажабланмаслик кераклигини таъкидлади.
“Норвегияда амалга оширилган ишларни такрорлашга қатъий интилаётган давлатлар раҳбарлари бу соҳада кучли ва аниқ сиёсат олиб бориш учун ўзларида сиёсий ирода топишаётган бўлса керак”, — деб хулоса қилди Ноэл. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг