
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025-йил 25-октябрда қабул қилинган 676-сонли қарорга кўра, 2026-йил 1-апрелдан бошлаб автоматлаштирилган камера ва радар тизимлари орқали қайд этилган йўл қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади.
Янги тартибнинг асосий мақсади — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ўлим билан якунланадиган ҳолатларни камайтириш ва интизомни кучайтириш. Энди жарима баллари нафақат транспорт воситаси эгасига, балки уни ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақаси асосида бошқарган шахсга ҳам тааллуқли бўлади.
Жарима баллари тизими 2025-йил 1-июндан бошлаб жорий этилган эди, аммо дастлаб фақат YHХХ ходимлари томонидан тузилган баённомалар асосида балл қўшилган. Камера ёки радар орқали аниқланган қоидабузарликлар учун эса балл ёзилмас эди. Эндиликда техник имкониятлар кенгайгани сабабли, бу тизим ҳам тўлиқ рақамлаштирилмоқда.
Қарорга биноан, агар ҳайдовчи 12 ой давомида бирор қоидани бузмаса, кейинги илк қоидабузарлиги учун жарима балли ёзилмайди. Шунингдек, ҳайдовчига балл ёзилганидан сўнг олти ой давомида янги қоидабузарлик содир этилмаса, тизим автоматик тарзда ундан 2 баллни олиб ташлайди.
Эслатиб ўтамиз, агар ҳайдовчининг бир йил ичида жами баллари 12 тага етса, маълумотлар автоматик равишда судга юборилади. Суд қарорига кўра, бундай ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиши мумкин.
Энди камералар ҳам балл ёзади — ҳайдовчиларни янги тизим кутмоқда
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг