00:59 / 18.03.2018
9 820

Жаҳонгир Позилжонов: “Танқидчилар билан тортишиб ўтирмайман”

Жаҳонгир Позилжонов: “Танқидчилар билан тортишиб ўтирмайман”
Шўх ва бир оз ҳазиломуз қўшиқлари билан танилган Жаҳонгир Позилжонов ҳаётда фақат ижобий туйғулардан илҳом олади, атрофдагиларга ҳам хуш кайфият улашишга ҳаракат қилади. Аммо у танқидларга ҳам бутунлай бефарқ эмас…

— Айни пайтда кўпроқ ТВ билан овора бўлиб қолаётганга ўхшайсиз. Мухлислар эндиликда қайси бир фаолиятингизни кўпроқ тилга олишяпти — хонандалигингизними ёки телебошловчилигингизними?
— Чиндан ҳам бугун телевидениедаги фаолиятим ҳақида кўпроқ гапиришяпти. Хонандаликда тилга олинадиган ижод қила олганим йўқ, тўғриси. Охирги қўшиғимиз ҳам бир ярим-икки йил олдин куйланган “Гули” қўшиғи бўлди. Ундан кейин хит тарона куйламадик. Кўпроқ ТВга вақт ажратиляпти. Бу ўзимга ҳам сезила бошлади.

— Ўзингизга ёқяптими шу жараён? ТВнинг талаблари бошқача бўлса керак…
— Албатта, телевидение ижодкорнинг дунёқарашини кенгайтиради, чунки қўшиқчиликда бир хил йўналишда ижод қилсангиз, телевидениеда ўзингизни ҳар хил йўналишда синаб кўрасиз. Ҳар куни янгилик қилиш учун ҳаракат қиласиз, бошловчиликда ҳам, режиссёрликда ҳам дунёқарашингиз ўсиб боради.

Айни пайтда ўн хил йўналишда ишлаяпмиз. Ён-атрофимда “Божалар” гуруҳидаги йигитлар доим бирга — Отабек Мирзахолов, Аҳмад Темуров, Жавлон Шодмонов, Дилшод Мирзамуродов, “Дизайн” гуруҳи, “ҚВЗ” йигитлари… Умуман, жамоада ҳар бир ижодкорнинг ўз ўрни бор.

— Қайси фаолиятингиз ҳақида билдирилаётган эътирофлар сизга кўпроқ завқ беряпти?
— Ҳар икки фаолиятим ҳақидаги фикр ҳам, агар ижобий бўлса, албатта, завқ беради. Чунки қилган меҳнатингизни кимдир эътироф этса, қадрлашса, бу — ёқимли. Лекин яхши фикр билдирадиганлар билан бир қаторда “ёқмади” дейдиган, ҳатто “Битта бошловчилик қолганди қилмаганинг…” дейдиганлар ҳам бор. “Инстаграм”да ёзишади-да, шундай фикрларни ҳам. Бекитмайман, бундай тоифадаги одамларга “Ёқмаса, кўрманг” дейман. Чунки бирон таомни ҳам ёқмаса емайсиз-ку, кўрсатувни ҳам аслида ёқтирмаган одам кўрмайди. Кўрмаган одам эса уни “ёқмади” дейишга ҳам хижолат бўлади. Камчилигимизни биляптими, демак, бу одам кўрсатувимизни кўряпти. Фақат бунақа одамлар шунчаки ишимиздан камчилик қидиришни яхши кўрадиганлар, деб биламан. Бу тоифадагилар аслида кўп эмас, аммо айнан улар ўзларининг ўринли-ўринсиз танқидлари билан асабингизни ўйнатиб, мазза қилишади.

— Танқидларга қандай қарайсиз ўзи?
— Танқидларни эшитиб мазза қиламан, хурсанд бўламан. Танқидчилар гапирмай қўйишса, нега камчилигимни айтишмаяпти, деб хавотирга тушаман. Ўйлаб қарасак, танқид қилаётган одам ҳам ижодкорга ўз хатосини кўришига, тўғрилашига беминнат ёрдам беради. Лекин тан оламан, ҳеч қачон танқидларга жавоб бермаганман, улар билан тортишиб ҳам ўтирмайман.

Танқидларнинг ҳам фойдалисини олиб қолиш керак. Ҳар бир одам ўз камчилигини билади, лекин ўша камчиликни гапиришса, баъзиларнинг жаҳли чиқади. Мен ўзимдаги камчиликни айтишса, тўғрисини айтиб, буни тан оламан. Мисол учун кўпчилик мени жонли ижрода куйламайди, доим фонограммада айтади, деб танқид қилади. Тўғри, мен қўшиқни жонли айтмайман, буни яширмайман ҳам. Жонли ижрода 3-4та қўшиғимни куйлашим мумкин, лекин бир-бир ярим соат жонли ижрога овозим, кучим етмай қолади.

— Кўрсатувларда томошабинлар анча жиддийлашганингизни сезмай қолишмаяпти. Бу ўзингизга танлаган янги имижингизми ёки улғайганингиз таъсирими?
— Худо берган умрни яшаймиз-у, насиб қилса, олтмиш, саксон ёшларга кирганимда ҳам ўзимни ёш деб ҳис этиб, шўх-қувноқ бўлиб юравераман. Чунки отам доим “Одам қанчалик қувноқ, хушчақчақ бўлса, муаммоларни ҳам асабийлашмай, кулиб енгса, яхши умр кечиради. Кул ва ёнингдагиларни ҳам кулдириб яша, ёнидагиларга кулги улашган инсон доим ўз ҳаётидан мамнун бўлади”, дердилар. Бу гапни мен ҳам бугун ўз фарзандларимга айтаман.

Ҳозирги жиддийлигимни бир имиж, образ десак ҳам бўлади, чунки кўрсатувларимни комедик тарзда олиб борсам, уларнинг ўз йўли, нафаси йўқолиб қолган бўларди. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон одамгарчилик юзасидан ўз камчиликларини тан олса, келгусида уларни тўғрилаб, ютуққа эришиши мумкин, деб ўйлайман. Мен ҳам камчилигимни ҳеч қачон бекитмаганман — менда бошқа бошловчиларга ўхшаб сўз бойлиги ёки маҳорат жуда кучли эмас. Бошловчиликка даъвогар ҳам эмасман. Лекин ўз фикримдан келиб чиқиб, бошловчиликда ҳам одамларга жиддийроқ йўл билан кулги улашишга ҳаракат қиламан, холос.

— Демак, доим ортга қараб, ўз камчиликларингизни кўриб, уларни тузатишга ҳаракат қиласиз….
— Албатта, “камчилигим йўқ” деган одамнинг ўзи йўқ. Қайсидир соҳаларда “мен зўрман” дейиш яхши. Лекин санъаткорнинг “мен зўрман” дейиши — унинг учун зинапоя тугади, дегани.

— Кўрсатувларингиз ҳақида ижобий фикрлар билан бирга танқидий фикрлар ҳам кўп бўляпти. Томошабинлар бу кўрсатувларнинг айримларида истеъдод, ижодкорлик бор-у, аммо яхши сценарий ёки яхши режиссёр, умуман, шу кўрсатувни тўғри йўналтира оладиган маслаҳатчи етишмаётганини, баъзан фақат импровизацияга таяниб қолинаётганини айтишмоқда…

— Тўғри, импровизацияга таянаман. Ўзим маданият коллежида ҳам, Ўзбекистон давлат санъат институтида ҳам режиссёрлик бўйича таҳсил олганман. Режиссурани икки хил йўналишда ўқиганман, бу борада тушунчам яхши. Шу билан бирга актёрликдан ҳам дарс олганмиз, шу таҳсил давомида импровизацияга кўпроқ ёндашишим кераклигини англаганман. Бунга сабаб, талабалигимда саҳнада ёдлаган сўзим эсимдан чиқиб қолиб, ҳаяжондан гапира олмай, кулгига қолганман…

Аслида ўшанда кичкинагина эпизодни ўйнашим керак эди. Партнёрим импровизацияга ўтиб кетган, буни кутмаганим учун гапира олмай қолганман. Шунда тушунганманки, актёр доим импровизацияга тайёр бўлиши зарур. Бошқа ижодкорлар билан гаплашганимда, улар актёр ролини барибир сценарий бўйича ижро этиши керак, дейишади. Балки бу гапимдан бошқа актёрлар, устозлар, режиссёрлар хафа бўлишар, улардан узр сўрайман. Аммо йигирма йиллик тажрибамда импровизацияга таянишим доим менга омадли бўлди.

Санъаткорга олқишлар илҳом беради. Сценарий тугаган тақдирда ҳам, одамларнинг олқишидан импровизация янада авж олади. Аммо кўрсатувда келадиган меҳмонингиз сиз ўйлаган сценарий бўйича гапириши қийин, чунки кўрсатув учун репетиция қилинмайди. У сценарий асосида олинса ҳам, жонли чиқмайди, Шу сабаб, кўрсатувларимизда сценарийсиз жонли суҳбатлар қилишни афзал кўрамиз.

“Болалигимни кўп эслайман, тушларимда ҳам кўп кўраман. Ёдимда, кичкиналигимда ёзда бувимникига кўп борардик. Онам, отам ҳар икки кунда ширинликлар кўтариб бизни кўргани келишарди. Ҳовлида хонтахтамиз бўларди, унинг атрофида жам бўлиб ўтирардик. Уйимизда ҳам эсимни таниганимдан бери хонтахта бўлган. Отам уни “Самарқанддан олиб келтирганман”, дердилар. Ота-онам ёруғ оламни тарк этишди, бугун ўша хонтахта атрофида ҳамма яқинларимиз билан ўтирган дамларимизни, ота-онамни соғинаман. Хонтахта атрофида ўтирсам, улар билан бирга ўтиргандек бўламан. “Хонтахта” номли кўрсатувнинг дунёга келишига мана шу соғинчларим сабаб бўлган. Шу кўрсатув туфайли беғам, беташвиш болалик йилларини одамларнинг ёдига солсам, ғам-ташвишларини унутишса керак, деган фикр туғилган. Чунки кимдир ўша хонтахта атрофида бир пайтлар бирга ўтирган отасини, кимдир онасини, кимдир бувисини йўқотган. Бу хотиралар ҳаммага қадрдон ва таниш, назаримда. Айни пайтда кўрсатувни кўпчилик кўряпти, уни кўраётганлар ўз болалигини эслашса, ташвишларини унутишса, ютуғимиз — шу”.

— Янги фильм суратга олаётганингиздан хабаримиз бор. Унда ўзингиз ҳам иштирок этасизми?
— Янги “Сайл” номли фильмни суратга олиш ишларини якунладик. Тўғрироғи, фильм ўтган йили тасвирга олинган, бу йил унинг иккинчи қисми ишланди. Фильм лавҳалари АҚШ, Малайзия, Таиланднинг икки шаҳрида, Туркияда ҳам тасвирга туширилди. Унда чет элда ишлаётган ёшларимиз ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Мюзикл кўринишидаги ушбу фильмдан мусиқали клиплар ҳам ўрин олади. Фильм учун кўпроқ айнан ретро қўшиқларни танладик. Масалан, куйланганига ўттиз-ўттиз беш йил бўлган, афсонавий қўшиқлар сафидан жой олган тароналарни ўз ижрочилари ва ёш хонандалар иштирокида эстрада йўналишида қайта жонлантиришга ҳаракат қилдик.

— Қайси касб эгаларига чин дилдан ҳавас қиласиз, кимларга ўхшашни хоҳлаган бўлардингиз? Умуман, сизга оилада ва ҳаётда чинакам ўрнак бўлган инсонингиз ким?
— Ҳаётда мен чинакам ўрнак бўлган инсон — отам. Отам — Ғайратжон Позилжонов бутун умр ошпазлик қилганлар. Улар бир умр шуғулланган шу касб эгаларига доим ҳавас қиламан.

Мактабда ўқиб юрган пайтимизда отам бўш вақтимиздан унумли фойдаланишимиз учун мени рубоб бўйича, акамни доира чалиш бўйича тўгаракларга берганлар. Яъни мусиқага болаликдан кўнгил берганман, лекин отамнинг касбини олиш ҳам орзуим бўлган. Сабаби, кичкиналигимиздан отамнинг ёнларида ака-укалар бирга шогирд бўлиб юрганмиз.

Мактабни тугатгач, Оқтепадаги 55-ҳунар техника билим юртига ўқишга кириб, ошпазлик касбига ўқидим. Ўқишни битириб, анча пайт ошпаз бўлиб ҳам ишлаганман. Кейинчалик санъат соҳасига ўтиб кетган бўлсам ҳам, бу ҳунаримни унутмаганман. Ҳозирги кунда кўпинча овқатни ўзим тайёрлайман. Устозларимиз “Таъм яратишни билган ошпаз ҳар доим зўр таом тайёрлайди”, деб ўргатишган. Мен ҳам таъм яратиш бўйича янгиликлар қила оламан.

Бугунги кунда дунёга танилган хонандалар ўз қизиқишларига ҳам вақт топишяпти. Ошхона ёки кичик бургерхоналар очиб, мухлисларга айнан ўзлари хизмат кўрсатаётганлари бор, уларга ҳавас қиламан. Мен ҳам ўз ошхонамни очсаммикин, деб, ўйлаяпман…

— Жаҳонгир оилада қандай ота ва оила бошлиғи? Бу борада ўзингизга холис баҳо бера оласизми?
— Ҳамма ҳам “яхши отаман” дейди. Чунки ҳар бир ота фарзандини яхши кўради, ахир “болам-чақам” деган халқмиз.

Оилада ўрнимни яхши деб биламан, сабаби, болаларим, оилам мени яхши кўришади. Бешта фарзандим бор. Катта ўғлимга отамнинг исмларини, иккинчи ўғлимга раҳматли ҳамкасбим Мўминнинг исмини қўйганман. Уларда ҳам санъатга қизиқиш бор, қўшиқлар ҳам айтишди, лекин улар санъаткор бўламан, дейишмайди. Келажакда ким бўлишларини вақт кўрсатади, лекин қайси касбни танлаймиз дейишса, қаршилик йўқ. Чунки одам ўзи қизиққан нарсасига эришиши осонроқ бўлади, энг муҳими, тўғри йўл, тўғри касб, яхши ишни танлашса, шунинг ўзи кифоя.

Фарзанди санъаткор бўламан деса, кўпчилик қаршилик билдиради, лекин мен бу касбда айбли бирон нима кўрмаганман. Бола қайси касбга қизиқса, тушунча бўлса, шу соҳага озгина туртки, ёрдам берилса, у яхши эплаб кетади, деб ўйлайман.

— Уларга кўпроқ нима совға қиласиз?
— Фарзандларим кўпинча менга хат ёзиб, қандай совға хоҳлашини айтишади ва ҳар доим китоб сўрашади. Ўзим болаликда эриша олмаган нарсаларим уларда амалга ошаётганини кўриб, бажону дил уларнинг қизиқишларини қўллашга ҳаракат қиламан. Мен инглиз тилини билмайман, лекин беш яшар қизим инглиз тилини яхши билади. Катта қизим чет элларга сафарга борганимизда менга таржимонлик қилиб беради, ҳатто дўконларда бемалол чет тилида савдолашади. Ҳар куни ишдан борганимда, улар менга рус ва инглиз тилида шеърлар ёдлаб беришади, бу мен учун энг катта совға! Уларнинг тил билишларига ўзимнинг ҳавасим келади, буни мақтаниш учун айтмаяпман, балки мен ўргана олмаган нарсалар уларда бўлаётганидан хурсандман. Шунинг учун улар қизиқиб сўраган барча нарса — китоблар, тил ўрганиш бўйича дисклар, қўлланмаларни доим олиб бераман. Уларнинг репетитори — онаси, аёлим ҳам инглиз тилини яхши билади ва болаларим билан ўзи шуғулланади.

Ўзим болалигимда жуда шўх бўлганман. Лекин тўғри йўлни танлашимга ва ўзим учун тўғри хулоса чиқаришимга отам сабабчи бўлганлар. Мен ҳам отамдан ўрнак олиб, фарзандларимга доим тўғри йўналиш беришга, уларга ҳар томонлама ибрат бўлишга ҳаракат қиламан.

— Сизнингча, бугуннинг қаҳрамонлари кимлар?
— Яхши ишга қўл ураётганларнинг барчаси бугунги куннинг қаҳрамонлари, деб биламан. Яхши ишга қўл урган одам ривожланишга ҳисса қўшади. Бирон корхона очиб, элликта одамга иш ўрни яратаётган одам ҳам, иккита одамни иш билан таъминлаётган одам ҳам бугуннинг чинакам қаҳрамони. Чунки уларнинг ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқиб фойдали иш қиляпти.

Чет элларга сафарга борганимизда бир ҳолатни кўриб, ҳайратда қолдим. Ошпазлик билан шуғулланиб юрган ҳамюртларимиз хорижликларни ўз ошхонасига ўргатиш учун дастлаб уларнинг тадбирлари, туғилган кунларида пиширган таомларини ҳадя тарзида олиб боришибди. Кейин бизда одамлар тадбирга қуруқ бормаслигини, меҳнат қилиб, меҳрини қўшиб, бирон таомни пишириб олиб боришини ва бунинг учун пул олинмаслигини тушунтиришибди. Бундан ҳайратга тушган хорижликлар таомларимизни жуда ёқтириб қолишибди. Қувонарлиси, мана шу одатимизга ҳавас қилишиб, такрорлайдиган бўлишибди. Нафақат таомларимиз, балки инсоний одатларимизни ҳам тарғиб қилаётган бу ҳамюртларимизнинг иши ҳам чинакам қаҳрамонлик эмасми? Умуман, қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, кимнингдир қалбига илиқлик солган, таъсирлантирган инсон борки, уларнинг барчаси мен учун бугунги кун қаҳрамонидир.

“Мени катта саҳнага олиб чиққан, халққа танилишимга ёрдам берган устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов бўладилар. Катта саҳнагача институтда устозим Бахтиёр Сайфуллаевдан, режиссёр Шермат акадан, актёрликдан Комилжон ака, маданият коллежида актёрликдан Аҳад акадан, режиссёрликдан раҳматли Жуманазар акадан дарс олганман. Бугунги эришган, эришаётган ютуқларим учун устозларимдан жуда миннатдорман”.
Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.

Манба: Tasvir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жаҳонгир Позилжонов: “Танқидчилар билан тортишиб ўтирмайман”