Фото: Getty Images / Christopher Furlong
Россия ва Украина уруши бутун дунё бўйлаб ўткир озиқ-овқат инқирозини юзага келтириши мумкин. Чунки уришаётган томонларнинг ҳар иккиси энг муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатлар ҳисобланади. Давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар эса бир қанча омиллар сабаб глобал бозорни ларзага келтирмоқда.
Украинадаги уруш СOVID-19 пандемияси ва иқлим ўзгаришидан жабр кўраётган жаҳон иқтисодиётига, айниқса ривожланаётган мамлакатлардаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Россия ва Украина дунёдаги энг муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатлар ҳисобланади.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, 2016-17 ва 2020-21 йиллар оралиғида глобал миқёсида буғдой етиштиришнинг 14 фоизи, арпа етиштиришнинг 19 фоизи, маккажўхори етиштиришнинг 4 фоизи, кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаришнинг 50 фоиздан ошиқроқ қисми Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келган.
Аҳамиятли жиҳати, 2021 йилда ушбу давлатлар буғдой, маккажўхори, кольза, кунгабоқар уруғи ва кунгабоқар ёғи экспорти бўйича етакчи учталикка кирган.
Шунингдек, Россия калийли ўғитлар етказиб берувчи биринчи, азотли ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича иккинчи, фосфорли ўғитларни экспорт қилувчи энг йирик учинчи давлат ҳисобланади. Давом этаётган уруш эса бир қанча омиллар сабаб глобал бозорни ларзага келтирмоқда.
Биринчидан, жаҳонда минерал ўғитларнинг ўртача нархи қимматлашиб кетди. Бунга Россиядан импорт қисқариши ва табиий газ нархлари ошиши жиддий таъсир ўтказган. Кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархида ўғит харажатлари салмоқли улушни эгаллайди. Нархлар ошиши эса ривожланаётган мамлакатларда ўғитлардан фойдаланиш кўрсаткичи камайиши ва ҳосил қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу эса келаётган йилда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир ўтказади.
Иккинчидан, уруш оқибатлари айниқса қурғоқчил минтақалар – Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги ривожланаётган мамлакатлар учун оғриқли бўлади. Ушбу давлатлар умумий озиқ-овқатининг 90 фоиздан ортиғини импорт қилади. Асосий етказиб берувчилар эса Россия ва Украинадир. БМТ маълумотларига кўра, 2021 йилда қуйидаги бир қанча мамлакатлар умумий буғдой импортининг салмоқли қисмини Россия ва Украинадан амалга оширган.
Россия ҳукумати уруш бошланганидан кейин Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар экспорт қилиш бўйича тақиқ киритди. Хусусан, 2022 йилнинг 30 июнига қадар буғдой, арпа, меслин, маккажўхори ва жавдар экспорт қилиш чекланган. Эндиликда эса ЕОИИга кирувчи иттифоқчи давлатлардан ғаллага нисбатан экспорт квотаси ва божлар жорий қилишни талаб этмоқда. Бу қарор Россия буғдойининг аъзо давлатлардан реэкспорт қилинишининг олдини олишга қаратилган чора сифатида изоҳланган.
Шунингдек, Украинадаги портлар Россия флоти томонидан тўсиб қўйилгани туфайли ушбу мамлакатдан экспорт қилиш ҳам тўхтаган. Жорий йилда ҳосил қандай бўлиши ҳам номаълум. Украина фермерлари ўз техникаларидан доимий равишда фойдаланишдан маҳрум қилинган, ҳосил олинадиган далаларда эса уруш ҳаракатлари давом этмоқда. Экспертлар фикрига кўра, Россия шу йўл билан сунъий озиқ-овқат инқирозини яратишга ҳаракат қилмоқда.
Учинчидан, денгиз ва қуруқлик ва ҳаво йўллари орқали юк ташиш ва сақлаш харажатлари қимматлашган. Бу ёнилғи нархлари ошиши ва киритилган санкциялар сабаб юк ташувчи компанияларнинг олдингига қараганда кўпроқ масофа босиб ўтишга мажбур бўлаётгани ҳисобига юз бермоқда. Европа компанияларига Россия темирйўллари орқали ҳаракатланиш тақиқланди. Бу эса Осиё ва Европа ўртасидаги Россия орқали ўтадиган транзит юк ташиш фаолиятини узиб қўйди.
Тўртинчидан, уруш фонида Россия ёки Украина маҳсулотларининг ўрнини босувчи муқобил товарлар танқислиги ҳам юзага келмоқда. Хусусан, палма мойи ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлат ҳисобланадиган Индонезия 28 апрелдан бошлаб экспортни тақиқлади. Бу эса нархлар кескин ошиб кетишига олиб келди. Айни пайтда бу чекловлар олиб ташланган бўлса-да, мамлакатда озиқ-овқат инфляцияси ошиб кетадиган бўлса, янги экспорт тақиқлари жорий қилиниши инкор этилмаяпти. Бундан ташқари, буғдой етказиб бериш борасида Украинанинг ўрнини эгаллаши кутилган Ҳиндистон ҳам экспортга тақиқ киритди. Умуман олганда, асосий потенциал экспортёр мамлакатлар ҳам ўз ички бозорларини ҳимоя қилиш учун ёпилишга мажбур бўлмоқда.
Озиқ-овқат нархлари арзонлаша бошлаши мумкинми?
Глобал озиқ-овқат нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 30 фоизга ошган. Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2022 йилда буғдой нархи 40 фоиздан кўпроққа қимматлашиши мумкин. 2023 йилда нархлар пасайиши кутилаётгани айтилаётган бўлса-да, бу асосан Аргентина, Бразилия ва Қўшма Штатлардан маҳсулот етказиб бериш кўпайишига боғлиқ бўлади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, Украина ҳамда Россия озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига қайтармасдан туриб, глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.
Москва ва Киев ўртасида тинчлик музокаралари тўхтатилганини инобатга оладиган бўлсак, урушнинг қачон тугаши ноаниқлигича қолмоқда.
Украинада экиш кампанияси ҳам Россия босқинидан жиддий зарар кўрди. Фото: EPA
Глобал озиқ-овқат нархлари ошиши Ўзбекистонга ҳам таъсир қиладими?
Ўзбекистон агросаноат тармоғи нуқтайи назаридан нисбатан мустақил давлат ҳисобланса-да, жаҳонда нархлар динамикаси ўзгариши мамлакат ички бозоридаги вазиятга таъсир ўтказмасдан қолмади. Хусусан, феврал ойидан май ойининг биринчи 10 кунлигигача бўлган даврда буғдой уни нархи 15-23 фоизга ошган.
Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистоннинг ҳам буғдой, кунгабоқар ёғи, шакар хомашёси каби маҳсулотлар импортига боғлиқлик даражаси юқорилиги ҳисобга олинса, ҳозирги глобал беқарорлик истиқболда ички бозордаги нархлар ошишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Ўзбекисон Марказий банкининг импорт инфляцияси, ишлаб чиқариш, логистика ва етказиб бериш билан боғлиқ таклиф омиллари таъсирида мамлакатдаги инфляция даражаси йил якунлари бўйича 12-14 фоиз атрофида (дастлабки кутилмалар 8-9 фоиз эди) бўлишини прогноз қилаётгани ҳам бежиз эмас.
Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги тармоғида ишлаб чиқариш жараёни об-ҳавонинг таъсири каби олдиндан прогноз қилиб бўлмайдиган бир қанча омилларга боғлиқ ҳисобланади. Шу жиҳатдан, жорий йилда ҳосил қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин. Йилдан йилга глобаллашув кучаяётган даврда эса дунёнинг исталган нуқтасида озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ инқирозли вазият юзага келадиган бўлса, бу бошқа минтақалардаги ҳолатга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Украина-Россия уруши чўзилиши эса ушбу мамлакатлардан маҳсулотлар импорт қилишга қарам бўлган кўплаб мамлакатларни урушнинг билвосита жабрдийдаларига айлантиришда давом этади. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади