Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Россия уч йўналиш бўйлаб ҳужум қилмоқда ва Украинанинг 10 минглик қўшинини ўраб олиши мумкин. Киев қандай жавоб қайтаради?
Имконсиз режалардан воз кечилгач, Донбассда тўпланган рус қўшинлари ташаббусни қўлга олишган. Украина мудофааси бир неча жойда ёриб ўтилгач, улар Северодонецкдаги йирик гуруҳни қуршовга олишга интилмоқда. Бу шаҳар таъминоти амалда битта йўлга (бу трасса доимий равишда ўққа тутилмоқда) боғлиқ. Украина армияси бу ҳудудни топшириши ёки «Мариупол қисмати» такрорланиши хавфи остида шаҳарни ҳимоя қилишда давом этиши керак.
Россия армияси Донбасс учун жанглар расман бошланганидан икки ой ўтиб, урушнинг мазкур асосий йўналишида дастлабки жиддий натижаларга эришди. «ЛХР» ва «ДХР» кучлари, «Вагнер» ёлланма кучлари ҳамда РФ армияси ҳарбийларининг турли йўналишлардаги кўплаб муваффақиятсиз уринишларидан кейин ниҳоят Луганск областидаги Попасная шаҳри атрофида украинлар мудофааси ёриб ўтилди. Эндиликда россиялик ҳарбийлар Луганск области маъмурий маркази ҳисобланган Северодонецк ва Лисичанскда (ҳар бирида 100 мингдан ошиқ киши яшайдиган бу икки шаҳарни Шимолий Дон дарёси ажратиб туради) жойлашган украинларнинг 10 минг ҳарбийсидан иборат йирик гуруҳи ортига ўтишган.
Бу ерда Украина армияси мудофааси бир неча ўчоқлардан иборат, бутун гуруҳни Украинанинг асосий ҳудуди билан атиги битта кичик йўл боғлайди. Украинлар қуршовда қолиши мумкин — бу Мариуполдагидан каттароқ гуруҳ.
Россия Донбассда бир неча йўналишда муваффақиятга эришмоқда. Украина қатор муҳим шаҳарларни бой бериши мумкин. РФ ҳарбийлари Словянскка ҳам таҳдид солмоқда
Лиман остонасида навбатдаги ҳужумни кутаётган украин ҳарбийлари. Фото: AFP
Украина қўмондонлиги учун вазиятни оғирлаштирадиган ҳолат — Северодонецк россияликларнинг Донбассдаги ягона илгарилаётган йўналиши эмас (лекин энг хавфлиси). Россиялик ҳарбийлар шимолда Лиманга кирмоқда, украинларнинг асосий кучлари жойлашган Словянскка шарқдан ҳужум қилмоқда. Словянск икки томон учун ҳам муҳим ғоявий аҳамиятга эга: кўпчилик 2014 йилда ушбу шаҳар Игор Стрелков отряди томонидан эгаллаб олинганида «рус баҳори» бошланган деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, украинлар қўшини қуршовга тушиб қолмаслик учун Светлодарскни ташлаб кетишга мажбур бўлди, бу шаҳардан ўтган россияликлар бўлинмалари украинлар мудофаасидаги яна бир муҳим нуқта — Баҳмутга яқинлашмоқда. Агар украин армияси бу юришлар йўлини тўсиб, россиялик ҳарбийларни тўхтатмаса, асосий урушнинг ҳозирги босқичида йирик мағлубиятга учрайди ва катта миқдордаги ҳарбийларидан айрилади.
Батафсилроқ
- Попасная россиялик ҳарбийлар ва «Вагнер» ёлланма жангчилари томонидан 8 май куни эгалланди. Бир неча кун ўтиб шаҳарга йирик бўлинмалар, жумладан Псков ҳаво-десант қўшинлари дивизияси ташланди (улар аввалроқ Киев атрофидаги жангларда қатнашган, кейин Изюм плацдармида — Попасная шимолида пайдо бўлган). Ушбу қўшимча кучлар Попаснаядан суриб чиқилган ва катта йўқотишларга учраган 24-украин механизациялашган бригадаси қолдиқларига ҳужум қилган. Бригадага ёрдам учун Лвов мудофаа қисмлари отрядлари юборилиши россияликлар ҳужумини тўхтата олмаган.
- Украина қисмлари чекинишидан фойдаланган рус ҳарбийлари Попаснаядан туриб турли йўналишларда юришлар бошлади: Украина қуролли кучларининг 17-танк бригадаси бўлинмаларини Горское ва Золотоеда (у Лисичанскка жанубдан келиш йўлида) қуршаб олиш учун шимоли-шарққа (Камишеваха райони); Баҳмут — Соледар — Лисичанск трассаси бўйлаб асосий таъминот линиясини тўсиб қўйиш учун шимоли-ғарбга; ва Светлодарскдаги украин гуруҳига ҳужум қилиш учун жануби-ғарбга.
- Уч йўналишдаги юришлар ҳам россияликлар учун муваффақиятли ривожланди. Россия қўшинлари Камишеваханинг бир қисмини эгаллаб, Горское қуршовда қолиши хавфи юзага келди. Баҳмутдан трасса Соледар атрофида тўсиб қўйилди; Россия армияси қисмлари йўлнинг ўзига чиққани аниқ эмас, аммо артиллерия зарбалари туфайли у бўйлаб ҳаракатланиш имконсиз ҳолатга келган. Ниҳоят, украин ҳарбийлари Светлодарскни ташлаб кетишга мажбур бўлди, рус қўшини Баҳмут атрофига етиб келди. Бу шаҳар — Донбассдаги бутун украин гуруҳи учун муҳим логистик марказ ҳисобланади. Унинг қулаши Лисичанск ва Северодонецкдаги қисмлар таъминоти узилишини англатади.
- Соледар атрофида трасса устидан назорат бой берилгач, Лисичанск ва Северодонецкдаги украин қўшини (тўрт бригада ва бир неча алоҳида қисмлар — юқорида тилга олинган 10 минг кишилик гуруҳ) таъминоти учун фақат бир йўл, Баҳмут — Северск йўналиши қолди. Катта эҳтимол билан, россияликлар режасига кўра, бу йўл операциянинг шу даврига келиб аллақачон тўлиқ назоратга ўтиши керак бўлган. Бунинг учун Шимолий Донни кечиб ўтиш орқали шимолдан Северскдан Лисичансккача бўлган фронт чизиғи бўйлаб зарба бериш режалаштирилган. Аммо дарёни кечиб ўтиш учун бўлган барча уринишлар россиялик ҳарбийлар учун ҳалокатли якунланди. Шимолий Доннинг ўнг соҳилига ўтган жанговар гуруҳлар украин артиллерияси томонидан яксон этилди ва қолган-қутган қисмлар ортига қайтиб кетди.
- Энди Россия қўмондонлиги жанубдан ҳужум қилиб, Северск орқали Северодонецкка элтувчи йўлни кесиб қўйишга уринади. Нагорноеда бўлиб турган россиялик ҳарбийлар бу йўлга етиши учун 13 километр масофа қолган. Географик шароит бундай ҳужум учун қулай: россиялик ҳарбийлар эндиликда Северскдан тепароқда жойлашган ва атрофни назорат қила олади. Бундан ташқари, украин ҳарбийлари бу ерда икки фронтда ҳимояланиши талаб этилади: улар россиялик ҳарбийлар шимолдан Шимолий Донни яна кечиб ўтиши мумкинлигини ҳисобга олиши керак.
- Северодонецк ва Лисичанскдаги вазият ёмонлашиши давом этмоқда. Северодонецк (Луганск областининг Украина назоратида қолган қисмининг вақтинча маъмурий маркази ва йирик саноат маркази) Шимолий Доннинг сўл соҳилида жойлашган; дарёдаги Северодонецк ва Лисичанскни ўзаро боғловчи асосий кўприклар россияликларнинг артиллерия зарбалари билан мажақланган, бу қўшинларни таъминлашни мураккаблаштиради. Лисичанскдаги ҳарбийларнинг ҳам ўз муаммолари бор: улар россияликлар қўшини жанубдан — Горское ва Тошковки томондан (россиялик кучлар томонидан эгаллаб бўлинган) бостириб келиши хавфини ҳисобга олиши керак.
- Ҳозирда Лисичанскдаги, айниқса Северодонецкдаги ҳарбийларни уюшган ҳолатда Северск орқали олиб кетиш имкони бор-йўқлиги аниқ эмас: фронт ортидаги назорат остида қолаётган ягона йўлнинг ўтказиш қобилияти юқори эмас, уни Шимолий Доннинг нариги тарафидан туриб артиллериядан ўққа тутиш мумкин. Катта эҳтимол билан, уюшган ҳолда чекинишнинг имкони йўқ, шу туфайли украин қўмондонлиги Личисанск ва Северодонецкдаги ҳарбийларини сақлаб қолиш учун Соледар, Баҳмут ва Северск мудофаасини захира кучлари билан мустаҳкамлаши талаб этилади.
- Муаммо шундаки, бу россиялик ҳарбийлар ҳужумини тўхтатиб туриш талаб этиладиган ягона йўналиш эмас. Россия қўшинлари жануброқда Светлодарскни эгаллаб, Баҳмутга тўғридан тўғри таҳдид солмоқда, шимолда эса 79-десант штурм бригадаси ҳимоя қилаётган Лиман қуршовда қолган, қолаверса (назарий жиҳатдан) руслар Шимолий Донни кечиб ўтиши ҳамда Донбассдаги украин гуруҳи бош штаби жойлашган Словянск ҳамда Краматорскка ҳужум қилиши мумкин.
- Натижада украин захира кучлари бир неча юз километрлик фронт бўйлаб сочилиб кетган. Украина қўмондонлиги бу регионнинг ҳеч бир нуқтасида ташаббусга эга эмас — ҳатто Харков ҳудудида ҳам, бу ерда апрел ойи охири ва май ойи бошларида Россия чегараси томон қарши ҳужум уюштирилганди, энди эса россияликларнинг қарши ҳужумларини қайтаришга тўғри келмоқда. Украинлар гуруҳи режалари ҳақида ишонч билан фақат шуни айтиш мумкинки, қўмондонлик Баҳмут ҳудудида захираларни тўпламоқда (аммо бу ерда ҳам барчаси аниқ эмас — бу шаҳарни ҳимоя қилиш учунми ёки Попасная яқинида қарши ҳужумга ўтиш учун?)
Украина Донбассда мағлубиятга учраши аниқ бўлиб улгурдими?
Ундай эмас. Россия армиясида ҳам катта муаммолар бор, руслар ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. Катта мақсадлар билан юриш қилиш (масалан, бир вақтнинг ўзида Украинанинг шарқдаги бутун армиясини қуршаб олиш) амалга ошмади. Локал муваффақиятларга фронтнинг бошқа нуқталари заифлашуви эвазига эришилди: масалан, Попасная атрофида ғолиб келиш учун, Россия қўмондонлиги Изюмдан жанубдаги зарбдор гуруҳни қисмларга ажратишга тўғри келди (Попаснаяга псковлик десантчилар айнан шу ердан кўчириб ўтказилди).
Таъминот бўйича муаммолар сақланиб қолмоқда: Попасная ва Баҳмут атрофидаги ҳарбийлар (Изюмдаги гуруҳдан фарқли ўлароқ) «ДХР» ва «ЛХР» ҳудуди орқали нисбатан хавфсиз таъминотга таяниши мумкин, аммо бу ёнилғи, ўқ-дори ва озиқ-овқат осонлик билан чексиз миқдорда олдинги чизиқларга етказиб берилади дегани эмас. Попасная атрофида бир неча таъминот колонналари ва омборхоналар украин артиллерияси қурбонига айланган.
Бундан ташқари, россияликлар армиясига катта гуруҳларни таъминлаш учун транспорт етишмаётгани кўриниб қолмоқда. Катта эҳтимол билан, юришларнинг бир қисми шу туфайли тўхтаб қолган: жумладан, сўнгги кунларда россиялик ҳарбийлар Камишевахада ҳам, Баҳмут — Соледар — Лисичанск трассасида ҳам илгарилай олишмади.
Украина нимага ишониши мумкин?
Ҳозирда — захира кучларни жалб қилиш орқали россияликларнинг қуршаб олиш операциясини тўхтатиш ёки Лисичанск ва Северодонецкдаги қўшинларни минимал йўқотишлар билан олиб кетиш мумкин бўлади. Умуман олганда, кураш кучларни сарфлаш шаклида кечиши мумкин, бу борада эса Украина муҳим устунликларга эга: ички мобилизация ва Ғарбдан қурол етказиб берилиши ҳажми кўпайиши (асосан АҚШ ҳисобига).
Бу ерда оддий ҳисоб-китоб:
- Ҳатто Украинанинг Северодонецкдаги мағлубияти ҳам бутун урушдаги мағлубиятни англатмайди.
- Россия қўмондонлигининг режаси, афтидан, турли йўналишларда кетма-кет ҳужум қилишдан иборат бўлиб, бу орқали украин фронтини қисмларга ажратиб ташлаш кўзда тутилган; бундай стратегия қўшинларни янги йўналишларга ўтказиш, уларнинг таъминоти учун логистика тармоқлари ташкил этиш ва бошқаларга оператив танаффусларни талаб этади. Россия армияси бу юриш давомида ресурсларни сарфлар экан, украинлар қўмондонлиги янги бирлашмалар тузишга ҳаракат қилмоқда, улар орқали бир неча ойдан кейин ҳужумга ўтиш мумкин бўлади.
Аммо бу режа Киевнинг ғалабасини кафолатламайди. Биринчидан, Ғарб етказиб бераётган қурол-яроғ ҳозирга қадар кучлар мувозанатини сезиларли даражада ўзгартира олмади: қуроллар ҳали етарли эмас. Қурол етказиб бериш ҳажмини кескин ошириш ҳам (Американинг ленд-лиз қонуни бўйича) бунга имкон бериши факт эмас.
Ҳозирда украин қўмондонлиги Ғарбдаги ҳамкорлар билан биргаликда асосий муаммога ечим изламоқда — Россия артиллериясининг сон жиҳатдан устунлиги, бу уларга Попасная яқинида ёриб кириш ва Лиман атрофини эгаллашга имкон берди. Шу вақтга қадар, фронтга Ғарб мамлакатларида ишлаб чиқарилган гаубицалар ўтказилиши (бу қуроллар ўқ отиш масофаси бўйича Россия тизимларининг кўп қисмидан устунликка эга) стволлар сонидаги фарқни йўққа чиқаришига умид қилинмоқда. Узоқ масофага отувчи гаубицалар (ва бошқарилувчи, нишонга аниқ борувчи снарядлар) украин қўшинларига россияликлар артиллериясини яксон этишига ёрдам бериши мумкинлигига ишонилган — аммо ҳозирча бундай бўлмаяпти.
Назарий жиҳатдан вазиятни MLRS/HIMARS баравар ўт очиш тизимлари етказиб берилиши тубдан ўзгартириши мумкин, бу қурол 100 ва ҳатто 300 километргача бўлган масофадаги нишонни йўқ қилишга қодир (снарядларга боғлиқ). Ғарб разведкаси ва нишонни белгилаш воситалари билан биргаликда улар россияликлар артиллериясини яксон этиши ҳамда бошқарув ва таъминотни издан чиқариши мумкин. Аммо бу ўринда ҳажм муҳим: Украина армияси саноқли воситалар билан, гарчи улар мукаммаллашган тизимлар бўлса-да, урушда ғолиб чиқа олмайди (Россия армиясида ҳам бунга муқобил қуроллар бор). Ҳужумга ўтиш учун уларга юзлаб танклар ва артиллерия тизимлари, юз минглаб замонавий ўқ-дорилар — ва албатта, авиация керак бўлади.
Бу вақтда Россия қўмондонлиги йўқотишлар ўрнини зудлик билан тўлдириб, сафарбарлик темпида украинлардан қолишмасликка ҳаракат қилмоқда: афтидан, «кўнгиллилар» ва Донбассдаги тан олинмаган республикалардаги захира кучларидан янги бўлинмалар ташкил этилмоқда. Катта эҳтимол билан, уларга эскирган қуроллар берилмоқда (масалан, Мелитополда Т-62 танклари юкланган эшелонни кўришган, Россия бундай танклардан аввалги йилларда Сурияда Башар Асад армиясини қуроллантиришда фойдаланганди). Шу билан бирга, Россияда нисбатан кенг кўламли сафарбарликка тайёрланишмоқда: 2022 йил охирига қадар 100 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларни ўз ичига олувчи йигирмадан ортиқ тузилмаларни ташкил этиш — бу билан украинлар мобилизациясига жавоб қайтариш режалаштирилган. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар