1 570
Украинага ҳозирча тўрт дона HIMARS етказилади. Бу Россияга қарши туришда қандай ёрдам бериши мумкин?
Марокашдаги машғулотларда қўлланаётган HIMARS тизимлари
АҚШ Украинага етказиб берадиган ўқ-дори, қурол ва ҳарбий техникаларнинг навбатдаги пакетидан украин ҳарбийлари анчадан буён сўраб келаётган HIMARS баравар ўт очиш тизимлари ҳам ўрин олган. Вашингтон ҳозирча Киевга бундай қурилмаларнинг фақат тўрттасини етказиб беради.
«HIMARS уларга [украинлар] қарши туришда кенгроқ имкониятлар тақдим этади. Ҳозирда биз уларга аввалроқ етказиб берган гаубицалар 30 км атрофидаги масофага зарба бериши мумкин. HIMARS’нинг ўқ отиш масофаси икки баробардан ошиқроқ, бу эса уларга ҳатто кам миқдордаги учириш қурилмалари билан ҳам [россиялик ҳарбийларга] нисбатан муваффақиятли қаршилик кўрсатиш имконини беради», – деди АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал Пентагондаги брифингда.
2 июн куни Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга «замонавий HIMARS баравар ўт очиш тизимлари» юбораётгани учун миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Киевда «замонавий жанговар тизимлари етказиб бериш ҳажмини юқори даражага олиб чиқиш устида ишланмоқда».
Украина айнан қанча миқдорда баравар ўт очиш тизимлари етказиб берилишини исташи маълум эмас, аммо экспертлар фикрича, тўрт дона учириш қурилмаси ҳарбий ҳаракатлар боришини ўзгартиришга қодир эмас.
Ғилдиракли шассига ўрнатилган HIMARS енгилроқ ва мобилроқ бўлади
Исроиллик эксперт Давид Генделманнинг фикрича, ҳозирда Киев ҳар қандай қурол етказиб берилишидан миннатдор бўлади, аммо бундай баравар ўт очиш тизимларидан мўъжиза кутмаслик керак.
«Улар [HIMARS] бундай ҳажмда қандайдир тизимли самара бера олмайди. Эҳтимол булар илк қалдирғочлар ва келгусида етказиб бериш ҳажми кўпаяр. Ушбу тўртта қурилма, агар кичик батарея қисми каби биргаликда ҳаракатланишса, қандайдир кичик участкада маълум бир эффект беради. Аммо шуниси аниқки, бу Украина истаган миқдор эмас. Уларга кўпроқ керак», – деган эксперт.
Давид Генделманнинг давом эттиришича, Украинага «юзлаб баравар ўт очиш тизимлари» зарур бўлади.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович америкаликлар жўнатаётган тўрт дона HIMARS баравар ўт очиш тизимлари «машғулот» қуроллари бўлиши, келгусида «улар кўп ҳажмда келиши»ни айтган. «Ўйлайманки, биттагина дивизион (18 та қурилма) эмас, кўпроқ – икки-учта бўлади, кўрамиз», – деган Арестович.
Пентагондаги брифингда ҳам бу ҳали дастлабки партия экани ҳақида айтилган. Идора вакили ҳам улар ўқув машғулотлари учун қўлланишини айтиб ўтган. Аммо тўлақонли жўнатма қачон ва қанча миқдорда амалга оширилишига аниқлик киритилмаган.
Қўшма Штатлардан ташқари бошқалар ҳам Украинага баравар ўт очиш тизимлари етказиб бермоқчи. 2 июн куни Буюк Британия ғилдиракли юк машинасида олиб юрилувчи HIMARS’дан фарқли равишда гусеницали M270B1 MLRS тизимлари ҳамда икки баробар кўп ўқ-дори етказиб берилишини маълум қилди, аммо бу қуроллар қанча миқдорда ва қачон жўнатилишига аниқлик киритилмаган. Буюк Британия қуролли кучлари ихтиёрида бундай тизимлардан 35 та бор.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский баравар ўт очиш тизимлари Украина қуролли кучларини кучайтириши ҳақида гапирганди. «Менда ҳеч қандай сир йўқ. Биз барча давлатларга MLRS тизимлари етказиб беришни сўраб мурожаат қилганмиз, улар ёрдамида Украина ташаббусни қўлга олиши ва ўз ҳудудларини озод қила бошлаши мумкин», – деганди у.
Ҳозирги можарода артиллерия жуда муҳим рол ўйнайди. Киевга бошқа артиллерия тизимлари ҳам етказиб берилган.
Масалан, Украина АҚШдан 100 дан ортиқ М777 гаубицалари олган, Польшадан 60 дона калибри 155 миллиметр бўлган «Краб» ўзиюрар артиллерия қурилмалари сотиб олган (ўтган ҳафтада яна 18 дона гаубица Украинага текинга юборилди).
Май ойида Польша 500 та M142 HIMARS жанговар модуллари сотиб олиш бўйича АҚШга расмий сўров юборган – бу қуролни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш режалаштирилган. Режага кўра, бир неча йилдан кейин шундай учириш қурилмаларининг 80 таси ишлаб чиқарилади.
«Смерч», «Ольха» ва «Ураган»лар
Украина қуролли кучларининг ўзида ҳам узоқ масофага отувчи баравар ўт очиш тизимлари мавжуд ва улар фронтда қўллаб келинмоқда.
Military Balance маълумотларига кўра, Украина армиясида 2021 йил бошида советлар даврига мансуб бўлган 70 дона 220 миллиметр калибрли 9П140 «Ураган», шунингдек, 81 дона 300 миллиметр калибрли 9А52 «Смерч» ҳамда «Смерч»нинг украинлар томонидан модернизация қилинган версияси бўлмиш «Ольха» баравар ўт очиш тизимларидан 80 дан ортиғи бўлган.
Россия арсеналида баравар ўт очиш тизимлари сони анча кўпроқ. Military Balance маълумотига кўра, 2021 йил бошида РФ қуролли кучлари ихтиёрида 206 та «Ураган», шунингдек 120 та «Смерч» ва «Торнадо-С» бўлган.
«Смерч» тизимлари урушда кенг қўлланмоқда - россияликларнинг ракеталари қисмлари Бородянка ҳудудида топилган
2 март куни Киевдаги «Луч» конструктив бюроси 24 февралдан буён Украина қуролли кучлари Р624 «Ольха» ракеталари билан 50 дан ортиқ аниқ зарба йўллаганини хабар берганди. Бу бир неча йил муқаддам яратилган, юқори аниқликда ва узоқ масофага ҳаракатланувчи янги ракетадир. Улардан қанча миқдорда ишлаб чиқарилгани маълум эмас, аммо очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, уларнинг сони атиги бир неча юзта бўлган.
Украинларнинг «Ольха», «Смерч» тизимлари ва унинг Россияда янгиланган версияси «Торнадо С» учун кассетали, кумулятив, парчаланиб-портловчи ва ҳатто термобарик ўқ-дорилар яратилган.
Айрим махсус снарядларнинг учиш масофаси 120 километргача етади, аммо аксар ракеталарни 90 километрга отиш мумкин.
Бундан ташқари, «Смерч» (ва унинг янгиланган версиялари) масофадан миналаштириш учун ҳам қўлланади – баъзи ракеталар танкка қарши ва пиёдага қарши миналар ташлайди.
Уч ойдан ошиқ давом этаётган ҳарбий ҳаракатлардан кейин Украина ва РФ қуролли кучлари арсеналида қанчадан ракета қолгани маълум эмас.
Украина армиясидаги «Смерч», у 2015 йил Краматорскда суратга олинган. Фото: AFP
«Ураган» – нисбатан кучсизроқ ва эскироқ тизим, қолаверса уни қўллаш ҳам анча мураккаб, аммо у орқали 35 километрга отиш мумкин, бу эса рақибнинг тизимлари жавоб қайтара олмайдиган нуқтадан туриб ўт очиш имконини беради, унинг отиш масофаси украинлар томонидан кенг қўлланадиган «Град» баравар ўт очиш тизимлари ва Д-30 гаубицалариникидан анча устунроқ.
Украин ва Россияда бу қуроллар ҳозирда қандай ҳолатда экани ва улар учун қанча снаряд қолгани ҳам маълум эмас.
Америкаликлар етказиб бераётган HIMARS тизимлари учун қанча миқдорда снарядлар берилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо шуниси маълумки, булар GMLRS русумли юқори аниқликдаги ҳаракат қилувчи ракеталар бўлади.
«Смерч» ва «Ольха», айниқса эски «Ураган»лардан фарқли ўлароқ, HIMARS учун ўқ-дорини хориждан етказиб бериш мумкин. Ҳар қандай урушда ракеталар сарфланиши ҳажми жуда катта, Украина армияси эса уларни доимий равишда тўлдириб бориши керак бўлади.
Баравар ўт очиш тизимлари муҳим нишонларга қарши
M270 MLRS ва M142 HIMARS баравар ўт очиш тизимлари – яқин «қариндошлар» ҳисобланади. Улар шассилари ва учириш контейнерлари билан фарқ қилади.
MLRS ўтган асрнинг 70-йилларида ишлаб чиқилган, 1983 йилдан армияда қўллана бошланган, ўтган вақт мобайнида бир неча бор модернизация қилинган. HIMARS 1990-йиллар охирида пайдо бўлган ва ракета учириш қурилмаларининг нисбатан мобил ва енгил версияси ҳисобланади.
MLRS’да иккита учириш контейнери гусеницали шассига ўрнатилган, олти ғилдиракли юк машинасида олиб юриладиган HIMARS’да эса бундай блокдан (учириш контейнери) фақат битта.
Ҳар бир учириш контейнерида 277 миллиметр калибрли олтита ракета ёки 300 километр масофагача етиб борувчи ATACMS оператив-тактик ракетасидан биттасини ўрнатиш мумкин.
Булардан ташқари, MLRS ва HIMARS яна икки типдаги ракеталардан фойдаланиши мумкин. Биринчиси – максимал учиш масофаси 32 километр бўлган М26 ёки унинг яхшиланган замонавий версияси M26A1 (учиш масофаси 45 километргача). Учириш контейнерида бундай ракеталардан олтитаси жойлашади.
Иккинчи ўқ-дори – 76 километргача ҳаракатлана оладиган бошқарилувчи GMLRS ракеталари. АҚШ баравар ўт очиш тизимлари билан айнан шундай ракеталарни жўнатмоқда.
Украина Америкадан баравар ўт очиш тизимларидан ташқари бошқа аниқроқ зарба берувчи қуроллар олишга ҳам ҳаракат қилмоқда.
Украина қуролли кучлари риоя этаётган тактика – разведка орқали яхши ўрганилган нишонларга аниқ зарба беришга асосланади. Украин ҳарбийлари артиллерия учун нишонларни белгилаб бериш ва зарбаларни йўналтириш учун дронлар ёрдамидан кенг фойдаланади.
Шу туфайли, уларга «олов девори»ни ўрнатишдан кўра, кам сонли бўлса-да, муайян объектларга аниқ зарбалар беришда қўл келадиган Америка ракета тизимлари зарур.
Смерч, Ольха, Торнадо С, Град, Ўт очиш тизимлари Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»