Фото: Reuters
Украина томони мамлакат ҳарбийлари қуршовга тушиб қолмаслик учун Лисичанскни ташлаб чиққани ва бу йўқотишларсиз амалга оширилгани, энди бу қўшинлар Донецк областида жангни давом эттиришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган. Лисичанскнинг бой берилиши/эгалланиши воқеаларнинг кейинги ривожига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
4 июл куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Путинга Лисичанск устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ва «ЛХР» ҳудудларини «озод этиш бўйича амалиёт муваффақиятли» ўтказилгани тўғрисида ҳисобот берди.
Шойгунинг ҳисоботини тинглаб бўлгач, Путин олдинги чизиқда жанг қилган бўлинмаларга танаффус беришни таклиф қилди.
«Фаол жанговар ҳаракатларда иштирок этган ва Луҳанск йўналишида ғалабага, муваффақиятга эришган бўлинмалар дам олиши, ўз ҳарбий имкониятларини ошириши керак», деган Россия президенти ва шундай қўшимча қилган: - бошқа ҳарбий бирлашмалар, жумладан «Шарқ», «Ғарб» ҳам олдиндан тасдиқланган ягона режа бўйича ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариши керак».
Лисичанск - Луҳанск областининг Киев назоратидаги сўнгги шаҳри бўлиб қолаётганди.
ТАСС РФ мудофаа вазирлигига асосланган ҳолда Донбассдаги жангларда қатнашган россиялик ҳарбийларга «дам олиш, уйдан хат ва жўнатмалар олиш имконии тақдим этилгани» ҳақида хабар қилган. «Жанговар имкониятларни тўлдириш чоралари кўрилмоқда», дея маълум қилади вазирлик.
3 июлдан кейин ҳам Россия Украинада фронтнинг турли участкаларида чекланган кучлар билан ҳужумларни давом эттирмоқда. Лекин бу оператив танаффус ҳақидаги хулосага зид эмас, бундай танаффус ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилишини англатмайди.
Фронтдаги вазият бундан буёғига қандай ривожланиши мумкин ва бошқа масалалар - BBC обзорида.
Лисичанск нега бунчалик тез ташлаб кетилди?
Украина қўшини Северодонецкни бир неча ой давомида мудофаа қилди, стратегик муҳим ҳисобланган қўшни Лисичанск эса Северодонецк бой берилишидан бир неча кун ўтибоқ ташлаб чиқилди. Нима учун?
Чиндан ҳам, украин қисмлари аҳоли пунктларини култепага айлангунига қадар ҳимоя қилмоқд. Мариупол, Изюм, Волноваҳи, Попасная ва бошқа кўплаб жойларда шундай бўлди.
Украина армияси қўмондонлиги душман кучларини бўлиб ташлаш стратегиясига амал қилишда давом этмоқда, бунда маълум ҳудудлар топширилиши ҳарбий фалокатга олиб келмайди.
Россияликларнинг асосий зарбалари йўналишида чуқур, эгилувчан, аммо ҳаракатчан мудофаа ташкил этилган. Мағлубият ёки қуршовга тушиб қолиш таҳдиди юзага келган тақдирда, чекиниш муаммо бўлмайди.
Устуворлик энг жанговар бўлинмалар, савияли ҳарбий мутахассислар ва замонавий техникаларни (ҳам украинларнинг ўзи томонидан ишлаб чиқарилган, ҳам Ғарбдаги иттифоқчилар томонидан етказиб берилган) сақлаб қолишга қаратилган.
Северодонецк-Лисичанск агломерацияси - Украина қуролли кучлари узоқ вақт мобайнида мудофааланишни кўзлаган асосий таянч пунктларидан бири эди, аммо истеҳком ҳудудининг ўзи ҳужум остида қолди.
Аммо Россия армияси Северодонецк ва Лисичанскка рўпарадан ҳужум қилишни истамади - ёнма-ён жойлашган шаҳарларни штурм қилиш учун армиянинг ўзи етарли бўлмайди. Урғу шаҳарларнинг таъминот йўлини тўсиб қўйиш ва Лисичанскдан жанубдаги украин ҳарбийларини қуршовга олишга ҳаракат қилишга қаратилди.
Лисичанск отишмалар натижасида вайрон бўлган. Фото: EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Россия қўшинлари ҳужуми жануб ва ғарбдан бир-бири томон ҳаракатланган иккита гуруҳ томонидан амалга оширилди. Ўт очиш воситаларидаги катта устунлик эвазига рус бўлинмалари аста-секинлик билан украинлар мудофаа чизиғига яқинлашиб келиб, украинларнинг Северодонецк ва Лисичанскдан чекиниш йўлларини тўсиб қўйиш билан таҳдид қила бошлади.
Қуршовга тушиш хавфи реаллашганида Северодонецкдаги украин қўшини чекиниш бўйича буйруқ олди. Ўшанда Лисичанскни ҳам ташлаб кетишга тўғри келиши маълум бўлиб улгурди - аммо аввалига Северодонецкдаги барча қўшинларни олиб кетиш талаб этиларди.
#ЛуганскНаш? Буёғига нима бўлади?
Луҳанск области - Украинанинг Россия назоратига (вақтинча) ўтган иккинчи региони бўлди (2014 йилда Қрим аннексия қилинган). Россия, Украина ва Ғарбда буни уруш истиқболлари нуқтайи назаридан қандай баҳолашмоқда?
Россияда буни катта ҳарбий ғалаба сифатида баҳолашди, мамлакатдаги кўплаб нашрлар буни ғалаба сифатида тантана қилишди. «ЛХР учун янги Ғалаба Куни. Киев республика ҳудуди устидан назоратни тўлиқ бой берди», - ТАСС агентлиги Лисичанск эгаллангани ҳақида шундай сарлавҳа остида хабар берди.
«ЛХР» раҳбари Леонид Пасечник Лисичанскни эгаллаш амалиёти «чақмоқ тезлигида» бўлиб ўтганини айтди.
Владимир Путин мудофаа вазири Шойгу билан учрашувда ушбу амалиётда қатнашган икки генералга Россия Қаҳрамони унвонини берди.
Россия Луҳанск областида Россия паспортларини тарқатиш пунктларини оча бошлаган. Фото: ALEXANDER REKA/TASS
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг ҳисоблашича, Лисичанск-Северодонецк агломерацияси мудофааси - муваффақиятли ҳарбий операция бўлди: вақтдан ютилди, Ғарбдан қурол етказиб берилиши давом этмоқда.
«Операциянинг барча вазифалари - бажарилди: «Ҳимарслар» шу ерда, россияликларнинг йўқотишлари қўрқинчли даражада, мудофаанинг иккинчи чизиғи шай ҳолатда, Украина қуролли кучлари фронтнинг уч йўналишида: Угледар яқинида, Запорижжя ва Херсон йўналишларида», деган у.
Арестович Украинанинг Россия билан ҳарбий қарама-қаршилиги истиқболлари бўйича оптимистик прогнозлари билан машҳур.
Ғарблик ҳарбий экспертлар ҳисоблашича, Лисичанск ва Северодонецкнинг эгалланиши - шубҳасиз Россия армияси муваффақияти, аммо бу улкан саъй-ҳаракатлар ва йўқотишлар эвазига қўлга киритилган, қолаверса бу ютуқ Кремлнинг Украинага қарши урушдаги якуний ғалабасини кафолатламайди - асосий жанглар ҳали олдинда.
«Гарчи [РФ армияси] муваффақиятга эришган бўлса-да, қуршов ҳосил қила олмади ва украинларга қараганда кўпроқ ҳолдан тойди. Уларга бу муваффақият жуда қимматга тушди», деган RUSI таҳлил маркази собиқ директори, профессор Майкл Кларк Times газетасига берган интервьюсида.
Ҳарбий мутахассислар фикрича, Россия қўшинларининг Александр Лапин ва Сергей Суровикин қўмондонлигидаги марказий ва жанубий гуруҳларининг асосий хизмати шунда бўлдики, урушнинг аввалги босқичларидан фарқли равишда, россиялик ҳарбийлар икки йўналишдаги ҳарбий ҳаракатларни яхши мувофиқлаштира олди ва олдинга қўйилган мақсадга эришди.
Аммо украинлар ҳам катта кучлар билан олдиндан тайёрланган позицияларга уюшган ҳолда чекинишга муваффақ бўлди, дея қайд этади экспертлар.
Фронтда ўзгариш йўқми?
Украина мудофааланади ва чекинади, Россия у қадар тезлик билан бўлмаса-да, олдинга юради. Ғарб етказиб берган қуроллар нега фронтдаги вазиятни ўзгартирмаяпти?
Ғарб мамлакатлари Украинага катта миқдорда арсенал етказиб беришди ва ҳарбий ёрдам ҳажмини ошириб боришни мўлжалламоқда. Аммо энг замонавий «мўъжизавий» қуролларни етказиб бериш ҳам ҳарбий ҳаракатлар боришини ўзгартиришга қодир эмас.
Биринчидан, бу қуролларни ўзлаштириш ва мослашиш, турли жанговар бўлинмалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни қайтадан ташкиллаштириш керак бўлади.
Иккинчидан, бу қуроллар қаерда ва қандай шароитда самаралироқ эканини (кўпинча тажриба йўли билан) тушуниб олиш керак.
Учинчидан, ўқ-дорилар узлуксиз етказиб берилишини ва янги техникаларга хизмат кўрсатиш доимийлигини таъминлаш керак.
Буларнинг бари вақт талаб этади. Аммо агар НАТОнинг ҳарбий ёрдами бўлмаганида, украин армияси ҳозирда анча оғир аҳволда қолган бўларди.
Украина армияси уруш давомида Ғарб ҳарбий техникасини ўзлаштиришига тўғри келмоқда. Фото: Getty Images
Украинага советлардан қуроллар мерос қолган - булар энг янги танклар, БМП ва БТРлар эмас, Украина армиясининг ўзида бўлган турли калибрдаги артиллерия тизимлари ва авиация Россиянинг замонавий тизимлари ва қирувчи самолётлари билан тенгма-тенг жанг қила олмайди, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам эскирган.
Украинларнинг ўзи ишлаб чиқарган ва анча муваффақиятли чиққан ишланмалар ҳам бўлди - танкка қарши «Стугна» ракета мажмуаси (кўплаб кўрсаткичларига кўра Javelin ва NLAW тизимларидан кучлироқ), кемаларга қарши «Нептун» ракеталари (советларнинг Х-35 ракетасининг такомиллаштирилган варианти), 155-миллиметр калибр қўлланадиган «Богдан» ўзиюрар гаубицаси. Армия ихтиёрида Ғарбда ишлаб чиқарилган танкка қарши бошқарилувчи ракеталар ва қўлда олиб юрилувчи зенит-ракета мажмуалари бор эди.
Лекин Украина мудофаа саноати ва унинг захиралари узоқ муддатга чўзилувчи кенг кўламли уруш олиб бориш учун мўлжалланмаган - бундай урушга бир йил ичида тайёрланиб бўлмайди. Россия босқинининг биринчи босқичида Украина қуролли кучларида ўқ-дорилар етарли бўлганди, ҳарбий можаро узоқ давом этувчи босқичга ўтгач ўқ-дори тез тугаб қола бошлади.
Уларни тўлдириш учун эса манба йўқ эди - НАТО мамлакатлари бошқа калибрдаги ўқ-дорилардан фойдаланади. Захирадан яна нималардир топилди, аммо бу кўп вақтга етмаслиги тайин.
Бундай вазиятда Ғарбдан етказиб берилаётган қуроллар Украина қуролли кучларининг ўт очиш кучини ошириш учун эмас, уруш жараёнида қайта қуроллантириш учун керак бўлади. Бу Украина армияси НАТО стандартларига ўтиш учун «ўлиб-тирилаётгани» туфайли эмас - вазият шуни тақозо этмоқда.
Онлайн режимда кимнинг қўли баланд келмоқда?
Таққосланадиган кучга эга бўлган рақиблар иштирокидаги замонавий ҳарбий можаронинг ўзига хослиги нимада?
Ҳозирги ҳарбий қарама-қаршиликнинг ўзига хосликларидан бири - рақибдан яширинган ҳолда йирик қўшинлар орқали манёврлар амалга ошириш имкони йўқлигидадир.
Икки томон ҳам назорат воситалари бўйича улкан салоҳиятга эга - бу аэрокосмик разведка, учувчисиз учиш қурилмалари, катта қўшинлар, жосуслик тармоқлари, киберразведка. АҚШ ва НАТОнинг ҳарбий сунъий йўлдошлари, узоқ масофали радиокузатув ва аниқлаш авиация мажмуалари Украина учун ишлайди. Россиянинг ҳам ўз аэрокосмик воситалари бор.
Душман гуруҳларининг барча жой ўзгартиришлари, баъзида алоҳида ҳарбий техникалар ҳаракати ҳам онлайн режимда кузатиб борилади.
Қолаверса, икки томон ҳам зенит-ракета мажмуалари билан яхши қуроллангани туфайли авиациядан керакли даражада фойдалана олмайди. Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг назорат ҳудудига кирмай туриб ракета зарбалари йўллаши мумкин, аммо бу зарбалар аниқлиги савол остида бўлади. Икки томон ҳам вақти-вақти билан фронт авиациясини қўллаб туради, аммо жуда эҳтиёткорлик билан.
Шу сабабли фронтдаги вазият кескин ўзгаришини кутиш қийин. Гарнизони қамал ҳолатида мудофааланиш учун онгли равишда қолдирилган Мариупол ҳисобга олинмаса, тўрт ойдан ошиқ вақт мобайнида томонларнинг ҳеч бири рақибнинг улкан гуруҳи қуршовга тушиши ёки буткул яксон этилиши билан якунланган муваффақиятли стратегик амалиёт ўтказмади.
Бундай шароитда уруш рақибни ҳолдан тойдириш учун олиб борилади. Россия ва Украина рақибга максимал даражада зарар етказишни кўзлаган. Ўқ-дори омборлари ва мудофаа ичкарисида жойлашган бошқа ҳарбий объектларга зарбалар беришга катта эътибор қаратилмоқда. Украина армияси сўнгги вақтларда бу борада фаоллашди - бу Ғарбдан узоқ масофага отувчи қуроллар етказиб берилгани самарасини кўрсатаётгани билан изоҳланиши мумкин.
3 июл куни Украина қуролли кучлари фронт линиясидан 70 километр ичкарида жойлашган Мелитополдаги аэродромга ракета зарбалари йўллади.
Кейинги куни «ДХР»нинг Снежное шаҳрида, Россия қўшинларининг фронт орти ҳудудида жойлашган ўқ-дори омбори артиллериядан ўққа тутилди.
ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, украин артиллерияси шу кунларда Донбассда ва Миколайив областида россиялик ҳарбийларнинг ўндан ортиқ омборларини яксон этган.
Россия ҳам Украинанинг фронт ортидаги объектларига ва таъминот линияларига кучли зарбалар бермоқда.
Бундан буёғига Россия армиясидан нима кутиш мумкин?
Северодонецк ва Лисичанск асосий жанг майдонлари эди, аммо фронт чизиғи жуда катта - у Харкив, Донецк, Запорижжя ва Херсон областлари бўйлаб узанган. Россия энди қаерда ҳужумга ўтиши мумкин?
Аскарларни Луҳанскдан бошқа фронтга кўчириш нафақат қийин, балки бу аскарларга Луҳанск ва Донецкдаги «халқ республикалари»ни «озод қилиш» мақсад қилиб қўйилган бўлса, мантиқсиз ҳамдир.
Россия қўшинлари янгиларини штурм қилишдан олдин украинларнинг мустаҳкам ҳимояланган ҳудудларини эгаллаш чоғида берилган йўқотишлари ўрнини қандай қилиб бўлса ҳам тўлдириши керак.
Владимир Путиннинг Луҳанск областидаги россиялик ҳарбийлар «дам олиши ва ўз ҳарбий имкониятларини ошириши кераклиги» ҳақидаги сўзлари россияликлар президенти бу бўлинмаларга оператив танаффус қилиш ҳақида буйруқ берганини кўрсатади.
Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) экспертлари баҳолашича, «Путиннинг оммавий баёнотлари, катта эҳтимол билан, Россияда [ҳарбий хизматчиларга] қандай муносабатда бўлинаётгани ҳақида шикоятлар фонида унинг қўшин ҳолати тўғрисида қайғуришини кўрсатиш учун берилмоқда».
Қайд этилишича, Северодонецк ва Лисичанск учун жанг қилган бўлинмалар чиндан ҳам янги ҳужум ҳаракатларига киришишдан олдин маълум вақт давомида таътил олиш ва қайта қуролланишга ўта муҳтождир.
Аммо бу икки учга эга қиличдир - рақиб ҳам дам олиб, куч тўплайди, ўз позицияларини мустаҳкамлайди ва янги қуролларни жойлаштиради.
«Аммо Россия армияси бундай таваккалчиликка қўл уриб, ўзининг ҳолдан тойган ҳарбийларига кучларни тиклаш учун етарли бўлган оператив танаффус берадими, йўқми, буниси номаълум», дея қайд этишган ISW экспертлари. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди