23:50 / 19.08.2022
2 032

Сталин ва Гитлернинг қонли битими Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлди

Сталин ва Гитлернинг қонли битими Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлди
Айтиб ўтганимиздай, савдо шартномаси тузиш ғояси немислардан чиққан бўлса, сиёсий шартнома тузиш ғоясини советлар олдинга сурганлар. 1939 йилда – уруш олдидан – немислар билан сиёсий битим тузишга эришиш мақсадида Сталин ҳукумати СССР учун фойдасиз бўлган, аксинча, катта зарар келтирадиган, иқтисодий-ҳарбий жиҳатдан мамлакатни кучсизлантирган савдо шартномасини имзолашга рози бўлди, шунингдек, СССРнинг мудофаа манфаатларига зид равишда, бўлғуси муқаррар ҳарбий ғанимларни – немис фашистларини 1939-1941 йиллар давомида стратегик хомашё билан таъминлаш мажбуриятини ҳам олди.

Совет Иттифоқи Олмонияга 1939 йилдан бошлаб дон (яъни, нон), нефть, платина, фосфор ва бошқа хомашёларни жўната бошлади. Микоян билан савдо шартномасини имзолаган доктор Шнурре Берлинга бу ҳақда хабар қилар экан, бу хомашё «биз учун (урушга тайёрланаётган фашистлар учун – К.Б.) тилло баҳосига тенг», - деб ёзади. Ўзининг ушбу биринчи ютуғидан илҳомланган Риббентроп Московга иккинчи ғалабага эришиш учун – Кремл билан келишиб, Оврўпо картасини Гитлер хоҳлагандай хомталаш қилиш ишончи билан келади. У хато қилмаган эди.

1939 йил 23 август… Сталин раҳбарлигидаги Сиёсий Бюро иштирокида Риббентроп ва Молотов «СССР ва Олмония ўртасида ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартнома»ни имзолайдилар.

Шартномага Кремлда тузилган, аввалроқ Берлинга ҳам жўнатилган «Махфий қўшимча протокол» илова қилинади. Унинг мазмунига кўра Гитлер ва Сталин бошқа бир давлатни – Полшани бўлиб оладилар. Этнографик Полшани Олмония протекторат сифатида эгаллайди, унинг ғарбия вилоятлари – ўарбий Украина ва Ғарбий Белоруссияни СССР босиб олади. Сталин Гитлернинг Ғарбий Оврўпода бемалол ҳаракатланишини тан олади. Бунинг эвазига Совет Иттифоқи Бессарабияни, Шимолий Буковинани, Болтиқбўйи давлатлари ва ҳатто Финляндияни СССРга қўшиб олиш ҳуқуқини қўлга киритади. Имзолаш маросимидан сўнг Сталин ва унинг ҳамтовоқлари иштирокида Молотов Риббентроп шарафига тўкин-сочин зиёфат беради.

Бу кимсалар - қандайдир тўрт-беш дақиқа ичида қаламнинг бир тортилиши билан бешта мустақил давлатнинг тақдирини чизиб ташлаган калтафаҳмлар тарихда мисли кўрилмаган дунёвий фожеани бошлаганларини яхши билардилар, Уруш аслида шу дақиқалардан бошланди. Бу дунёвий фожеанинг изи жаҳонда «социализм» мағлуб бўлгунга – ХХ аср охиригача етди. Шунга қарамай, улар мустақил халқларнинг фожеасини ўз ғалабалари сифатида байрам қилиб ўтирардилар. Увулдириқ ердилар, шампан ичардилар, табрик сўзларининг кети узилмасди. Бир табрик сўзи ҳатто тарихга ҳам кирган. Бу келишиб олинмаган тасодифий табрик сўзи ҳақида Риббентроп тезда фюрерга хабар қилган. Сўзни Сталин гапирган эди: «Мен немис халқи ўз доҳийсини қанчалар кучли севишини биламан. Шунинг учун мен унинг соғлиғини тилаб ичаман».

Яҳудийларни концлагерларда қиришга киришган нацист, антисемит Риббентроп зиёфатда яҳудий Каганович билан қадаҳ чўқиштиради. Тасаввур қилинг! Инсоният тақдирининг савдогарлари – берлинлик ва московлик қароқчилар оғиз-бурун ўпишмоқдалар.

Риббентроп ва Гитлер большевизмни «қардош» билган фашистлар сифатида якка эмасдилар. Фашизмнинг руҳий даҳоси Бенито Муссолинининг ўзи ҳам сталинизмни фашизмнинг бир тури деб биларди. У 1939 йил октябрида салмоқли этиб шундай деганди: «Россияда большевизм тугади, унинг ўрнига славянча фашизм келди». Коммунистлар ҳам фашистларга хайрихоҳ эдилар. Сталин дилидагини Молотовга тили билан айтишни топширади: «Гитлеризм мафкурасини, ҳар қандай бошқа мафкуравий тизим каби, эътироф ёки инкор этиш мумкин… Аммо гитлеризмни йўқотиш учун урушиш – нафақат беъманилик, ҳатто жиноятдир». Сталин 1939 йилда Гитлер билан тузган битимини оқлаш учун шундай маънисиз тахминни олға суради: гўё Совет Иттифоқи бу битим туфайли Олмония билан урушга тайёрланиш учун икки йил (1939-1941) ютган.

Ахир совет давлати икки йил эмас, йигирма икки йил (1917-1939) урушиб, урушга тайёрланиб келди?! Хўш, 1939-1941 йиллар давомида урушга қандай тайёргарлик кўрилди? Бир томондан, Гитлер билан шартномалар натижасида бўлуси ғанимлар – немис фашистлари ҳарбий-стратегик хомашёлар билан таъминланди, иккинчи томондан, минглаб ҳарбий кадрлар, совет армиясининг қўмондонлари уруш арафасида «халқ душманлари» сифатида қамалди ва отиб ташланди, армия ва халқ бошсизланди, «ўзбошимча»лар йўқотилди. Сталиннинг бошидан бошқа бош тикка қолдирилмади. Тайёргарлик шуми?

Гитлернинг ҳарбий-стратегик хомашёларга эҳтиёжини қондириш учун нафақат СССРдан, балким СССР орқали, унинг ҳудудидан бошқа давлатлардан олинган хомашёларни ўтказиш мақсадида 1940 йил 10 февралда яна бир СССР манфаатларига хилоф совет-олмон битими имзоланди. Томонларни маҳсулотларни етказиб бериш муҳлатлари ҳам қизиқарлидир. Шартномага кўра, немислар маҳсулотларини (машина ва аслаҳалар) 27 ой давомида етказиб беришлари зарур бўлган бир пайтда, Совет Иттифоқи ўз маҳсулотларини 18 ой (?!) ичида етказиб бериши керак эди. Нега?

Чунки советлар хомашёсини олиб бўлган заҳоти (17-18 ой ўтгач – 1941 йил 22 июнда) немислар уруш бошлайдилар ва советларга шартнома бўйича нарса қайтаришларига ҳожат қолмайди. «Коммунизм» ва «жаҳон инқилоби» ғоялари билан банд бўлган «доно» Сталин ва совет раҳбарларининг шартнома муҳлатларидаги бу оддий жумбоқни ечишга ҳам ақллари етмаган. Ҳолбуки, бошқа огоҳлантиришларни қўйиб турганда ҳам, шу муҳлатларнинг ўзиёқ немислар советларга қарши урушни 1941 йил ёзига мўлжалланаётганини аниқ кўрсатиб турарди.

Бундан ташқари, шартнома бўйича Москов ўз зиммасига немислар учун учинчи давлатлардан металл ва бошқа хомашёларни сотиб олиш мажбуриятини ҳам қабул қилади. Гап шундаки, немис фашизмининг ҳарбий қудрати ошаётганидан хавотирга тушган Оврўпо давлатлари Олмонияни иқтисодий қуршовга оладилар, унинг кучайиб кетиб, уруш бошламаслиги учун фашистларга хомашё сотмайдилар ва ўз ҳудудларидан немислар юк олиб ўтишига ҳам рухсат бермайдилар. Хусусан, Англия Олмонияга иқтисодий қамал эълон қилган эди. Агар СССР ҳам буларга қўшилганда эди, Олмония кучга тўлиб, урушни бошламасди, жаҳон халқлари, шу жумладан, совет халқи ҳам йигирма беш миллион қурбонни бермасди.

Фашизмнинг босқинчи, қонхўрлигини била туриб, Сталин бошчилигидаги совет раҳбарлари Гитлер билан шартномалар туздилар, хомашё сотдилар, ҳарбий мадад бердилар ва бунинг оқибатида СССР кўмаги билан ҳарбий жиҳатдан қудрати ошган Гитлер фашизми Жаҳон урушини бошлади. Дунёнинг бошига тушган, шу қаторда, халқимизнинг ҳам ёстиғини қуритган фашизм урушида Сталин ва совет тузумининг катта айби бор. Уруш олдидан тузилган Сталин-Гитлер шерикчилиги бу улкан хатоларнинг биридир.

Совет Иттифоқи немислар Манчжурия, Афғонистон, Эрон, Руминиядан сотиб олган маҳсулот ва хомашёларни ўз ҳудудидан ўтказишга рухсат беради. Бу янги 1940 йил 10 феврал битими ҳақида доктор Шнурре Берлинга ғолибона хабар бериб, шундай ёзган эди: «Шубҳасиз, СССР, бу иқтисодий жиҳатдан унга мақбул бўлмаса-да, катта нарсалар бермоқда, ушбу маҳсулотларни у қисман ўз халқи таъминотини қисқартириш ҳисобига бермоқда. Бу битим биз учун Шарқ мамлакатларига очилган дарвозалар демакдир». Хулоса шуки, совет кишиларининг “оғзидан юлиб» фашистларга берилган маҳсулотлар гитлеризмнинг ҳарбий қудратини оширди, таъминоти қисқарган совет халқи уруш бошида қарши туролмади, қурбонлар, асирлар сон-саноқсиз бўлди, немислар тез суратда ҳарбий жиҳатдан қолоқ СССР ичига чуқур киришга муваффақ бўлдилар.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, Сталин шартномага кўра бериладиган стратегик хомашё ва маҳсулотларни Олмонияга етказишда сахий ва содиқ бўлгани сари Гитлер СССРга маҳсулот қайтаришда хасис ва тайинсиз бўлиб борди. Кремл бу ҳақда шартномани имзолаган Шнурре жанобларига нолиб ҳам кўрган. Шнурре шартномага кўра немислар СССРга етказиши лозим бўлган маҳсулотларнинг тўхтатилганини сабабини биларди. Яъни, Олмония СССРга қарши уруш очиши аниқ эди. Немис ҳукумати атайин шундай ҳаракат қилаётганди.

Шнурренинг эътироф этишича, «рейхсмаршалл Герингнинг СССРга совет ҳарбий қудратини бевосита ёки билвосита оширадиган маҳсулотларни бермаслик ҳақида кўрсатмаси мавжуд эди». СССРга ҳужум қилиш «Барбаросса» режаси советлар билан «Риббентроп-Молотов пакти» имзоланаётган пайтдаёқ Гитлернинг миясида пишиб етган эди. Демократик давлатларда бу ҳақда очиқ гапираётгандилар, фақат «буюк даҳо ва халқлар отаси» Сталин берлинлик сиёсат ефрейтори Гитлернинг ёвуз ниятини англаб етолмади.

Худди шу сабабли ҳам 1941 йил 22 июн тонгида СССРда тайёрланган совет бензинини ёқиб, СССРда ишлаб чиқарилган «Юнкерс» самолётлари СССРда, Липецкда ўқиган немис учувчилари бошқарувида совет шаҳар ва қишлоқларини советлардан сотиб олинган бомбалар билан вайрон қила бошладилар. Уларнинг ортидан совет ёнилғиси билан тўла танкларни советларнинг Қозондаги «Кама» ҳарбий мактабида таҳсил олган немис танкчилари бошқариб келардилар. Уларнинг изидан совет буғдойидан бўлган нонни чайнаб немис пиёда аскарлари ёпирилиб кирдилар.

Сталин ва Гитлернинг жинояткорона қонли битими Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлди.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сталин ва Гитлернинг қонли битими Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлди