11:00 / 29.08.2022
1 256

Лочин йўлаги Озарбойжон назоратига ўтди. Бу Қорабоғ арманлари учун нимани англатади?

Лочин йўлаги Озарбойжон назоратига ўтди. Бу Қорабоғ арманлари учун нимани англатади?
Фото: VALERY SHARIFULIN/TASS
Озарбойжон армияси Лочин йўлаги назоратини қўлга олди. Шу вақтгача йўлакни назорат қилган Россия тинчликпарвар кучлари бошқа ҳудудга кўчиб ўтишди. Лочин йўлаги Арманистон билан Тоғли Қорабоғни боғлаб турувчи ягона ва жуда муҳим йўл эди. Унинг озарбойжонликлар назоратига ўтиши Қорабоғ арманлари учун нимани англатади?

2022 йил 26 август куни Россия тинчликпарвар кучлари бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган олти километрлик тоғ йўли бўлмиш Лочин йўлаги устидан назоратни Озарбойжонга топширди. Бу йўл Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғлайди.

Озарбойжон армияси Лочин шаҳарчасини эгаллади, Сус ва Забух қишлоқлари ҳам назорат остига олинди, деб хабар берди мамлакат президенти Илҳом Алиев. «Барча Лочин аҳолисини ва Озарбойжон халқини ушбу байрам билан табриклайман», — деб ёзди у Twitter саҳифасида.

«Йўлакда» икки йил
Иккинчи Қорабоғ уруши 44 кун давом этган ва 2020 йил 10 ноябрда якунланганди – ўша куни Озарбойжон президенти ва Арманистон бош вазири Владимир Путин воситачилигида қўшма баёнот имзолайди. Аслида, бу Арманистоннинг таслим бўлишини англатарди.

Ўт очишни тўхтатиш ва 1994 йилдан бери арман кучлари назоратида бўлган Тоғли Қорабоғ атрофидаги ҳудудларни Озарбойжонга қайтаришдан ташқари, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян ўшанда Арманистонни Хонкенди (Степанакерт, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси маркази) билан боғлайдиган ягона қуруқлик йўли – Лочин йўлагини нима қилиш ҳақида ҳам келишиб олганди.

Уруш якунларига кўра, Қорабоғ тоғ тизмасининг жануби-ғарбий ён бағрида жойлашган кичик Лочин шаҳарчаси қарийб ўттиз йилдан сўнг Озарбойжон таркибига қайтади. Шаҳарни ва Арманистондан Тоғли Қорабоғгача бўлган йўлни Россия тинчликпарвар кучлари назорат қила бошлайди. Бунинг учун уларга беш йиллик мандат берилади, уни узайтириш имконияти ҳам бор.

Аввалига бу осон бўлмади: расман бу ҳудуд Озарбойжонники бўлишига қарамай, «ўтиш даври»да фақат Арманистон паспорти эгалари Лочинга рухсатсиз кириши мумкин эди. Озарбойжон ҳарбийлари эса йўлак бўйлаб қилинган ҳар бир ҳаракатни россияликлар билан келишиб олиши лозим эди. Ҳатто рухсат берилган тақдирда ҳам озарбойжонликларни россиялик ҳарбийлар кузатиб боришарди.

Фото: ANDREY BORODULIN/AFP VIA GETTY IMAGES
«Аввалига улар норози бўлишарди. Лекин биз бу тинчлик битими шартлари эканини тушунтирардик. Унда президент имзоси бор, шундай экан, марҳамат, уни бажаринг деганимиздан сўнг тинчланишарди», деганди россиялик тинчликпарвар посбон 2021 йил мартида.

Бир неча километр узунликдаги тоғли йўлда тез-тез можаролар содир бўларди. Бу ердан ўтиб кетаётган озарбойжонликлар автомобиллар ойнасига давлат байроғини осиб, бу ўз ҳудуди эканини билдиришарди. Буни кўрган арманлар уларга ҳақоратли ишора қилишарди.

Вақт ўтиши билан вазият тинчланди: 2021 йил кузида Лочин йўлаги шахсий автомобиллар ҳаракати учун очилди. Аммо йўлак ҳамон тинчликпарвар кучлар томонидан қатъий назорат қилинарди.

2021 йилда Лочинда атиги 80 нафар аҳоли истиқомат қиларди. Уларнинг кўпчилиги Озарбойжон назорати остига ўтган қўшни қишлоқларда маҳаллий аҳолига нарсаларини йиғиштириб, чиқиб кетиш учун жуда оз вақт берилганини даҳшат билан айтишди. Кўпчиликнинг борадиган жойи йўқ эди. Лочиндагиларнинг баъзилари ҳеч қаерга кетишни хоҳламади. Энди эса бунга мажбур.

Баҳсли йўлак
Можародан кейинги бир ярим йилни тинчликсиз ва урушсиз давр сифатида тавсифлаш мумкин.

Маҳаллий даражада тўқнашувлар мунтазам равишда содир бўларди: вазиятнинг кескинлашишида Озарбойжон айбланарди. Масалан, март ойида улар яна бир аҳоли пункти ва баландликни назоратга олишди.

Июл ойи охирида Қорабоғдаги вазият сезиларли даражада ёмонлашди.

Аввалига, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси (ТҚР) расмийлари Озарбойжонни сулҳ чизиғини кесиб ўтишга уринаётганликда айблашди. Сўнгра россиялик тинчликпарвар кучлар Озарбойжон томонидан «ўт очишни тўхтатиш режимининг уч марта бузилиши» ҳақида хабар беришди. Шундан сўнг томонлар бир-бирини ўққа тутишда айблай бошлади. Отишмаларда бир неча аскар ҳалок бўлди.

Баъзи мустақил экспертлар фикрича, янги қарама-қаршилик Озарбойжон президенти Илҳом Алиев томонидан Ереванни мунозарали масалаларни имкон қадар тезроқ ҳал қилишга ундамоқчи экани билан боғлиқ эди. Бунинг учун қулай вақт келганди: Россия Украинадаги уруш билан банд, дунё эса бу воқеаларни кузатаётган бир пайтда озарбойжонликлар тинчликпарвар кучларга эътибор бермай, янада тажовузкор ҳаракат қила бошлади.

Ҳал қилинмаган асосий муаммо – Лочин йўлаги, Озарбойжон яқин келажакда унинг назоратини қўлга киритмоқчи эди.

Фото: VALERY SHARIFULIN/TASS
Уруш якунидаги келишувларга кўра, Арманистон ва Озарбойжон Лочинни айланиб ўтувчи янги йўл қуриш режаси бўйича қарор қабул қилиши керак эди. Россия тинчликпарвар кучлари эса янги йўлга кўчиб ўтиши лозим эди. Бунга 3 йил муҳлат берилди, бу муддат ҳали тугамади.

Аммо музокаралар ва келишувлар узоқ давом этди.

3 август куни вазият кескинлашганидан сўнг, Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Бокунинг Лочин йўлаги бўйича қўйган талабларини ноқонуний деб атади: у Арманистон ҳалигача янги йўл қуриш режасига рози бўлмаганини таъкидлади.

Озарбойжон бундан хижолат бўлмади: бу вақтга келиб у Лочин вилоятининг Арманистон билан чегарасидан бошланиб, Шуша–Хонкенди шоссесига туташадиган йўлнинг ўзига тегишли қисмини қуриб тугатаётган эди. Ҳозирги кунда Боку йўл фойдаланиш учун тўлиқ тайёрлигини айтмоқда.

Озарбойжоннинг фикрича, Арманистон шу вақт давомида режани тасдиқлаш ва йўлнинг ўзига тегишли қисмини қуришни атайлаб кечиктириб келган. Ереван эса уч йил муддат ҳали тугамагани, кутиб туриш кераклигини таъкидламоқда.

Аммо июл охири – август ойи бошидаги кескинлашувдан кейин жараён тезлашди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси расмийлари берган маълумотга кўра, Озарбойжон 5 августгача Лочин ва Забух (Ахавно) қишлоғини бўшатиб қўйишни талаб қилган. Кейинчалик сана 25 августга кўчирилди.

Йўлдаги одамлар
Озарбойжон таркибига ўтган ҳудудларда арманлар яшашда давом этмоқда. Уларнинг кўпчилиги ўз ҳукумати билан кўчиш масалалари бўйича келишувга эриша олмаяпти.

Тан олинмаган республика вақтинчалик уй-жой беришни ваъда қилмоқда, аммо бунга ҳамма ҳам рози эмас. Уй-жой вақтинчалик экани кўпчиликни қониқтирмаяпти, бошқалар эса барча ваъдалар фақат сўзда эканидан ғазабланмоқда. Баъзилар қаерга боришни билмайди. Қолишни хоҳловчилар ҳам бор, аммо уларнинг тақдири қандай бўлиши номаълум.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати август ойи бошида Лочин шаҳарчаси, Сус ва Ахавно қишлоғи аҳолисига 25 августга қадар уйларини тарк этиш кераклигини эълон қилди. Шу санадан бошлаб ҳудудлар Озарбойжон назорати остига ўтарди.

Қишлоқлар аҳолиси учун бу баёнот кутилмаган эди: иккинчи Қорабоғ уруши пайтида у ердан қочиб кетган кўплаб одамлар вақт ўтгач яна уйларига қайтишганди.

Ахавно қишлоғи аҳолиси охирига қадар кетишга тўғри келмаслигига умид қилганди, аммо энди нарсаларини йиғиштирмоқда
Фото: ЛИЛИТ ШАХВЕРДЯН

Масалан, Ахавно қишлоғи (Озарбойжонда уни Забух деб аташади) аҳолиси 2020 йилги урушдан кейин яна уйларига қайтишган, вайрон бўлган мактабни тиклаб олишган ва тинч ҳаёт давом этишидан, Озарбойжон бу ҳудудларга қайтмаслигидан умидвор бўлишганди. Ҳозир эса нарсаларини йиғиштиришмоқда.

Интернетда одамларнинг баъзилари озарбойжонликлар қўлига ўтмаслиги учун уйларини ёқиб юбораётгани тасвирланган видеолар тарқалмоқда. Аммо тан олинмаган Тоғли Қорабоғ расмийлари бу ҳолатда одамлар товон пули олмаслигидан огоҳлантирган.

ТҚР мажбуран кўчириб юборилаётган ҳар бир кишига 40 минг драм (тахминан 99 доллар) моддий ёрдам ва уй-жой сотиб олиш ёки ижарага олиш учун 10 миллион драмлик сертификат (тахминан 24 600 доллар) таклиф қилмоқда. Аҳолининг айтишича, бундай пулга Арманистондан уй сотиб олиш иложсиз, фақат ижарага олиш мумкин.

Бундан ташқари, бундай сертификатни олган Лочиннинг собиқ аҳолиси муаммоларга дуч келяпти: Арманистон банклари бу сертификатларга шубҳа билан қарамоқда ва кўпинча уларни қабул қилмаяпти.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга бу муаммолар қизиқ эмас. «Лочин шаҳри, Забух ва Сус қишлоқларида ноқонуний равишда яшаб келган одамлар чиқиб кетиши керак. Бу табиий ҳол. Уларнинг бу жойларда яшаши ҳарбий жиноят ҳисобланади, чунки бу Женева конвенцияси қоидаларига зид. Босқинчи давлат босиб олинган ерларда аҳолини яшаш учун жойлаштира олмайди, бу ноқонуний», деган эди у.

Қорабоғдан Арманистонга элтувчи янги йўл энди Озарбойжоннинг Шуша шаҳри яқинидан ўтади ва россиялик тинчликпарвар кучлар томонидан назорат қилинади. Фото: ANDREY BORODULIN/AFP VIA GETTY IMAGES
Лочин йўлаги Озарбойжонга топширилганидан кейин Тоғли Қорабоғ Арманистон билан қандай алоқа қилади, деган ҳақли савол туғилади.

Бунга муқобил вариант бор. ТҚР ҳукумати аҳолига Озарбойжон таркибига ўтган Шуша яқинидаги ва россиялик ҳарбийлар назоратидаги йўлдан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Аммо муаммо бу билан тўлиқ ҳал қилинмайди. Бу йўлга электр энергияси устунлари ва алоқа кабеллари ҳам кўчириб ўтказилиши керак.

Бундан ташқари, Қорабоғ аҳолиси учун газ қувури ҳам асосий муаммо бўлиб қолмоқда: у қисман Озарбойжон назорати остидаги ҳудудлардан ўтади ва бу муаммо ҳамон ҳал этилмаган.

Тоғли Қорабоғ, Лочин йўлаги, Озарбойжон армияси, Арманистон

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лочин йўлаги Озарбойжон назоратига ўтди. Бу Қорабоғ арманлари учун нимани англатади?