19:12 / 22.01.2023
357

Нега русларга Туркияда яшаш рухсатномаси берилмаяпти?

Нега русларга Туркияда яшаш рухсатномаси берилмаяпти?
Фото: Francisco Seco / AP / Scanpix / LETA
2022 йил январидан сентябригача Туркияга деярли тўрт миллион россиялик келган. Бутун ўтган йил давомида Россиянинг 153 минг нафар фуқароси Туркияда яшаш учун рухсатнома олди ва бу борада биринчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 2022 йилда россияликлар Туркияда 16 мингдан ортиқ уй ва квартира сотиб олди, бу сўнгги олти йилдагидан ҳам кўпроқ. Бироқ, декабр ойи охиридан россиялик муҳожирларга Туркияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома бериш оммавий равишда рад этила бошланди. Туркия ҳукумати томонидан чекловлар бўйича ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмади. «Медуза» нашри Туркияда муаммоларга дуч келаётган россияликлар билан суҳбатлашди.

Москвалик Иван Чернявский Украинага кенг миқёсли босқин бошланганидан сўнг, 2022 йил март ойида Туркияга жўнаб кетади ва апрел ойида Анталяда яшашга рухсатнома олиш учун нотариал тасдиқланган ижара шартномаси ва стандарт саволларга жавоб берилган анкетани миграция хизматига топширади.

«Тасдиқлашнинг ўзи бир неча соат давом этди ва бир ой ўтгач, мен икамет (яшаш рухсатномаси) олдим. Ҳаммаси жуда оддий ва тез битди», дейди Иван.

2022 йил 26 декабргача россияликлар яшаш учун рухсатнома беришнинг оммавий рад қилинишига дуч келмаган. Агар бу чекловлар давлат томонидан киритилган бўлса, у ҳолда бу маълум ҳудудларга нисбатан жорий қилиниши мумкин эди. Масалан, июн ойида Анталя шаҳрининг чет эл фуқаролари сони умумий аҳоли сонининг 20 фоизидан ошадиган бир қатор туманларида яшаш учун рухсатномалар бериш расмий равишда тўхтатилди.

Октябр ойида, Россияда сафарбарлик бошланиб, мигрантларнинг янги тўлқини пайдо бўлганидан сўнг, турк банклари карталарни расмийлаштиришда Россия Федерацияси фуқаролари учун қўшимча талабларни қўйишни бошлади, масалан, Туркияда ишлаш учун рухсатнома, беш минг доллар депозит қўйиш ёки 100 доллар комиссия тўлаш каби.

Аммо 26 декабрдан кейин, Украинадаги уруш туфайли кўплаб русларнинг янги яшаш жойига айланган Измир ва Фатҳия шаҳарларида бир неча кун ичидаёқ Россия Федерацияси фуқароларига яшаш учун рухсатнома бериш бутунлай тўхтатилди. Бу ҳақда «Медуза» нашрига Россия ва Украинадан келган муҳожирларнинг Туркияга жойлашишига ёрдам берувчи Россиянинг «Тотамтотут» компанияси мутахассиси Даниил Шаулов маълум қилган.

«26 декабрдан кейин Фатҳия ва Измирда ваҳима бошланди. У ерда ҳақиқатан ҳам ёқимсиз ҳолатлар юз берган. Одамлар миграция хизматига келиши биланоқ, уларга дарҳол рад жавоби берилиши айтилган. Офицерлар ҳужжатларга рад этиш белгисини қўймаган ва одамлар бошқа ҳудудлардан яшаш учун рухсатнома олишга уриниб кўришлари мумкин эди. Йўқса уларга дарҳол мамлакатдан чиқиб кетиш санаси белгиланарди», дейди Шаулов.

Яшаш рухсатномаси беришни рад қилиш ҳолатлари сони ортгани ҳақидаги хабардан сўнг, турк бюрократияси билан юзма-юз келган руслар телеграмда гуруҳлар ташкил қилган. Фойдаланувчилар Туркия давлат хизматчилари уларга рад этиш сабабларини тушунтирмаганини ёзишган.

«Амалда ҳамма рад жавоби олмоқда ва агар кимдир рухсатнома олса, бу шунчалик тасодифийки, мантиқни тушунишнинг иложи йўқ. Яшаш учун ариза берган россияликларнинг 80-95 фоизи рад жавоби олган», дейди Туркияда яшаш учун рухсатнома ололмаган россиялик Антон Кравцов.

Хорижий финтех компанияси раҳбари Сергей Башаров сентябр ойи охирида, Россияда сафарбарлик бошланганидан кейин Туркияга учиб кетади ва риелтор ёрдамида ижара шартномасини тузади. Кейин риелтор Башаровга яшаш рухсатномасини олиш учун мутахассис топишда ёрдам берди.

«У (мутахассис) яшаш рухсатномасини олиш учун миграция хизматига қандай ҳужжатлар топшириш керак бўлса, барчасини тайёрлади. Кейинроқ мен миграция хизматидан учрашув 1 декабрга белгилангани ҳақида SMS олдим. Бориб барча ҳужжатларни бериб, биометрик маълумотларни топширдим. Ҳеч қандай савол беришмади, шунчаки SMS’ни кутинг дейишди. Ва охир-оқибат рад жавоби келди», дейди Башаров.

Сценарист Елена ва унинг турмуш ўртоғи 19 декабр куни Истанбулдаги миграция хизматига ҳужжатларни топширган, бироқ улар ҳам яшаш учун рухсатнома ололмаган.

«Ҳужжатлар ва мутахассис ёрдами учун сарфланган маблағдан ташқари ҳеч қандай фожиа йўқ. Аммо энди биз бошқа жумбоқни ҳал қилишимиз керак. Менинг дугонамнинг Аланядаги дўстининг яшаш рухсатномасини муддатидан аввал узайтиришни рад қилишибди. Ва унинг айтишича, бу тез-тез содир бўлаётган экан», дейди Елена.

Унинг қўшимча қилишича, у ва эрининг ҳужжатларини расмийлаштириш учун 800 доллар сарфлашган. Ва бу ҳужжатлар тўпламини йиғишга ёрдам берадиган хизматлар ходимларига тўланиши керак бўлган энг катта сумма эмас.

Маркетолог Михаил ва унинг ҳамроҳига ҳам Истанбулда яшаш учун рухсатнома берилмаган. Михаилнинг сўзларига кўра, юристлар ёрдамисиз ҳужжатларни йиғиш учун у 3,5 минг лирадан (186 доллар) кўпроқ пул сарфлаган. Шундан бир ярим минги ижара шартномасини нотариусда тасдиқлаш учун, минг лираси паспортни турк тилига таржима қилиш учун ва яна минг лира йиллик суғурта қилишга кетган.

«Медуза» билан суҳбатлашган яна бир россияликнинг айтишича, у таржима ва тўловлар учун 6 ярим минг лирага (345 доллар) яқин пул сарфлаган ва рад жавобини олган.

Яшаш рухсатномасини олишда айнан руслар муаммоларга дуч келмоқда. Украина фуқароси Георгийнинг «Медуза» нашрига айтишича, у ватандошлари яшаш учун рухсатнома олиш билан боғлиқ муаммоларга тўқнаш келгани ҳақида эшитмаган. Буни Даниил Шаулов ҳам тасдиқлаган.

«Мен миграция хизматига 29 декабрда боришим, дўстим эса аввалроқ – 26 декабрда бориши керак эди. Биз ҳужжатларни муаммосиз топширдик ва ижобий жавоб олдик. Бу пайтда руслар орасида оммавий рад этиш ҳақидаги ваҳима аллақачон бошланганди. Кўпчилик россияликлар ҳамон Туркия ҳукуматидан мўъжиза кутмоқда ёки бошқа муқобил вариантларини изламоқда», дейди украиналик Георгий.

Мигрантларнинг жуда катта миқдорда Туркияга келиши озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, кўчмас мулккача бўлган барча нарсаларнинг нархи ошиши ва маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлди. Масалан, Change.org сайтида Анталяда хорижликларга уй-жой ижарага олишни тақиқлашни талаб қилган петиция пайдо бўлди. Петиция муаллифларининг таъкидлашича, «сўнгги уч йилдан бери нархи 600 минг турк лираси бўлган квартиралар нархи беш миллион лирагача кўтарилган».

«Бундан ташқари, ижара ҳақи ошиб, бу ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Уй-жойларни ижарага олиш эндиликда бу ерда яшовчи одамлар, айниқса талабалар учун имконсиз бўлиб қолди», дейилади петицияда. 18 январга қадар петицияга 16 мингга яқин одам имзо чеккан.

«Медуза» нашри билан суҳбатлашган барча россияликлар сиёсий сабабларга кўра рад жавобини олишганини тахмин қилишган. 2023 йил 18 июн куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Россияликлар фикрича, яшаш учун рухсатнома бериш чекланиши туркларнинг муҳожирлар оқими туфайли юзага келган норозилиги билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги ҳукумат шу йўл билан ўз рейтингини яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

«Ўйлашимча, биз тарафдан ҳеч қандай камчиликка йўл қўйилгани йўқ. Катта эҳтимол билан, ё мигрантлар оқими жуда катта, ёки Вова амаки бир қисми ортга қайтиши учун Эрдўған амакидан Россия Федерацияси фуқаролари учун яшаш шароитларни мураккаблаштиришни сўраган», дейди Башаров.

«Медуза» нашри Туркия миграция хизматлари билан боғлана олмаган. Ушбу мақола чоп этилган вақтда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам нашр сўровига жавоб бермаган.

Даниил Шауловнинг сўзларига кўра, ҳозир Туркия ҳукумати яшаш учун рухсатнома беришни тўлиқ тўхтатмайди, фақатгина мамлакатда қолишни хоҳловчиларга кўпроқ эҳтиёткорроқ муносабатда бўлади. Шу сабаб кўпчилик россияликлар керакли ҳужжатлар тўпламини бепарволик билан йиғгани учун рад жавобини олмоқда.

«Ҳозир кўпчилик интернетда топиш мумкин бўлган рўйхат асосида стандарт ҳужжатлар тўпламини олиб бормоқда. Аммо ҳар қандай ҳолатда, ўзингиз учун кенгроқ тўпламга эга бўлганингиз яхшироқ. Илгари офицерлар олиб келинган ҳужжатларнинг ярмини ҳам кўрмасди. Рўйхатдан ўтказилган ижара шартномаси, ўзининг ҳужжатлари (паспорт) ва оила аъзоларига ҳам яшаш учун рухсатнома олмоқчи бўлса, қариндошлик гувоҳномаси, шунингдек, туристлар учун асосий суғурта талаб қилинган», дейди Шаулов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда қўшимча, масалан судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномалар билан кенгайтирилган ҳужжатлар пакетини олиб бориш керак.

Шауловнинг қайд этишича, Туркияда бир миграция идораси яшаш учун рухсатнома беришдан бош тортади, бошқаси эса ҳужжатларни муаммосиз расмийлаштиради. Яшаш учун рухсатномани рўйхатдан ўтказиш бир неча кундан бир ойгача давом этади – муддат муайян миграция марказининг иш юкига боғлиқ.

Яшаш учун рухсатнома беришни рад этиш устидан шикоят қилиш ва судга мурожаат этиш мумкин. Шауловнинг таъкидлашича, миграция хизмати қарорини ўзгартиришга эришиш ва натижада яшаш учун рухсат олишнинг имкони бор ва давлат бепул адвокат хизматини тақдим этади. Аммо агар судда рад жавоби бекор қилинмаса ва Туркияда визасиз қолиш муддати тугаган бўлса, мамлакатни 10 кун ичида тарк этиш керак бўлади.

Шундан сўнг, худди шу турдаги (масалан, туристик) яшаш рухсатномасини олиш учун олти ойдан кейингина қайта ариза топшириш мумкин бўлади. Шауловнинг сўзларига кўра, агар бунинг учун асослар мавжуд бўлса, туристик рухсатнома ўрнига яшаш учун рухсатноманинг бошқа турини олишга ҳаракат қилиб кўриш керак.

Эндиликда яшаш рухсатномасини ололмаган россияликлар ёки Туркияда ноқонуний равишда қолади, ёхуд бошқа қўшни мамлакатларга кўчиб ўтади. Масалан, Еленанинг эри Ереванга кетган. Телеграмда Туркиядаги русларнинг «Энди қаерга?» номли чатлари аллақачон пайдо бўлган. Бу гуруҳларда Туркияга муқобил давлатлар сифатида Арманистон, Грузия ва Аргентина етакчилик қилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг