12:20 / 28.01.2023
293

Украинадаги коррупцияга нигоҳ: собиқ вазир эришилган натижалар ва қилинадиган ишлар ҳақида

Украинадаги коррупцияга нигоҳ: собиқ вазир эришилган натижалар ва қилинадиган ишлар ҳақида
Фото: 24tv.ua
«Мен сўнгги 20 йиллик ғаразли манфаатлар туфайли саботажлардан сўнг ер бозори ислоҳотини ўтказган одамман», – деб ёзди 2019–2020 йилларда Украина иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган Тимофей Милованов.

Украиналик собиқ вазир Twitter’даги тредида вазирлик лавозими унга Украинада коррупция қандай ишлаши, унга қарши кундай курашиш кераклигини тушунишда ёрдам қилгани ҳақида ҳикоя қилди.

«Коррупция – бу маданият муаммоси. Қоидаларга бўйсунмаслик, бошқаларга нисбатан нол ҳурмат, нол қайғуриш, эгоизм маданияти, бошқа одамлар ҳам коррупциялашган, бироқ уларда шунчаки имконият йўқ, деб ўйлашдир.

Коррупциялашган инсонлар «қолганларни ҳам бемалол сотиб оламан, чунки ҳамма худди менга ўхшаган инсон», деб ўйлайди. Ҳалол одамларга дуч келишганида эса уларни ақлдан озган ёки омадсиз инсонлар деб қабул қилишади. Улар қўлга тушганида ёки таъқиб қилинганида эса буни қандайдир фитна ёки сиёсий душманларининг иши, деб ўйлашади.

Украина жамоатчилигининг порахўр амалдорларни кўрарга кўзи йўқ. Бу нафрат жамоатчилик ва идора ҳаётининг барча соҳаларига кўзга ташланади. Коррупциянинг чўққига чиққан палласи 2013 йилга – россияпараст президент Янукович бошқаруви вақтига тўғри келди. Унинг бошқарув маданияти бандитларга хос эди, яъни ҳокимияти адолат эмас, кучга таянган эди. Мана нима учун одамлар қўзғалишди ва уни қувиб солишди. Вазиятдан фойдаланган Россия эса Қримни аннексия қилди ва Украина шарқида «айирмачилик» ҳаракатларини ташкиллаштирди.

Ўшанда украинлар Янукович бошқаруви чоғида украин институтлари нақадар лаёқатсиз эканини тушуниб етишди: армия Россия аннексиясига қарши туриб бера олмади, хавфсизлик хизмати ва полиция эса шарқда русларга қарши курашишга қодир эмасди.

2014–2016 йилларда Украинани ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олганлар асосан Украина жамоачилиги ва кўнгиллилар эди. Айнан улар бугунги кунга келиб Украина ҳарбий раҳбариятининг ўзагини ташкил этмоқда. Бугун Украина армияси 2013 йилдагидан тубдан фарқ қилади. У бугун Украинани жаҳоннинг энг катта армияларидан бири – Россиядан ҳимоя қилмоқда.

Шундай қилиб, 2014 йилдан бошлаб коррупциядан тозалаш ишлари бошланди. Украиналиклар коррупция давлатни емиришини ва уни тўхтатиш кераклигини тушуниб етишди.

Айрим соҳаларда сезиларли ўзгаришларга эришилди. Марказий банк ислоҳ қилинди, банкларнинг ярми – 100га яқини ёпилди: уларнинг кўпчилиги шунчаки Марказий банк орқали қайта молияланиш воситасида солиқ тўловчиларнинг пулини ўғирлаш учун пана жой эди. Буларга нуқта қўйилди.

Давлат харидлари ҳам ислоҳ қилинди. Жаҳонда энг илғор, шаффоф ва самарали деб тан олинган электрон тизим жорий қилинди. Мен уни ишлаб чиқаришда бир қисми – банкрот бўлган банклар активларини ўтказиш бўйича аукционда иштирок этганимдан ғурурланаман.

Патрул полицияси барчага қўрқув солиб турган қаҳрли ва коррупциялашган идорадан замонавий фуқаролик хизматига айланди. Бугунги кунда мени Украинадан кўра АҚШда кўчада тўхтатишса кўпроқ ташвишланаман.

Коррупцияга қарши курашувчи органлар тузилмаси – махсус суд, тергов бюроси, махсус прокурор ва ҳисобот агентлиги яратилди. Буларнинг барчасига эришиш осон бўлгани йўқ. Йўлдан қайтишлар, аралаш натижалар ва муаммолар ҳам юз берди. Лекин тенденция аниқ ва ривожланиш барқарор. Фаол фуқаролик жамияти, суриштирувчи журналистлардан иборат яхшигина тармоқ ва қоидабузарликлар ҳақида хабардор қилиш маданияти шаклланди. Коррупцияга қарши курашиш органлари, фуқаролик жамияти ва суриштирувчи журналистлар ваколати яхшиланиб бормоқда.

Энг қуйи даражадаги судларнинг ҳам. Тўғри, кўплаб судлар коррупциялашган. Аммо вазият яхшиланиб бормоқда, биз ҳали узоқ йўлни босиб ўтишимиз керак.

Давлат корхоналарида корпоратив бошқарув ҳануз муаммолигича қолмоқда – олдинда жуда кўп иш бор. Олигархлар ҳамон кўплаб монополияларни бошқаришмоқда, шу сабабли монополияга қарши курашувчи органни ислоҳ қилиш керак. Сиёсий кампанияларга лоббистлик ва хайрия қилишни тозалаш ва тартибга солиш керак.

Сўз эркинлигини молиялаштириш шаффофлиги билан тенглаштирувчи ОАВ ислоҳоти ҳам ўтказилиши лозим. Мудофаа харидлари (қурол-яроғлардан ташқари) – яна бир ислоҳталаб соҳа, сўнгги коррупцион можаро ҳам айнан шу ерда рўй берди.

Хуллас, ҳали иш кўп, бироқ анча нарса қилинди ва кўп нарсаларга эришдик. Биз коррупция маданиятига қарши курашиб, сиёсий тизимни молиялаштириш усулини ислоҳ қилишимиз керак. Сўнгги 8 йил тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, буни ҳам эпласа бўлади
», – деб ёзади Тимофей Милованов.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг