Фото: WHITE HELMETS
Туркия ва Суриядаги вайронкор зилзилалардан кейинги учинчи кунга келиб харобалар остида қолиб кетган одамларни қутқариш имкониятлари камайиб бормоқда. Айни вақтга келиб икки мамлакатда зилзила қурбонлари сони 11 мингдан ошиб кетди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 8 феврал куни зилзиладан энг кўп жабрланган ҳудудлардан бири бўлмиш Қаҳрамонмараш вилоятига келди.
У ташрифи давомида мамлакатда 6 феврал куни рўй берган зилзила қурбонлари сони бўйича сўнгги маълумотларни очиқлади. Унга кўра, ҳозиргача 8574 киши ҳалок бўлгани ва 49 133 киши жароҳатлангани тасдиқланган. 6444 та бино қулаган.
Туркия президенти табиий офатдан жабрланган 10 вилоятда бир йил ичида янги уйлар қуриб берилишини ваъда қилди. Эрдўған ҳукумат Анталя, Аланя ва Мерсиндаги меҳмонхоналар билан бошпанасини йўқотган фуқароларни жойлаштириш бўйича келишувга эришганини қўшимча қилди.
Президент барча жабрланувчиларга 10 минг лира (530 доллар) миқдорида ёрдам пули тўланишини маълум қилган.
Сурия давлат нашрларининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 2500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Бу якуний рақамлар эмас ва ўсишда давом этади, чунки харобалар остида ҳали ҳам одамлар қолмоқда. Қишнинг совуқ кунларида эса уларни ер остидан тирик ҳолда чиқариб олиш имкониятлари янада пасаяди.
Ҳалокат ўчоқларида қарийб 100 минг қутқарувчи, жумладан кўнгиллилар ва бошқа мамлакатлардан келган минглаб мутахассислар ишламоқда.
6 феврал куни эрталаб соат 4 дан ошганда 7,8 магнитудали биринчи зилзила Туркия жануби-шарқидаги Ғозиантеп шаҳрига яқин ҳудудда содир бўлди. Куннинг иккинчи ярмида эса 7,5 магнитудали иккинчи зилзила рўй берди. Биринчи зилзила вақтида жиддий шикастланган минглаб бинолар, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар жойлар иккинчи ер силкиниши чоғида қулаб тушди, сон-саноқсиз одам бошпанасиз қолди.
«Ҳозирда бу вақт билан пойга. Ҳар дақиқа, ҳар соат омон қолганларни топиш имконияти камайиб бормоқда», дея маълум қилди Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.
ЖССТ вакили Аделхайд Маршангнинг сўзларига кўра, Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатида 23 миллион киши жабр кўрган бўлиши мумкин. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакили Жеймс Элдер вайроналар остида минглаб болалар ҳалок бўлгани борасида хавотир билдирди.
Хорижий давлат раҳбарлари ҳалокатли табиий офат муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва ҳар томонлама ёрдам таклиф этди. БМТ зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 25 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.
Суриядаги вазият кўп йиллик фуқаролик уруши туфайли янада оғир: кўплаб бинолар ҳарбий ҳаракатлар чоғида шикастланганди ва зилзила туфайли қулаб тушди; кўплаб ҳудудларга қутқарувчилар ва гуманитар ёрдам етиб бориши қийин.
Туркия жанубида ҳам Суриядан келган кўплаб қочқинлар яшайди, уларнинг аксари шошилинч тарзда қурилган ёки эскириб кетган биноларда яшайди. «Бир фалокат ортидан бошқаси келди. Туркиянинг бу қисмида, Ғозиантеп каби жойларда миллионлаб суриялик қочқинлар бор ва улар кўпинча у қадар мустаҳкам бўлмаган уйларда истиқомат қилишади. Бу эса ҳалокат рецепти», дейди «Чегарасиз шифокорлар»нинг британиялик ижрочи директори Натали Робертс BBC учун интервьюсида.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш соҳасида эксперт бўлган профессор Люси Истҳоуп эса жабрланувчиларга ёрдам беришни истаганларга буюмлар эмас, пул юборишни маслаҳат берган.
«Бундай вазиятда энг муҳими ва фойдалиси – бу пулдир. Қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилаётган ноҳукумат ташкилотлари, хайрия ташкилотлари ва давлат ташкилотлари бор. Уларга нафақат ҳозир, балки келгуси йилларда ҳам керак бўладиган нарса – бу пулдир», дейди у. У Туркия ёки Суриядан узоқ ҳудудларда, масалан, иссиқ кийимлар йиғиш катта эҳтимол билан фойдасиз эканини таъкидлаган.
БМТнинг гуманитар ёрдам бўйича собиқ координатори Ян Эгеланд BBC билан интервьюда Суриядан вазиятга келиб чиққан ҳолда пулларни можаро тарафларидан бирига – Асад режимига ҳам, мухолифатга ҳам бермасликни тавсия қилган.
«Барча ёрдамлар ноҳукумат ташкилотлар орқали – БМТ агентликлари, Қизил Хоч ёки Қизил яримой тизимлари орқали юборилиши керак», деган у.
Туркия, Газиантеп, Сурия, Зилзила, Эрдўған “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...