date
views 586

Беларус Шимолий Кореяга айланиши мумкин(ми?)

Беларус Шимолий Кореяга айланиши мумкин(ми?)

AzonTV маърифий онлайн телеканалида эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сонида доимий эксперт, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан жаҳон сиёсат майдонида кечаётган жараёнлар ҳақида суҳбатлашилди. Кўрсатувда, шунингдек, Россиянинг Беларус ҳудудига ядро ракеталарини жойлаштириш борасидаги таҳдидига ҳам муносабат билдирилди.

Кўрсатув бошловчиси Ғайратхўжа Сайдалиев экспертга “Беларус эртага муаммо бўлишидан қўрқмаяптими”, деган савол билан юзланди.

Дарҳақиқат, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Жозе́п Борре́ль “Россия Беларусга ядро қуролини жойлаштирса, Европа Иттифоқ албатта янги санкциялар билан жавоб қайтаради”, дея Беларусни қаттиқ огоҳлантирди. Россиянинг Украинага бостириб кириши учун плацдарм вазифасини ўтагани учун шундоғам халқаро ҳамжамият лаънатига қолган Беларус наҳотки ядро қуроли ўрнатилишига рухсат бериш оқибатлари ҳақида қайғурмаяпти? Беларус ҳеч кимдан қўрқмайдими? Ёки бошқа йўқотадиган нарсаси қолмадими?

Ядро қуролига эга бўлишнинг бирламчи зарари, табиий равишда, санкциялар бўлади. Чунки ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ҳамда келишувлар мавжуд. Уларга амал қилмаслик салбий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши табиий. Демак санкциялар устига санкциялар қўшилаверади.

Бундан ташқари, бирор мамлакатда ядро қуролининг бўлиши технологик жиҳатдан ҳам хавф туғдиради. Қолаверса иқтисодиёт учун жудаям қимматга тушади.  Ёки 2020 йилдагига ўхшаб оммавий норозилик намойишлари ёки тартибсизликлар бошланса, бу қуроллар кимларнинг қўлига тушиб қолиши мумкин? Террорчилар қўлига тушиб қолса нима бўлади?

Эксперт Ҳамид Содиқ бу саволга жавоб бера туриб, санаб ўтилган омиллар сафига халқ ва жамият омилини ҳам қўшиш керак деди.

- Мен саволни “Лукашенконинг қўрққанини охирги марта қачон кўрганмиз”, деган шаклда қўйган бўлардим, дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. – Президент Лукашенко 2020 йилда қўлида автомат ушлаб чиққанди кўчага. Ҳаттоки бир заводга борганида одамлардан бири “Кет”, деб унинг юзига ҳам айтди. Ўша пайтда Лукашенконинг овози титрагани ва оёғи қалтираб кетганини пайқаш мумкин.

Афсуски белорус халқи шундай бир золим тиранни тарбиялаб, тепага чиқишига йўл қўйиб берди. Натижада бугун нафақат Беларусга, балки бутун дунёга ҳам хавф туғдиряпти. Лукашенко ва унинг оиласи жудаям яхши ҳимояланган. Ҳамда халқининг камбағаллиги ва ночорлиги ҳисобига у худди Шимолий Кореяга ўхшаб, 10-15 та ядро каллагини ўзида бемалол сақлай олади.

Лекин Лукашено қанчалик хоҳламасин, Беларус ҳеч қачон Шимолий Кореяга айланмайди. Чунки бу давлат ҳозиргача очиқ давлат бўлган. Европанинг қўйнида жойлашгани, Европа тафаккури билан тўйингани учун шундай бўлса эҳтимол. Беларусда IT соҳасидаги мутахассислар ҳам жуда кўп. Маълумки, IT соҳаси эркин қатлам, дейилади. Давлат билан боғланмаган, ўзини-ўзи таъминлай оладиган ва креатив, яъни ижодкор қатлам ҳисобланади.

Менинг назаримда Лукашенко қисқа муддат давомида қўрқмай ҳукмронлик қилиши учун асос бор. У ўзи ва оиласини ҳимоя қилиш учун имконияти доирасидаги бор ишни қиляпти. 2020 йилда унга конституцияга зид равишда ҳокимият тепасида қолишига имкон берган Путин келажакда уни ядро қуроли билан таъминлаб кетиши эҳтимоли пайдо бўляпти. Яъни жисмоний жиҳатдан Лукашенко учун хавф йўқ. У қават-қават ҳимоя билан ўралган. Давлат бюджетининг жуда катта қисмини куч ишлатар тизимларга сарфлайди. Демак у кўпроқ ўзини ўйлайди, халқни эмас.

Энди Беларус давлати бошига халқаро санкциялар туфайли тушиши мумкин бўлган фалокатлардан қўрқмайдими, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, ҳозиргина айтганимдек, Лукашенко учун халқининг манфаати умуман қадр-қимматга эга эмас. Бу барча диктаторларга хос ҳодиса. Бугунги кунда Беларус - бу Лукашенко! Яъни “Давлат – бу мен” деган тушунча пайдо бўлган. Исталган диктатор шундай бўлади ўзи. Улар “Давлат – бу мен” деган тушунча билан яшайди. Халқ - улар учун ўз шахсий манфаатларини таъминлашдаги восита холос! Ҳамма нарса унинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилишини истайди ва шунга эришиш учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Лекин аслида инсон ҳеч қачон восита бўлиши мумкин эмас, инсон ҳамиша мақсад бўлиши лозим. Лекин диктаторлар бу қоидага амал қилмайди.

Лукашенко ёки бошқа диктаторларни тўхтатиши мумкин бўлган асосий субъект – бу халқ. Афсуски бугунги кунда Беларусдан ҳам, Россия Федерациясидан ҳам интеллектуал қатлам чиқиб кетди. Чиқиб кетмаганлари эса қамалди. Халққа вазиятни тушунтирадиган, демократия сари йўлни эслатадиган одамлар, уларни эргаштирадиган ва бошчилик қиладиган инсонлар йўқ. Беларусда мухолифат деярли йўқ. Светлана Тихановская эса кучли сиёсатчи эмас. У эрининг орқасидан сиёсатга кириб келганди.

Аслини олганда сиёсатга аралашишга мажбур қилинди ва ташқарига чиқиб кетишига ҳам имкон берилди. Чунки кучли бир сиёсатчи ташқарида туриб таъсир кўрсатганидан кўра, кучсиз аёл сиёсатчининг мавжуд бўлиб туриши Лукашенко учун яхши. Тихановская тажрибасиз шахс, унда халқ эътирофи ва сиёсий вазн ҳам йўқ. Лукашенкодек диктаторга қарши нозик хилқат вакили қарши туриши қийин масала, дея фикр билдирди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Беларус Шимолий Кореяга айланиши мумкин(ми?)