Тарихда турли авиаҳалокатлар сабабли баланд осмондан қулаб тирик қолган одамлар ҳам бор. Жумладан, 1971 йилда германиялик Юлиана Кепке самолёт ҳалокатга учрагандан сўнг уч минг метр баландликдан қулаб тушиб тирик қолади.
1972 йилда содир бўлган авиаҳалокатдан сўнг югославиялик Весна Вулович ўн минг метрдан, 1981 йилда СССРда содир бўлган авиаҳалокатдан сўнг Лариса Савицкая беш минг метрдан қулаб тирик қолишади.
Шу билан бирга тескариси, парашют ёки параплан спорти билан шуғулланувчи спортчиларни кучли шамол баланд осмонга олиб чиқиб кетган ҳолатлар ҳам бор.
Уларнинг айримлари ҳалок бўлган, айримлари мўъжиза туфайли тирик қолган. Германиялик Ева Висниерска ана шундай ҳодисага дуч келиб, мўъжиза туфайли тирик қолганлардан бири ҳисобланади.
Ева Висниерска билан содир бўлган ҳодиса
Ева Висниерска поляк миллатига мансуб бўлиб, у 1971 йилда Полшанинг Найсе шаҳрида туғилган. Кейинчалик Ева Германияга кўчиб ўтган ва шу давлат фуқаролигини олган.
Ева ўсмир ёшида парапланда парвоз қилишга қизиқиб қолади ва улғайгач бу спорт тури билан профессионал тарзда шуғуллана бошлайди.
Аёл ўз фаолияти давомида параплан спорт тури бўйича бир неча бор Германия чемпиони бўлган. Турли халқаро мусобақаларда бир қанча совринларни қўлга киритган.
«Бир пайтлар параплан спорти билан шуғулланиш хаёлимга ҳам келмаган. Мен нима билан банд бўлишни билмасдим. Бир марта парапланда учдим ва у мени вирусдай қамраб олди. Шундан сўнг бу спорт тури ҳаётим мазмунига айланди. Энди парапланда учиш учун ҳар қандай қийинчиликларга тайёрман», деганди у ўз интервьюларида.
2007 йил феврал ойида Ева Австралияга боради. Бу ерда парапланда учиш бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши белгиланганди.
Спортчи Австралиядаги жаҳон чемпионатида қатнаша олмаслиги ҳам мумкин эди. Гап шундаки, 2006 йилда у Алп тоғларининг Швейцария ҳудудида жойлашган қисмида бахтсиз ҳодисага учрайди. Ўшанда аёлнинг тос суяги синади.
Бироқ Евада жаҳон чемпионатида иштирок этиш иштиёқи кучли эди. Олти ой деганда унинг синган суяги битади. Шундан сўнг аёл машқларга зўр беради ва жаҳон чемпионатигача спорт формасини тиклаб олади.
14 феврал куни Ева ва дунёнинг кўплаб давлатларидан келган 200 нафар парапланчилар жаҳон чемпионатидан олдин сўнгги машқ парвозида учиш учун Австралиянинг Янги Уэлс штатида йиғилишади.
Ўшанда ҳаво булутли, кучсизроқ шамол эсиб турганди. Бундай об-ҳаво ўзгарувчан бўлади. Исталган пайтда шамол кучайиб парапланчиларни суриб кетиши ёки кучли ёмғир ёғиши мумкин.
Шу сабабли бундай ҳавода парапланда учиш бирмунча хавфли ҳисобланади. Бироқ машқ парвози бўлгани учун мусобақа ташкилотчилари спортчиларга учиш учун рухсат беришади.
Спортчилар парвозини бошлашади. Ева яна икки нафар – австралиялик ва хитойлик спортчилар билан энг охирида парвоз қилади. Шу пайт шамол кучая бошлайди барча спортчилар ерга қайтиб тушишади.
Бироқ Ева ва хитойлик спортчи пастлашга улгурмасидан секундига 40 метр тезликда эсган шамол уларни осмонга олиб чиқиб кетади. Уларнинг ёнида бўлган австралиялик спортчи эса пастлашга улгуради.
«Параплан мени жуда катта тезликда тепага олиб чиқиб кетаркан, нимадир қилишга ожиз эдим. Ўша пайтда ўзимни кучли шамол у ёқдан бу ёққа учириб юрган дарахт япроғидай ҳис қилардим. Мен фақат даҳшатдан қалтирардим. Шундоқ ёнгинамда момоқалдироқ бўлиб, чақмоқ чақарди. Ўшанда бўроннинг ўртасида қолганимни ва қўлимдан ҳеч нарса келмаслигини тушундим. Охирги эсимда қолган нарса ўтиб бўлмас қоронғилик бўлди», деган эди кейинчалик ҳодисани эслаб.
Барча спортчилар пастга тушишгач Ева ва хитойлик спортчининг сафда эмаслигини кўриб, уларни қидира бошлашади.
Шамол Евани 9 946 метр баландликкача олиб чиқиб кетади. Бундай баландликда ҳарорат -50 даража совуқ, ҳавода кислород жуда сийраклиги учун нафас олиш жуда қийин эди.
«Шамол осмонга олиб чиқиб кетар экан, мен Яратгандан фақат қалин булутлар орасидан чиқишни, пастга тушиб исиниб олишни сўраб дуо қилардим. Тепада қийин вазиятда қолар эканман, ҳеч нарса қила олмаслигимни билиб турардим. Фақат мўъжизадан умид қилардим ва у содир бўлди», деб эслаганди аёл кейинчалик.
Аёл кислород етишмовчилигидан ҳушини йўқотади ва шу алфозда қарийб 10 минг метр баландликда 40 дақиқа қолиб кетади. Кейинчалик шифокорлар аёл ҳушидан кетгани унинг ҳаётини сақлаб қолганини айтишади.
Врачларга кўра, кислород сийрак бўлган -50 даража совуқда инсон мияси тез ишдан чиқади ва у ҳалок бўлади. Ева ҳушини йўқотгач унинг юрак уриши ва бошқа аъзоларининг ишлаши максимал даражада секинлашади. Ана шу аёлни ҳалок бўлишдан сақлаб қолади.
Ева ҳушсиз ҳолда баландликда қолар экан, махсус кийимнинг ва парапланнинг устки қисмини муз қоплай бошлайди. Натижада параплан оғирлашиб букилиб қолади ва соатига 200 км тезликда пастга қулайди.
Бир неча минутда Ева ер сатҳидан 6 900 метргача тушиб келади. Шу пайт парапланнинг букланган жойи тўғриланиб, шўнғиш тезлиги бирданига пасаяди.
Кучли зарба туфайли аёл ўзига келади. У параплан дастакларида, кийимининг устки қисмида ва кўзойнагида муз қотиб қолганини кўради.
Ҳаддан ташқари стресс ва кислород етишмаслигига қарамай, аёл ўз тажрибасига таянади ва пастга тушишга ҳаракат қилади. Орадан 40 дақиқа ўтгач у момоқалдироқли булутлар орасидан чиқиб олишга муваффақ бўлади.
Шундан сўнг аёл ерни кузатишга муваффақ бўлади ва кичик фермани кўриб, ўша томонга пастлай бошлайди.
Парвоз бошлангандан сўнг 3 соат 30 дақиқа ўтгач аёл ерга қўнишга муваффақ бўлади. Ева ерга тушган пайтда жуда ҳолсизланган, ҳуши ҳам ўзида эмасди. Шу пайтда унга жамоадоши қўнғироқ қилади.
Бироқ аёл зўрға телефонни олиб жавоб беришга улгурмасидан қўнғироқ узилади. Ева жамоадошига ўзи турган жой ҳақида ёзиб юборади. Аёлни парвозга старт берилган жойдан 60 километр узоқликдан топишади.
Евани зудлик билан шифохонага олиб боришади. Текшириб кўрилганда аёл соғлом экани, фақат танасининг айрим қисмларини совуқ ургани маълум бўлади. Жумладан, икки қулоғини бутунлай совуқ урганди.
Ўша куни Ева билан бирга парвоз қилган 42 ёшли хитойлик спортчи бедарак йўқолади. Эртаси куни хитойликнинг жасади у парвоз қилган жойдан 75 километр узоқликдан топилади.
Текширувларда хитойлик спортчи ҳам жуда баландга чиқиб кетгани ва мияга кислород етишмовчилиги ортидан ҳалок бўлгани ойдинлашади.
Орадан бир ҳафта ўтиб жаҳон чемпионати бошланади. Соғлигида айтарли муаммо бўлмаган Ева унда иштирок этиш учун рухсат олади.
Мусобақанинг очилиш маросимида жаҳон чемпионатларини ташкиллаштириб келган Годфри Веннесс Ева билан содир бўлган ҳодиса ҳақида гапира туриб шундай дейди:
«Ева ҳозир тирик бўлганлар орасида энг омадли аёл. Унинг мўъживавий тирик қолиши худди лотереядан ўн марта кетма-кет ютиш билан баробар. Ева билан содир бўлган ҳодисагача парапланчилар учган энг юқори баландлик 730 метр эди. Энди бу рекорд ҳам янгиланди».
Ева ҳақида ҳужжатли фильм
2010 йилда Американинг ABC1 ва Франциянинг France 5 телекомпаниялари ҳамкорликда Ева ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади.
«Бўрондаги мўъжиза» (Miracle in the storm) деб номланган фильмда Ева дуч келган синов ва унинг мўъжиза туфайли тирик қолгани ҳақида ҳикоя қилинади.
Ушбу фильм Австралия кино институти томонидан ўтказиладиган танловда «Йилнинг энг яхши ҳужжатли фильми» номинициясида бош мукофотни қўлга киритган.
Ева ўшандан кейин ҳам кўплаб мусобақаларда иштирок этади. У ҳозир 51 ёшда ва ҳанузгача парапланда учиш мусобақаларида қатнашиб келмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.