Украина президенти Володимир Зеленский Олий Радага янги қонун лойиҳасини киритди. Унга кўра, 8 май «Хотира ва Ғалаба куни», Россияда «Ғалаба куни» сифатида нишонланадиган 9 май эса «Европа куни» деб эълон қилиниши мумкин. Парламент аллақачон ҳужжатни тезлаштирилган режимда қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Украина раҳбари 8 май куни Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни муносабати билан нутқ сўзлади. Унинг сўзларига кўра, «эски ёвузлик» қайтди, Россия уни худди нацистлар каби бир мақсадда – қуллик ва қирғинни кўзлаган ҳолда қайтарди. Аммо улар муваффақиятга эриша олмайди, деб ишонтирди Зеленский.
«Биз давлатимизга мафкуравий таъсирларсиз, соф тарихни қайтаряпмиз. Айнан 8 май куни дунё халқларининг аксарияти фашистлар устидан қозонилган ғалабанинг буюклигини эслайди. Бугун мен тегишли фармонни имзоладим ва ҳар йили, эртадан бошлаб, 9 май куни тарихий бирлигимизни нишонлаймиз – нацизмни йўқ қилган ва рашизмни енгадиган барча европаликларнинг бирлигини нишонлаймиз», деди Украина президенти.
Ғарб давлатлари Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабани 8 май куни нишонлайди: Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши 1945 йил 8 май куни маҳаллий вақт билан соат 23:01 да кучга кирган, Москвада эса бу расман 9 май куни эди.
Россиядан ташқари, 9 май Ғалаба кунини МДҲ айрим давлатлари, шунингдек, Сербия ва Исроил ҳам нишонлайди.
Олий Рада аллақачон қонун лойиҳасини тезкор қабул қилиш мумкинлигига ишора қилган. Ҳукмрон «Халқ хизматкори» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия қонун лойиҳаси тезкорлик билан қабул қилинишига ишонтирди.
«Биз Олий Радада президент томонидан киритилган қонун лойиҳасини қабул қилишни тезлаштириш ва бу тарихий лаҳзани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш устида ишлаяпмиз», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Рада биринчи вице-спикери Олександр Корниенконинг сўзларига кўра, ҳужжат «ҳеч қандай махсус муҳокамалар ва ўзгартиришларсиз» қабул қилиниши мумкин.
Украинадаги BBC мухбири Святослав Хоменко Ғалаба кунининг кўчирилиши ва Европа куни украиналиклар учун нимани англатишини тушунтирди.
«Ватандошларимнинг маълум ва сезиларли қисми бугунгача май ойининг учинчи дам олиш кунида нишонланиб келинаётган «Европа куни» деб номланган байрам мавжудлигидан бехабарлигини айтишдан қўрқмайман. Шу кунларда йирик шаҳарларнинг марказий кўчаларида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар байроқлари туширилган чодирлар пайдо бўлди. Улар буклет ва варақалар тарқатишди, ушбу мамлакатлар мусиқаси янгради. Кечқурун – тантанали тадбирлар. Украинанинг Европа сари бораётгани ҳақидаги расмийларнинг нутқлари...
Ўйлайманки, оддий украиналиклар учун Европа куни ўрмон ишчилари кунига ўхшаш нарса эди. У кимга тегишли бўлса, ўша одам нишонлайди. Бу дипломатлар, депутатлар ва ташқи сиёсат экспертларидан бошқа кимга тегишли? Уларнинг сони оз эди: 2021 йил ҳолатига кўра, Украина аҳолисининг тўртдан бир қисми ўзини у ёки бу даражада Европа тарафдори деб ҳисоблайди.
Бу йил Украина биринчи марта Европа кунини бутун Европа билан биргаликда 9 май куни нишонлайди. 1950 йилнинг айнан шу куни Франция ташқи ишлар вазири Робер Шуман декларацияси қабул қилинган бўлиб, у Европа Иттифоқини ташкил этишнинг концептуал асосини қўйган деб ҳисобланади.
Аммо шу куни Киевдаги «Майдон»да ранг-баранг чодирлар пайдо бўлиши даргумон: бу жойни танкка қарши «типратиканлар» эгаллаган. Кечки концертлар ҳам бўлмайди: уларнинг ўрнига киевликлар рус «Shahed»ларини уриб туширган пулемётлар овозини эшитиши мумкин. Европа интеграцияси ҳақидаги баландпарвоз нутқлар ўз маъносини йўқотди ва бу фақат Украина ўтган йили Европа Иттифоқига аъзоликка номзод сифатида расмий мақомини олгани учун эмас. Ўнлаб йиллар давомида Украина елкасига оғирлик қилиб келган Шарқ ва Ғарб ўртасида танлов амалга оширилди.
Бугунги кунда украиналикларнинг ярмидан кўпи ўзини Европа билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Мамлакат аҳолисининг деярли 90 фоизи Европа Иттифоқига қўшилиш тарафдори. Европа эса нафақат сўзда, балки амалда ҳам – танклар, зенит қурилмалари, ҳаво мудофаа тизимлари билан Украинага Россиянинг ҳалокатли босқинидан қутулишга ёрдам бермоқда.
Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба кунини 9 майдан 8 майга кўчириш Украина томонидан ҳам худди шундай танловнинг бир қисмидир. Эҳтимол, ўн йилдан кўпроқ вақт олдин, Украина ва Россияда ушбу байрамни қандай нишонлаш бўйича фарқлар пайдо бўлган эди. Бу украиналиклар учун кўплаб қурбонлар хотирасига бағишланган мотам куни, «Энди ҳеч қачон» шиори остида ўтказиладиган тадбир эди. Аммо қўшни мамлакатда «Биз такрорлашимиз мумкин» шиори остидаги «ғалабапарастлар» маросимига айланди. Бу украиналиклар учун ҳайратланарли эди.
Украинанинг 8 май куни европача «Ғалаба куни»ни танлаши нафақат тарихий ҳақиқатга ҳурмат (фашистлар Германиясининг таслим бўлиш акти ҳақиқатан ҳам Киев вақти билан 8 майда имзоланган). Бу, шунингдек, украиналиклар «махсус ҳарбий операция» тарафдорларининг милитаристик курси билан бир йўлда эмаслиги ҳақидаги баёнотдир.
Ва бу йил оддий украиналиклар, эҳтимол, ўз давлатининг байрамлари тақвимидаги ўзгаришларни сезмайди. Ахир, бугунги кунда бу байрам тантанали нишонлаш ҳақида эмас, балки рамзлар ва Украинанинг танлови ҳақида.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг