15:44 / 14.05.2023
287

Туркияда тарихий сайлов. Асосий саволлар ва жавоблар

ANTONIO MASIELLO/GETTY IMAGES

Ражаб Тоййиб Эрдўған 20 йилдан ортиқ вақт давомида ҳокимият тепасида қолмоқда. Энди унинг қаршисида —ўзи ҳал қилишига тўғри келган вазифалардан энг мураккаби пайдо бўлган. Якшанба куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Мухолифатдаги олти партия бирлашган ва ўз бошқарувидаги кўп йиллар мобайнида мурватларни бураб қотириб, авторитар тизим қурган ва барча ҳокимиятни ўз қўлида тўплаб, бу билан мамлакатни оғир иқтисодий инқирозга олиб келган амалдаги президентни ағдариш учун ягона номзодни танлади.

Қуйида бу сайлов ҳақида билиш керак бўлган асосий маълумотлар келтирилади.

Бу сайловлар нима учун тарихий деб аталмоқда?

Бу кўп йиллардан буён нафақат Туркияни, балки бутун минтақани ҳақиқатан ҳам ўзгартириши мумкин бўлган биринчи сайлов, чунки мухолифатда биринчи марта муваффақият қозониш учун реал имконият юзага келган.

XX асрда Усмонийлар империяси қулашидан кейин Отатуркнинг ислоҳотлари амалга оширилиб, Туркия шариат ҳуқуқлари бекор қилинган, давлат эса диний институтларга қарам бўлмаган миллий давлатга айланганди.

Ражаб Эрдўғаннинг 20 йиллик бошқаруви даврида Туркия отатуркчиликдан воз кечиб, консерватив ва диний ғояларга қайта бошлади. Эрдўғаннинг ўзи бир неча бор Отатуркнинг ислоҳотларини танқид қилди — унга айниқса давлат диндан ажратилган дунёвийлик тамойили ёқмаган. Бунинг ўрнига Эрдўған Туркиянинг исломий ўзига хослигини мустаҳкамлаш тарафдори эди.

Туркия авторитаризм йилдан йилга кучайиб бормоқда, бу ерда норози одамларни оммавий ҳибсга олиш ва жиноий таъқиб қилиш мумкин.

Бўлажак сайловлар нафақат Туркия учун, балки бутун минтақа учун ҳам муҳимдир.

DAVIDE BONALDO/SOPA IMAGES/LIGHTROCKET VIA GETTY IMAGES

Амалдаги президентнинг мамлакат ичидаги мухолифлари у Туркияда янги шарқона мустабид тузум қураётганини айтишса, Эрдўған ташқи сиёсатда минтақадаги таъсирини кенгайтириш учун барча ишни қилмоқда. Анқара Россия, Эрон ва Қатар билан алоқаларни ривожлантирди, Сурия ва Ливиядаги манфаатларини ҳарбий воситалар орқали белгилади ва ҳимоя қилди.

Россиянинг Украина билан уруши давомида Эрдўған шахсан воситачи ролини ўйнашга ҳаракат қилди: у томонларнинг музокараларини ташкиллаштирди, Володимир Зеленский билан ҳам, Володимир Путин билан ҳам мулоқотни давом эттирди, моҳиятан можаронинг икки томонига ҳам таъсирини сақлаб қолган ягона етакчи сифатида кўрсатишга уринди.

НАТО аъзоси ҳисобланган Туркия Финландия ва Швециянинг алянсга қўшилишида муаммо туғдирди ва бу билан ўзининг таъсири фақат Қора денгиз минтақаси ва Яқин Шарқ билан чекланиб қолмаслигини намойиш этди.

Эрдўған нега ютқазиши мумкин?

Иккита асосий сабаб ва битта қўшимча омил мавжуд.

Биринчи сабаб — иқтисодиёт. Қачондир мамлакатни дунёнинг етакчи иқтисодиётларидан бирига айлантиришни ваъда қилган президент учун бу улкан муваффақиятсизликдир. Қолаверса, Туркиядаги инқироз инсон қўли билан яратилди.

LOUISA GOULIAMAKI/AFP VIA GETTY IMAGES

2021 йил кузида лира курси пасая бошлаганида, Эрдўған назоратидаги Марказий банк президентнинг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қила бошлади. Эрдўғаннинг пул-кредит сиёсати бўйича қарашлари эса базавий иқтисодий қонунлар ва соғлом ақлга зид келиши маълум бўлди. Якунда инфляция сўнгги 24 йилликдаги рекорд даражага етди, амалда барча нарсанинг нархи кўтарилди. Ва азалдан Эрдўғаннинг тарафдорлари бўлганлар ҳам ундан юз ўгира бошлади.

Иккинчи сабаб — бирлашган мухолифат. Олти партия Эрдўғанга қарши ягона номзод кўрсатиш мақсадида бирлашди. Ва жамоатчилик фикрини ўрганиш сўровлари эса президент машҳурлик бобида асосий мухолифи Камол Қиличдорўғлига ютқаза бошлаётганини кўрсатди.

Сайлов куни белгиланиши ортидан Туркияда даҳшатли фожиа рўй берди. Ва бу ҳам овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатадиган омил эди.

Табиий офатлар сиёсатчилар иродасига бўйсунмайди, аммо Эрдўғаннинг бошқаруви даврида гуллаган коррупция ва қариндош-уруғчилик табиий офат кўламларига таъсир қилди. Ўн минглаб кишилар ҳалок бўлди, миллионлаб кишилар бошпанасиз қолди.

Эрдўған бунинг барчасида «биноларни қуришда хавфсизлик стандартларига риоя қилмаган» қурувчиларни айблади. Зудлик билан ўнлаб қурувчилар қўлга олинди. Аммо мухолифатдагилар фикрича, бу фожиага сабаб — амалдаги мавжуд қоидалар ва кенг тарқалган коррупциядалиги, демакки, жавобгарлик ҳукумат ва шахсан Эрдўғаннинг зиммасида эканини айтди.

Туркия ҳукумати баъзида қурилиш амнистияси бериб келади — яъни амалда хавфсизлик нормалари сертификатларисиз ишлаган қурувчиларни жарималардан озод этади. Бундай амнистиялар 1960-йилдан буён қўллана бошлаган, сўнггиси 2018 йилда эълон қилинган. Эрдўғаннинг танқидчилари анчадан буён бундай амнистиялар зилзила рўй берган тақдирда улкан фалокатга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришарди.

Сўнгги зилзила ўн миллионлаб сайловчилар яшайдиган жануби-шарқдаги 11 та провинцияни қамраб олди, бу ҳудудлар аҳолиси эса азалдан Эрдўғанни қўллаб келарди.

Эрдўғанга қарши чиқаётган ким?

74 ёшли Камол Қиличдорўғли ҳалол, хотиржам, аммо коррупцион схемаларни пайқаш қобилиятига эга бўлган қатъиятли бюрократ репутациясига эга. Аммо Эрдўғанда бўлган бирорта сайловда ютқазмаганлик тажрибаси унда йўқ. Унинг алянсдаги айрим ҳамкорлари ҳам у бу курашда ғолиб бўла олишига шубҳа қилишган.

OZAN KOSE/AFP VIA GETTY IMAGES

Ғолиб биринчи турда аниқланиши учун номзодлардан бири 50 фоиздан ортиқ овоз йиғиши талаб этилади. Сўнгги сўровларнинг кўрсатишича, Эрдўғанни сайловчиларнинг 43,7 фоизи, Қиличдорўғлини эса — 49,3 фоизи қўллаб-қувватлайди. Агар бу рақамлар реал бўлиб чиқса, иккинчи тур бўлиб ўтиши муқаррар.

Пойгага Муҳаррам Инже қўшилганида Қиличдорўғлининг тарафдорлари ташвишга туша бошлаганди — 2018 йилги президентлик сайловларида Эрдўғанга қаршилик қилган бу номзод ўшанда 30 фоиз овоз тўплаганди. Бирлашган мухолифат Инже Эрдўғандан норози қатламнинг овозларининг бир қисмини ўзига олишидан хавфсираганди, аммо сайловларга уч кун қолганида у ўз номзодини қайтариб олишга қарор қилди.

Инже пойгада пайдо бўлиши ва ундан чиқиши сайловчилар кайфиятини қанчалик ўзгартирганини баҳолаш қийин: жамоатчилик сўровлари у сайловларда қатнашишдан бош тортишини эълон қилишидан олдин ўтказилган ва энди, бу сўровларни ўтказган Konda компанияси қайд этишича, Қиличдорўғлини қўлловчилар сони янада ошган. «Агар у 51 фоиз олса, мен ҳайрон бўлмайман», - деган компания менежери Бекир Агирдир.

Эрдўған ғалаба қозонса нима бўлади?

Кескин сайловолди курашидан ва танқидлардан омон чиққудек бўлса, Эрдўған сўнгги йилларда қотирилган мурватларни бўшатиши даргумон. Аксинча, унинг танқидчилари ҳисоблашича, Эрдўған ғалаба қозонгудек бўлса, умрининг охирига қадар ҳокимиятда қолиш учун барча ишни қилади.

У сўнгги йигирма йилликда фойдаланган стратегиядан келиб чиқилса, у шу йўлида давом этишини кутиш мумкин: яъни қатағонларни давом эттириш ва «Ислом бирдамлиги» картасини чийлаб, дунёвийлик тамойилларидан узоқлашиш. Агар бу сценарий амалга ошса, Туркия НАТО бўйича ҳамкорларидан ҳам узоқлашишда давом этади. Европа эса — Туркиянинг энг йирик савдо ҳамкори экани инобатга олинса, оғир вазиятдаги мамлакат иқтисодиёти учун Ғарб билан қарама-қаршиликни чуқурлаштириш эмас, балки уларни бартараф этиш анча муҳимроқдир.

Айни вақтда Ғарб Туркия минтақада қанчалик муҳим рол ўйнаётганини тушуниб турибди. Шунинг учун, ҳатто Эрдўған сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш ва ғалаба қозониш учун ўз маъмурий ресурсларини ишга солса  ҳам, ғарб етакчилари унинг легитимлигини шубҳа остига олиб баёнот бериши даргумон. Катта эҳтимол билан НАТО ҳозирги стратегиясига амал қилишда давом этади — Эрдўған билан мулоқот қилиш йўлларини излаш ҳаракатларини. Ва кўпи билан — у қадар шовқин кўтармасдан — унга Туркияда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисида эслатиб туришлари мумкин.

Эрдўған Стокҳолмни Эрдўған террорчилар деб атайдиган курдларни Туркияга беришдан бош тортаётгани туфайли Швециянинг НАТОга аъзолик аризасини блоклашда давом этаётгани ўзаро муносабатлар ҳолатини оғирлигича қолдирмоқда. Бунга параллел равишда турклар етакчиси Россия президенти билан биргаликда атом электр станциясини очиб берди.

Бироқ, Эрдўған мамлакатни ёлғиз бошқариши аввалги йиллардагига қараганда қийинроқ бўлиши эҳтимоли бор — унинг партияси худди шу куни бўлиб ўтаётган парламент сайловларида ютқазиши мумкин. Бу сайлов натижаси ҳам мамлакат келажаги учун муҳим.

Фото: TUNAHAN TURHAN/SOPA IMAGES/LIGHTROCKET VIA GETTY I

Парламент сайловлари нимаси билан аҳамиятли?

Туркия парламенти 2016 йил воқеаларидан кейин ўз ваколатлари ва таъсирининг бир қисмини йўқотган, ўшанда Эрдўған бу воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш деб атаган, мухолифат эса — президентнинг ўзи томонидан назорат қилинган давлат тўнтариши деб баҳолаган.

Аммо бу воқеаларнинг мамлакат ҳаётига таъсири фақат оммавий тозалашлар бошлангани, жиноий ишлар қўзғатилгани, оммавий ахборот воситалари ёпилгани, эътироз билдирувчилар панжара ортига юборилгани билангина боғлиқ эмасди.

Энг асосийси — Эрдўған конституцияга ўзгартиришлар киритишни ўйлаб топди, бу унинг ҳокимияти кучайтирилиши, парламент эса президент ва ҳукумат ҳаракатлари устидан назоратни тўлиқ йўқотишига олиб келди.

Шу вақтнинг ўзида, Эрдўған қонунлар билан бир хил кучга эга фармонлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлди — бунинг учун унга парламентнинг маъқуллаши ҳам керак бўлмай қолди. Ўша вақтда бу устунлик унга унчалик зарур ҳам эмасди, чунки парламентдаги кўпчилик ўринлар унинг партиясига тегишли эди. Аммо бундай имконият унга энди асқатиши мумкин - агар у ўз ўрнида қолса, лекин парламентни бой берса.

600 ўринлик парламентга кириш учун, партия 7 фоизлик барьердан ўтиши талаб этилади. Ёки, мамлакатдаги ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, шу чегарадан ўта оладиган алянс таркибида бўлиш керак.

Мухолифатдаги алянс ўзаро келишмовчиликларни сайлов арафасида ҳал этишга муваффақ бўлди, аммо овоз бериш жараёнидан кейин ҳам келишиш осон кечмайди. Қиличдорўғлининг партияси кўп йиллардан буён Туркия Камол Отатурк бошлаб берган йўлдан юриши — яъни дин давлатдан ажратилиши керак деб ҳисоблайди. Ва Қиличдорўғлининг ўзи ҳам ўз эътиқоди тўғрисида гапиришдан бош тортиб келган. Аммо сайлов арафасида, ўзига кўпроқ тарафдорларни жалб этиш мақсадида у бу мавзуда ҳам тўхталди. Унинг иттифоқчиси, миллий «Саодат партияси» раҳбари Мерал Акшенер эса ўз сафларида ребрендинг ўтказди ва ўз партиясини ўнг марказчи деб атай бошлади. Асосий саволлардан бири — курдлар ребрендингга ишонишадими ва Акшенер ҳам кирган алянсни қўллайдими?

Эрдўғаннинг асосий рақиби Қиличдорўғли ва унинг тарафдорлари бу сайловларга парламент республикасига қайтиш ва президент ваколатларини чеклаш ваъдаси билан келди. Аммо бунинг учун алянс парламентдаги 600 ўриндан 400 тасини қўлга киритиши керак бўлади. Ижтимоий сўровлар асосида эса парламент таркиби қандай кўриниш олишини тахмин қилиш осон эмас.

Парламент ваколатларининг бир қисмини бой берганига қарамай, унда ҳамон Эрдўғаннинг ҳаётини қийинлаштириш учун таъсир кучи сақланиб қолган.

Қиличдорўғли ғолиб чиқса нима бўлади?

Унга жуда мураккаб юзага келган мамлакат бошқаруви қолади.

Мухолифат ушбу вазиятни ўзгартириш бўйича таклифлар акс этган 250 саҳифали ҳужжатни эълон қилган, аммо ундаги кўп бандлар келажакни аниқ башорат қилиш учун жуда абстракт (мавҳум) кўринади.

Қиличдорўғлининг ваъдалари ташқаридан кузатувчилар учун жозибали кўринишга эга: ҳуқуқ ва эркинликлар учун кураш, коррупция ва қариндош-аймоқчиликдан халос бўлиш, НАТО бўйича иттифоқчилар билан келишмовчиликларни ҳал қилиш, эрдўғанча ноанъанавий иқтисодий ва молиявий сиёсатдан воз кечиш, сиёсий маҳбусларни озод этиш.

Халқаро сиёсатдаги тенденциялар аниқроқ. Масалан, мухолифатдаги коалиция аллақачон F-35 зарбдор қирувчилари муаммосини ҳал этиш истаги ҳақида сигнал йўллади. Эрдўған қачонлардир 100 та жанговар самолёт сотиб олишни ва бу қирувчиларни ишлаб чиқарувчи халқаро консорциумнинг бир қисми бўлишни хоҳлаган. Аммо у россияликларнинг С-400 зенит-ракета тизимларини сотиб олгач, консорциумга етакчилик қилувчи АҚШ Анқарага F-35 дастурида иштирок этишга рухсат бермади.

Туркия россияликларнинг С-400 тизимларидан воз кечсагина, дастур аъзолигини тиклаши мумкин. Россиянинг айрим нашрлари аллақачон Қиличдорўғли С-400 тизимларини Украинага бериб юборишидан хавфсирай бошлади.

SERCAN KUCUKSAHIN/ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Мухолифат номзоди ғалаба қозонган тақдирда Туркия учун йирик савдо ва инвестиция ҳамкори ҳисобланган Евроиттифоқ билан муносабатларни яхшилашни режалаштирмоқда.

Европа Туркияда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ишлар қандай ҳолатда эканидан хабардор, лекин айни вақтда ҳозирги президент билан қандай муносабат ўрнатиш борасида якдил фикрга эга эмас. BBC нинг Евроиттифоқдаги суҳбатдоши айтишича, Германия бошчилигидаги гуруҳ самарали ҳамкорлик — муваффақият гарови деб билса, Франция бош бўлган бошқа гуруҳ қатъий ёндашув зарур деган фикрда. Ражаб Эрдўған бу қарама-қаршиликдан хабардор ва улар орасида манёврлар қилади.

Бундан ташқари, Эрдўған Украинага Россия босқини бошланганидан кейин ҳам Владимир Путин билан мунтазам мулоқот қилиб турган кам сонли дунё етакчиларидан бири саналади. Ва ғарб Украинадаги можарони ҳал қилиш учун кичик бўлса-да, бундай имкониятга эгалигини ёдда тутади.

Агар Қиличдорўғли ғалаба қозона олса ҳам, барибир Ғарб билан айрим келишмовчиликлар сақланиб қолиши мумкин — масалан, Сурия масаласида.

Сўнгги йилларда Эрдўған ва Башар Асад ўртасида ҳақорат ва айбловлар алмашинуви кузатилган, улар бир-бирини «террорчи» ва «ўғри» деб аташган. Аммо буни ўзгартириши мумкин бўлган жиддий омил бор — қочқинлар.

Туркияда ҳозирда тўрт миллионга яқин суриялик қочқинлар истиқомат қилади, Анқарадагилар эса уларни ватанига қайтаришдан мамнун бўлган бўларди. Аммо бунинг учун Асад билан мулоқот қилиш зарур. Қиличдорўғли эса бундай қадамни ташлашга тайёр.

Агар ҳукумат ўзгарса, Туркиянинг Россия билан ўзаро алоқалари қандай кечади?

Владимир Путин ва Ражаб Эрдўған ўртасида ҳамиша алоҳида муносабатлар бўлган. 2015 йилга қадар уларни дўстона деб аташ мумкин эди, аммо қатор можаролардан кейин икки етакчи ўртасига совуқчилик туширди: гоҳ Туркия Россия бомбардимончи самолётини уриб туширар, гоҳ Россия элчиси Туркияда отиб ўлдирилар, гоҳ икки мамлакат аввалига Сурияда, кейин Ливияда баррикаданинг икки томонида пайдо бўларди. Аммо бу икки сиёсатчи ҳар сафар бир-бири билан келиша олди.

Ўзаро тушунмовчиликлар ҳеч қачон ишга халал бермаган: Туркия россияликлардан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олган, «Туркия оқими»ни очишган, Россиянинг «Газпром» компанияси эса шу кунларда Туркиянинг Ўрта Ер денгизи соҳилларида атом электр станцияси қурилишини якунлади.

Путин Украина билан уруш бошлаганида, Туркия НАТОнинг Россияга қарши санкциялар қўлламаган ягона мамлакати бўлди, гарчи Эрдўған ўз чиқишларида урушни қоралаган бўлса ҳам.

Россияга барча томондан санкциялар ёғилганида ва у изоляцияда қолганида, икки асосий ҳамкори — Хитой ва Туркия у билан мулоқот қилишда давом этди. Аммо Хитой — Путин тенг шартлар асосида гаплашиши мумкин бўлган мамлакат эмас.

ATTA KENARE/AFP VIA GETTY IMAGES

Туркия эса — бутунлай бошқа масала. Бу, қанчалик парадоксал кўринмасин, Путин Ғарб билан қандайдир алоқа ўрнатиши мумкин бўлган дунёдаги ягона мамлакатдир. Эрдўған ғалла келишуви тузишга ёрдам берди, Россия билан иқтисодий алоқаларни давом эттирмоқда, ўз ҳудудида газ ҳаби ташкил этилиши ғоясига иштиёқ билан қарайди. Ва, албатта, Туркия Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ҳам ёрдам бермоқда — бу эса НАТО бўйича ҳамкорларининг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Уруш бошидаёқ Анқара можарони ҳал қилишда воситачилик хизматини таклиф этиб, Украина ва Россия ўртасида тинч музокараларни ташкиллаштирганди, кейинроқ асирлар алмашинуви жараёнида иштирок этди. Ва бу Эрдўғанга Путин билан ҳам, Володимир Зеленский билан ҳам қўл сиқиб кўришишига халал бермаяпти.

Қиличдорўғлидан вазият бўйича қарашларини сўрашганида, у шундай жавоб қайтарган: «Россия — бизнинг муҳим қўшнимиз ва вазият талаб қилганда минтақадаги ҳамкорлик бўйича шерикларимиз. Албатта, минтақада тинчлик ва барқарорлик сақланиши учун биргаликда ҳаракат қилсак ҳам, айрим масалаларда турлича қарашларга эга бўлишимиз мумкин. Мен ўзаро муносабатларимизни ўзгартириш учун қандайдир сабаб бор деб ўйламайман».

Бу ибора ортида асосий нарса ётибди — Туркиянинг янги раҳбарияти НАТОда муҳимроқ рол ўйнаб, шу билан бирга Россия билан яқин ҳамкорликни сақлаб қолмоқчи.

Аммо сайловга том маънода икки кун қолганида Қиличдорўғли ўз твиттерида рус тилида Россияга мурожаат қилиб, «турк давлатидан қўлини тортиш»га чақирди.

«Азиз рус дўстлар, кеча бу мамлакатда фош қилинган монтажлар, фитналар, Deep Fake контенти ва ёзувлари ортида сиз турибсиз. 15 майдан кейин ҳам дўстлигимизни давом эттирмоқчи бўлсангиз, Турк давлатидан қўлингизни тортинг. Биз ҳамон ҳамкорлик ва дўстлик тарафдоримиз», — дея ёзган номзод.

Гап президент Эрдўған ўз тарафдорларига кўрсатган видеоёзувлар ҳақида бормоқда. Видеода Камол Қиличдорўғли барчани сайловга боришга чақираётгани акс этган, бир сония ўтиб эса кадрда террорчи деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси етакчиси кўриниш беради. Журналистлар видеони таҳлил қилиб, ёзув ҳақиқий эмас деган хулосага келишган — у махсус монтаж қилинган.

Кремлдагилар фейкка алоқадор эмаслигини билдириб, аксинча, «Туркия билан икки томонлама муносабатларни жуда ва жуда қадрлаши»ни билдирган.

Экспертларнинг кутилмаларига кўра, Қиличдорўғли сайлангудек бўлса, Анқара Швециянинг НАТОга киришига тўсқинлик қилишни бас қилади. Ва агар шу билан бир вақтнинг ўзида Туркия С-400 тизимларидан воз кечса ва ракетага қарши мудофаа архитектурасини НАТО стандартлари бўйича қурадиган бўлса, бу бутун Европадаги вазиятни жиддий даражада ўзгартиради. Биринчи навбатда — бундай янгиликка рози бўлиши даргумон Россия учун.

Путинда таъсир воситалари мавжуд: бу газ таъминоти ҳам, яқинда очилган «Аққую» АЭС ҳам, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ҳам ва туристлар оқими ҳам. Ва Қиличдорўғли чиқиш йўлини излашига тўғри келади — албатта, ҳеч ким АЭСдан воз кечмайди.

Аммо Қиличдорўғли ғалаба қозонган тақдирда, дастлабки вақтларда асосий ички муаммолар билан шуғулланишга тўғри келади. Эрдўған тез-тез халқаро «ютуқлар» билан ўз рейтингини кўтаришни ёқтирарди — охирги вақтларга келиб эса ўз президентлари жаҳон нашрларининг биринчи саҳифаларида неча марта кўриниш бериши туркларни қизиқтирмай қўйди. Мамлакат аҳолиси учун энг муҳими — зарур озиқ-овқат маҳсулотларини яна арзонроқ нархларда сотиб олиш имкониятига эга бўлишдир.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг