
Европанинг бир қатор давлатлари, хусусан, Британия, Нидерландия ва Франция Украина армияси учун «қирувчи самолётлар коалицияси» тузмоқчи. Бу фронтда жиддий ўзгаришлар юзага келтириши мумкин. Аммо ҳозирча бундай коалиция фақат баёнотларда мавжуд ва ҳақиқий техникалардан тузилганича йўқ.
Ҳозирча гап Украина ҳарбийларини қирувчисиз самолётларни бошқаришга ўқитиш ҳақида бормоқда. Улар айнан қандай учоқларда машғулот ўташи ҳам аниқ эмас. Украина дастлаб қирувчи самолётлар сўраганида қатъий рад жавобини олаётганди. Шу сабаб бу мавзуда муҳокамалар бошланганининг ўзи кўп нарсани англатади. Зеленский Ғарбдаги иттифоқчилари билан учрашувларда уларни қирувчи самолётлар урушни тугатиш учун зарурлигига кўндира олган кўринади.
Британия ҳукумати украиналик учувчиларни қирувчи самолётларни бошқаришга ўқитиш бошланишини маълум қилди. Уларнинг баёнотида ҳам қандай турдаги самолётлар ҳақида гап бораётгани айтилмаган.
«Ёзда украиналик учувчиларни ўқитишни бошлаймиз. Аввалига бошланғич тайёргарлик ўталади. Уларга британиялик учувчиларга ўқитиладиган машғулотлар ўтилади. Шу билан бирга, Британия Украина ўзи хоҳлаётган F-16 қирувчиларини олиши учун бошқа давлатлар билан иш олиб боради», дейилади Даунинг-стрит баёнотида.
Британия украиналик учувчиларни айнан F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга тайёрлаши ҳақида айтмаган. Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам мамлакат украиналик учувчиларни ўқитишга тайёрлигини билдирган.
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак нидерландиялик ҳамкасби билан музокара ўтказганидан кейин тарқалган баёнотда шундай хулосага келиш мумкинки, Британия Укриана F-16 олиши учун керагича ҳаракат қилади, лекин украиналик учувчиларни модели айтилмаган самолётларда тайёрлайди.
«Бош вазир Сунак ҳамда бош вазир Рютте Украина ҳарбий қудратини ошириш, учувчиларни тайёрлашдан бошлаб F-16 қирувчи самолётларини сотиб олишгача ёрдам бериш учун халқаро коалиция тузишга келишиб олишди», дейилади баёнотда.
Британия учувчиларни НАТО арсеналида бўлган деярли барча қирувчи самолётларда парвоз қилишга тайёрлай олади. Аммо мутахассислар Британия армиясида F-16 қирувчилари йўқлигига эътибор қаратган.
Америкаликлар гумони
Муаммо шундаки, Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш учун аввало уларни ишлаб чиқарадиган АҚШ билан келишиш керак. Америкада эса Украинага бундай типдаги қирувчиларни етказиб бериш борасида якдиллик йўқ. Бу ўта жиддий қурол бўлгани боис, уни қайсидир давлатга етказиб бериш масаласини фақат ҳарбийлар эмас, сиёсатчилар ҳам ҳал қилади.
Франция, Британия, Нидерландия каби давлатларнинг баёнотлари улар сиёсий жиҳатдан бу ишга қарши эмаслигидан далолат. Аммо АҚШ томони F-16 борасида аниқ гап айтмаяпти.

Январ ойи охирида Украина Ғарбдан танклар олиш бўйича келишувга эришган бир вақтда Байдендан Украинага қирувчи самолётлар ҳам бериладими, деб сўрашган, АҚШ президенти эса қисқагина «йўқ» деб жавоб берганди. 18 май куни New York Times газетаси ўз манбаларига таяниб, АҚШ нафақат Украинага F-16 қирувчиларини етказиб беришга, балки украиналик учувчиларни бундай учоқларни бошқаришга ўргатишга ҳам рухсат бермаслиги ҳақида ёзиб чиққанди.
Украина ҳарбий ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат NYT эълон қилган бу хабарга эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини айтиб, аввало маълумот манбаси мавҳум эканини таъкидлади, аммо АҚШда чиндан бу борада турлича фикрлар борлигини тан олди.
«Ҳозирда украиналик учувчилар ҳеч қаерда F-16 қирувчиларини бошқариш бўйича ўқимаяпти. Бунга рухсат берилиши билан жараён бошланади. Биз томондан ҳамма нарса тайёр, учувчилар тайёр. Айнан қандай самолёт хоҳлаётганимиз ҳам аниқ – F-16. Франция ва Италия уларда F-16 бўлмаса ҳам тайёргарлик учун ўз базаларини беришга тайёр эканлигини маълум қилиб бўлган», деган Игнат.
Розилар ва қаршилар
АҚШда Украина армияси учун қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича муҳокама кетаётгани ҳақида NYT нашри ёзиб чиқди. Газетанинг шахси сир қолишини сўраган манбасига кўра, Вашингтонда Украина учун қирувчи самолёт ўрнига ерда ишлайдиган тизимлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бериш керак деб ҳисоблайдиганлар кўп. Бундайлар орасида АҚШ Сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси раиси Жек Рид ҳам бор.
Феврал ойида АҚШдаги Air & Space Forces нашрида Риднинг Украинага F-16 етказиб беришга қарши экани айтилган мақола эълон қилинганди. Унинг фикрича, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари туфайли Украина армияси ўзида мавжуд эски самолётлардан ҳам 100 фоиз фойдалана олмаяпти. «Улар дарахт баландлигида учишади. Ҳали нишонга етмай дарров хавфсиз баландликка пастлаб олишади. Кўплаб учувчиларни айнан шу сабаб йўқотишди», деганди сенатор.
Унинг фикрича, Украина армияси F-16'нинг устунликларидан фойдалана олмайди, чуни фронт осмонидаги ҳолат бунга имкон бермайди. Сенатор Украинага қирувчи самолёт ўрнига узоқ масофага мўлжалланган ATACMS ракеталарини беришни таклиф қилган.
Сиёсий савол
Украинага F-16 бериш керак ҳисоблайдиганларнинг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Уларнинг фикрича, Украина армиясида мавжуд бўлган, охирги вақтларда Словакия ҳамда Полша берган МиГ-29 қирувчилари тезда эскириб қолади. Оқибатда уларда урушиш имконсиз бўлади ва Ғарб барибир унинг ўрнига вариант излашга мажбур бўлади.
«Қирувчи самолётлар коалицияси» Украинага қирувчилар етказиб бериш томон ташланган катта қадам бўлади. Европанинг қатор давлатлари бу ташаббусни қўллаётгани эса жараённи тезлаштириши мумкин. Аммо қирувчи самолётлар олиш танк олишдан анча қийин кечади. Украина армияси иттифоқчиларидан 40-50 та атрофида қирувчи самолёт олмоқчи.
Бу жараён тез амалга ошмаслиги аниқ ва қишгача чўзилиб кетиши мумкин. Чунки аввало учувчиларни уларни бошқаришга тайёрлаш керак, аэродромларни қайта жиҳозлаш, у ердаги персонални тайёрлаш, объектни ракета зарбаларидан ҳимоялаш, ҳатто Ҳаво кучлари қўмондонларини ҳам ўқитиш керак бўлади.
Аммо бу асосан сиёсий йўл билан ҳал қилинадиган масала ҳисобланади. Масалан, Украинага танк етказиб бериш масаласи мужмал бўлиб турган бир вақтда Британия Challenger 2 зирҳли техникаларини бериши ортидан қолган давлатлар ҳам ўз зирҳли жанговар машиналарини Украинага юбора бошлади.
Масала катта минбарда ҳам кўтарилди

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат армияси F-16 қирувчиларини олиши учун жиддий ҳаракат қилмоқда. У Япониянинг Ҳирошима шаҳрида ўтган G7 етакчилари йиғилишида бу масалани дунё иқтисодиёти гигантлари олдида кўтарди. Йиғилишда умумий маънода Ғарб Украинага F-16 қирувчи самолётлари етказиб беришни қўллаши айтилди.
АҚШ президенти Жо Байден Зеленский билан учрашувдан кейин Украина президенти F-16 етказиб берилган тақдирда улар воситасида Россия ҳудудига зарба берилмаслигига ишонтирганини айтди. Риши Сунак эса йиғилишдан кейин украиналик учувчилар ёзда айнан F-16 бўйича ўқитилишини таъкидлаб айтди.
Байден нега рози бўлмаяпти?
Япониядаги саммитдан кейин журналистлар Байденга шундай савол беришди:
Журналист: Россия томони F-16 етказиб берилиши жиддий муаммо келтириб чиқаришини айтди.
Байден: Улар учун шундай.
АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Байден нега Украинага қирувчилар берилиши борасида бир қарорга келмаганини тушунтиришга ҳаракат қилди: «Омборларимиздаги F-16 миқдори, бизга ажратилган пул ва яна кўплаб бошқа қуроллар беришимиз кераклиги инобатга олинса, катта эҳтимол билан, биз учинчи томон бундай самолётларни етказиб бериши вариантини кўриб чиқишимиз мумкин, лекин президент ҳали бир қарорга келгани йўқ», деди Салливан.
Япониядаги саммитдан кейин Оқ уй украиналик учувчиларни F-16 қирувчиларини ўқитишга қарши эмаслиги, шунингдек, учинчи давлатлар Украинага бундай самолётлар етказиб беришига эътироз билдирмаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Байден Украинага қирувчи самолёт етказиб беришга қарши экани кўплаб омиллар билан изоҳлаб келинади. Хусусан, Россия билан тўғридан тўғри можаро келиб чиқишини истамаслиги, шунингдек, учувчиларни тайёрлашга кўп вақт кетиши сабаб қилиб келтирилади. Салливан эса Жо Байден қирувчи самолётлар Украинанинг қарши ҳужуми учун жуда зарур восита бўлмагани учун уларни беришга рози бўлмаётганини айтган.
«АҚШ Украинага қарши ҳужум учун керакли энг муҳим қуролларни беришга ҳаракат қилди. Энди аста-секин Украинанинг узоқ муддатли ўзини ҳимоя қилиш тизимини яратиш ҳақида ўйлаш мумкин. Ғарбнинг тўртинчи авлод қирувчи самолётлари, F-16 айнан шу мақсадда керак бўлади», деган Байденнинг маслаҳатчиси.
Зеленскийнинг баёноти нимани англатади?
Украина президенти Япониядаги «Еттилик гуруҳи» учрашувидан кўтаринки руҳда қайтди ва F-16 орасида жиддий силжиш бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина бундай қирувчиларни олиши деярли аниқ бўлган.
«Бизнинг учувчилар F-16 нима эканини тушуниб етса, бу машиналар осмонимизда пайдо бўлса, унинг таъсирини ҳамма сезади. Бу дунё ва Европа хавфсизлик архитектураси учун муҳим тарихий воқелик бўлади», деди Зеленский.
Украина етакчиси АҚШ томонидан етказиб берилган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўплаб украиналикларнинг ҳаётини сақлаб қолаётганини айтиб, миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳаво қалқони мустаҳкам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳамда замонавий қирувчи самолётлар уйғунлашгандагина мукаммал бўлиши мумкин. Зеленский G7 саммитига Украинага берилаётган ёрдам учун шахсан миннатдрчилик билдиришга келганини таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!