Нью-Йорк чўкмоқда ва келажакда сув остида қолиш хавфи бор. АҚШ Геология хизмати томонидан шундай хулосалар қилинган. Мамлакатнинг энг йирик ва аҳолиси энг кўп бўлган шаҳри дунё океанлари сатҳи кўтарилишидан кўра икки баравар тез чўкмоқда. Бунинг асосий сабаблардан бири ерга босим ўтказадиган осмонўпар биноларнинг улкан оғирлиги дейилмоқда.
Шу сабабли, 2050 йилга келиб, шаҳар 20-75 см га "чўкиши" мумкин. Аммо келгуси йилларда сув тошқини содир бўлмаса ҳам, осмонўпар биноларнинг яхлитлиги хавф остида: денгиз сувининг узоқ вақт таъсири арматура коррозияси ва пойдеворларда бетоннинг заифлашишига олиб келади.
“Нью-Йорк шаҳри йилига ўртача 1-2 мм тезликда чўкмоқда, бироқ баъзи ҳудудларда чўкиш йилига 4,5 мм га етади”, деган тадқиқот муаллифларидан бири геофизик Том Парсонс CNN телеканалига.
“Нью-Йорк сув тошқини хавфи туфайли жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу ерда денгиз сатҳининг кўтарилиш хавфи Шимолий Американинг Атлантика қирғоқлари бўйлаб ўртача кўрсаткичдан 3-4 баравар юқори. Юқори зичлиги билан ажралиб турадиган Нью-Йорк шаҳрининг 8,4 миллион аҳолиси сув тошқини пайтида турли даражадаги хавф остида бўлиши мумкин", дейилади тадқиқотда.
Тадқиқотчилар Нью-Йоркнинг бешта туманида 2022 йил сентябр ҳолатига кўра мавжуд бўлган 1,08 миллион бинонинг массасини ҳисоблаб чиқишди. Бу 762 миллион тоннани ташкил этди - оғирлик тахминан 1,9 миллионта тўлиқ юкланган Боинг 747-400 самолётига тенг.
Бироқ, барча чўкишлар биноларнинг катта оғирлиги билан боғлиқ эмас, дейди Парсонс. “Биз биноларнинг юмшоқ замин ёки сунъий қирғоққа қурилган жойларда чўкишни тушунамиз. Лекин биз чўкишни қайд этган шундай ҳудудлар борки, буни тушунтириш қийин”, — дея изоҳлаган эксперт.
Унинг сўзларига кўра, Нью-Йоркнинг баъзи ҳудудлари ер ости сувларини ҳайдаш, охирги музлик даврида юзага келган тупроқнинг бўшашиши деб аталадиган турли сабабларга кўра одатдагидан тезроқ чўкиши мумкин.
Бошқаларга қараганда тезроқ чўкадиган ҳудудлар орасида Квинс, Бруклин, Манхеттеннинг пастки қисми каби Нью-Йоркнинг энг зич жойлашган минтақалари бор. Парсонс таъкидлашича, бу қисман катта ва оғир биноларнинг юкига мос келади. Аммо олимлар, шунингдек, шаҳарнинг энг чекка ва энг кам аҳоли пункти бўлган Статен оролининг шимолий қисмида ҳам чўкишни қайд этган. Ва ҳозирча улар бунинг учун изоҳ топа олишмаган.
Тадқиқот муаллифлари бу қачон содир бўлиши ҳақида аниқ прогнозлар бера олмайди - вақт оралиғи бир хил чўкиш тезлигида ўндан бир неча юз йилларгача бўлиши мумкин.
Парсонс сўнгги йилларда шаҳар табиий офатлардан кўпроқ зарар кўрганини хотирлайди. Масалан, 2012 йилда содир бўлган “Сэнди” тўфони туфайли кўрфазлардаги денгиз суви шаҳарнинг бир қисмини сув босган. 2021 йилда “Ида” тўфони пайтида кучли ёмғирлар бир неча кун давомида дренаж тизимларини ишдан чиқарди.
"Қурилиш пойдеворининг шўр сувга қайта-қайта таъсири мустаҳкамловчи пўлатни коррозияга олиб келиши ва бетонни кимёвий жиҳатдан мўртлаштириши мумкин, бу эса структуранинг заифлашишига олиб келади", деб тушунтиради Парсонс. “Сэнди” сабоқларига қарамай, Нью-Йоркда 2012 йилдан бери қурилган осмонўпар биноларнинг кўпчилиги бу омилларни ҳисобга олмади, дейди у.
Нью-Йорк бу муаммога дуч келган ягона соҳилбўйи шаҳри эмас. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, дунёдаги аҳолиси кўп бўлган деярли барча соҳилбўйи шаҳарлари денгиз сатҳига нисбатан тезроқ чўкмоқда. Azon.uz сайтида Индонезия пойтахти Жакарта ҳам худди шу муаммо қаршисида қолгани ҳақида хабар берилган эди.
Илмий мақоланинг қисқача мазмунида таъкидланганидек, унинг мақсади муаммога эътиборни қаратиш ва денгиз, дарё ёки кўл қирғоқларида қурилган ҳар бир янги осмонўпар бино келажакда сув тошқини хавфини ошириши мумкинлигини тушунтиришдир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!