Англиянинг Ливерпуль шаҳрида қизғин тус олган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз авж палласига етди. Турнир доирасидаги ҳал қилувчи баҳслар юртдошларимизнинг иродаси ва маҳоратларини янада яққол намоён қилмоқда.
-65 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Асадхўжа Мўйдинхўжаев рингга кўтарилиб, бразилиялик Юри Реис билан беллашди. Қатъият ва кескинликка тўла бўлган жанговар тўқнашувнинг илк раундида Асадхўжа очколар бўйича рақибидан ортда қолди. Бироқ у руҳан синмади, аксинча кейинги икки раундда ўзини қўлга олиб, устунликни қўлга киритди.
Мўйдинхўжаевнинг матонати ва тажрибаси ҳал қилувчи омилга айланди. У ҳар бир зарбасини ўйланиб берди, ҳимояда ҳам ишончли ҳаракат қилди ва натижада ҳакамлар унинг ғалабасини эътироф этди. Шу тариқа, Асадхўжа жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.
Ушбу натижа нафақат спортчининг шахсий ютуғи, балки бутун юртимиз бокси учун ҳам улкан шараф ҳисобланади. Юртдошимизнинг рингдаги иродаси, меҳнат ва сабри уни олий мартабага олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатда яна бир боксчимиз — Жавоҳир Умматалиев ҳам финалда француз спортчиси Йожерлен Сезарга қарши куч синашади. Мухлислар унинг ҳам омадини тилаб, катта умид билан баҳсни кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!