date

Мўғулистонда ўлат сабаб яна бир ҳудуд ёпиқ ҳолатга ўтказилди

Мўғулистонда ўлат сабаб яна бир ҳудуд ёпиқ ҳолатга ўтказилди

Мўғулистоннинг Ховд вилоятида ўлатга ўхшаш касаллик белгилари кузатилгани сабабли, ҳудудда вақтинча маҳаллий чеклов чоралари жорий этилди. Бу ҳақда маҳаллий маъмурият маълумотига таяниб, TASS ахборот агентлиги хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, вилоятнинг Булган қишлоғида ўлатга хос симптомлар билан касаллик ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳолатдан сўнг маҳаллий ҳокимият томонидан ҳудудда оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиш, мактабларда ўқув жараёнини масофавий тарзда йўлга қўйиш, шунингдек, барча зарур профилактика ва дезинфекция ишларини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Маълум қилинишича, Ховд вилоятида фуқароларнинг эркин ҳаракатига чекловлар қўйилган, транспорт воситаларининг кириш-чиқиши назоратга олинган ва айрим савдо нуқталари ҳамда умумий овқатланиш жойлари фаолияти вақтинча тўхтатилган. Маҳаллий тиббиёт муассасалари юқум юқтирган шахслар билан мулоқотда бўлганларни кузатувга олган.

Аввалроқ Мўғулистоннинг Хубсугул вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилиб, ўлат тарқалиши хавфи сабабли қатъий чекловлар жорий этилган эди. Бу ҳудудда ҳам аҳолининг ҳаракати, транспорт қатнови, бозорлар ва овқатланиш муассасалари иш фаолияти вақтинча чекланган.

Соғлиқни сақлаш хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил 12 сентябрь ҳолатигача ўлатга чалинган 3 нафар бемор билан яқин алоқада бўлган 110 нафар фуқаро шифокорлар назоратида қолмоқда. Улар алоҳида рўйхатга олинган бўлиб, ҳар бирига тиббий кузатув чоралари кўрилмоқда.

Қўшимча маълумотларга қараганда, 2025 йил август ҳолатига кўра, Мўғулистоннинг 17 та вилоятидаги 130 та аҳоли манзилида ўлат ўчоқлари аниқланган. 2014–2024 йиллар давомида мамлакатда жами 20 нафар киши бу касалликка чалинган бўлиб, улардан 9 нафари вафот этган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мўғулистонда ўлат сабаб яна бир ҳудуд ёпиқ ҳолатга ўтказилди