Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳам якунланди. Мусобақа давомида ўзбекистонлик дзюдочилар ҳақиқий маҳорат ва юксак тайёргарликни намойиш этишди.
Турнирнинг дастлабки куниёқ дзюдо терма жамоаси 9 та медални қўлга киритиб, қитъадаги энг кучли жамоалардан бири сифатида етакчиликни қўлга олди. Ушбу натижа 3 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалдан иборат бўлди.
Шу билан бирга, чемпионатнинг сўнгги босқичи ҳам ўзбекистонлик ёшлар учун муваффақиятли ўтди. Финал баҳсларида жанг қилган 5 нафар дзюдочимиз бирин-кетин ғалабага эришиб, барчаси чемпионлик унвонини қўлга киритишди.
Натижада, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 8 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медал жамғариб, умумий ҳисобда 14 та медалга эга чиқди ва Осиё чемпиони сифатида биринчиликни расман қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Корея Республикасига насиб этди — улар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медал билан совриндорлар қаторига киришди. Ҳиндистон терма жамоаси эса 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медал билан кучли учликни ёпди.
Эътиборли жиҳати шундаки, тўрт кунлик шиддатли беллашувлар якунига кўра Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари биргаликда жами 31 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Бу натижа ёш дзюдочиларимизнинг жаҳон аренасида ҳам муносиб куч сифатида майдонга чиқишга тайёр эканини яна бир бор намойиш қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!