17:07 / 31.05.2023
369

Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири: Россия янги рақобатчи соясида

Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири: Россия янги рақобатчи соясида

Тадқиқотчи Нива Яу Атлантика Кенгаши веб-сайтидаги мақоласида Марказий Осиё етакчилари Хитойнинг уларга яқинлашиш бўйича доимий саъй-ҳаракатлари фонида “тузоққа тушиб қолишлари мумкин”, деб фикр билдирган. Муаллифнинг фикрича, ўнлаб йиллар давомида ҳеч қандай кучга устунлик бермай, мувозанатни сақлаб келган минтақа Хитойга қарам бўлиб қолиши мумкин.

Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган “Марказий Осиё-Хитой” саммитида Хитой етакчиси Си Цзинпин минтақа етакчиларини қутблашган дунёда Пекинга ишониш мумкинлигига ишонтиришга уринди, дейди Atlantic Council’нинг Глобал Хитой маркази ходими Нива Яу.

Муаллиф фикрича, Марказий Осиёнинг бошқа ташқи ўйинчилар билан ҳамкорлик қилиш қобилияти пасайган вазиятда Хитой ўзининг экспансионистик кампаниясини кучайтирмоқда. Россия Украинадаги уруш ботқоғига тушиб қолди, Қўшма Штатлар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетганидан кейин минтақага эътиборини камайтирди. Туркия, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи ва АҚШнинг минтақа билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган дастурларини Хитой ташаббуслари билан солиштириб бўлмайди.

Тадқиқотчининг сўзларига кўра, Хитой “минтақага ўзининг авторитар амалиётларга осон мослашадиган бошқарув услубини экспорт қилади”. Фуқаролик жамиятини бостириш, журналистларни ҳибсга олиш ва фаолларни таъқиб қилиш, бу усуллар Хитойда муваффақиятли синовдан ўтган.

“Марказий Осиёнинг ҳар қандай йирик давлат ҳукмронлигига йўл қўймаслик истагига қарамай, “кўп векторли” ёндашувни амалда қўллаш қийин бўлди, чунки Хитойнинг минтақадаги амбициялари ва фаоллиги тез суръатлар билан ўсди”, - дейди Нива Яу.

Минтақа етакчилари ички аудиторияга Пекин билан яқинлашиш зарурлигини денгизга чиқиш имконияти йўқлиги ва умумий чегара мавжудлиги билан изоҳламоқда. Пекиннинг Шинжондаги туркий халқларни таъқиб қилиши минтақа раҳбарларини Хитойдан қайтара олмади. Экспертлар фикрича, Марказий Осиёнинг йирик қўшниси билан яқин алоқада бўлишдан бошқа иложи йўқ, деб ёзади эксперт.

Нива Яунинг фикрича, Пекин эртами-кечми минтақадаги ҳаддан ташқари фаол дипломатиядан воз кечади. Бунинг сабабларидан бири Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин минтақада кучайган деколонизация жараёни ва миллий ўзликни излашдир. Тадқиқотчи Туркия тарихий ришталар, умумий тил ва маданият нуқтаи назаридан Марказий Осиёга яқинроқ ўйинчи, деб ҳисоблайди. Туркия бошчилигидаги туркий давлатларнинг ташкилоти туркий ўзликни тиклаш, Россия ва Хитой таъсирини камайтиришни истаган Марказий Осиё учун муҳим векторга айланиши мумкин, дея хулоса қилади муаллиф.

Пекин Марказий Осиё хавфсизлигининг кафилига айланишга ҳаракат қиляптими?

Хитой Россияни Марказий Осиёдан сиқиб чиқармоқда, дейди Jamestown Foundation веб-сайтида мақоласи чоп этилган Америка ташқи сиёсат тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Стивен Бланк. Москванинг Украинага бостириб кириши туфайли минтақадаги таъсири заифлашди, деб ёзади муаллиф. Россия Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига таъсир ўтказиш қобилиятини йўқотмаган бўлса-да, унинг имкониятлари сезиларли даражада торайган, деб ҳисоблайди Бланк. Унинг фикрича, Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой-Марказий Осиё” саммитида Пекин бўшлиқни тўлдираётганини кўрсатди.

Саммит Пекинга минтақа билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берди, Хитой “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларига 3,68 миллиард доллар сармоя киритиш, портлар, темир йўллар ва қувурлар инфратузилмасини ривожлантиришга ваъда берди.

Бланкнинг фикрича, бунинг ортида Пекиннинг Москвани минтақадаги “хавфсизликнинг асосий кафолати” сифатида алмаштириш истаги турибди. Си Цзинпин ўз нутқида “Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарур”, деди. Муаллифнинг сўзларига кўра, бу Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлиги ҳақида мунозарали баёнотлар бериб, республиканинг шимолий вилоятларини аннексия қилиш эҳтимоли ҳақида гапираётган россиялик сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига “пардаланган, аммо очиқ-ойдин” зарба бўлди.

Си Цзинпин, шунингдек, Хитой Марказий Осиёга ҳуқуқ-тартибот идоралари салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришга тайёрлигини айтди. Бланкнинг ёзишича, бу Пекиннинг Москвани сиқиб чиқариш ниятини яққол кўрсатиб турибди.

Аммо Хитой ўз мақсадларига эришишига кафолат йўқ, дея давом этади эксперт. Минтақада “Бир камар, бир йўл” ташаббусига асосан салбий муносабат шаклланган. Қолаверса, бешта “стон” Хитой пулига қарам бўлишдан кўра, ўз суверенитети ва мустақиллигини сақлаб қолишдан кўпроқ манфаатдор.

Агар Ғарб Россиянинг заифлашуви натижасида юзага келган бўшлиққа эътибор бермаса, Хитой рақибларини сиқиб чиқариб, минтақадаги ягона ўйинчига айланиши мумкин. Пекин имкониятдан фойдаланиб, рақобатчиларни орқага сурмоқчи. “Албатта, бу мусобақадаги сўнгги ҳаракат бўлмайди. Ва, албатта, Ғарб Хитой империясининг Россия империяси вайроналари устида пайдо бўлишини истамайди”, деб ёзади Бланк.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири: Россия янги рақобатчи соясида
ePN