17:54 / 02.07.2023
490

Африка ва Яқин Шарқдаги «Вагнер» тақдири қандай кечади?

«Вагнер» ХҲК мергани. Фото: TELEGRAM @RSOTM
24 июн куни бутун дунё «Вагнер» ёлланма аскарларининг Россия армияси раҳбариятидан норозилик билдириб, Москва томон марш бошлагани, кейин эса кутилмаган тарзда Россия пойтахтига юриш режасидан воз кечиб, ортга қайтганини кузатди.

«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин сўнгги дақиқада Александр Лукашенко воситачилигида Кремл билан келишувга эришди. Келишувга кўра, Минск Пригожин ва унинг жангчиларига бошпана берадиган бўлди, исёнда қатнашмаган жангчиларда эса Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш имкони бор.

24 июн куни кечқурун ушбу келишувлар тузилгандан сўнг, Пригожин ўз телеграм-каналида «улар» (катта эҳтимол билан РФ мудофаа вазирлиги назарда тутилган) «Вагнер»ни тарқатиб юбормоқчи бўлганини айтди. Аммо бу унинг демаршининг асосий ва ягона сабаби бўлгани ёки йўқлиги ноаниқ.

26 июн куни оқшомда Пригожин яна бир аудиохабар эълон қилди, унда у ўз жангчиларининг ҳеч бири мудофаа вазирлиги билан шартнома имзоламоқчи эмаслиги ва унинг компанияси 1 июлдан расман ўз фаолиятини тўхтатиши керак бўлганини айтди.

«Вагнер» тарқатиб юборилганидан кейин Россиядан ташқарида ҳаракат қилаётган ёлланма аскарлар тақдири қандай кечиши номаълумлигича қолмоқда.

Айни пайтда «Вагнер» жангчилари дунёнинг кўплаб мамлакатларида — Ливия, Судан, Мали, Марказий Африка Республикаси, Мозамбик, Буркина-Фасо, Мадагаскар ва Венесуэладаги тўқнашувларда фаол иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, кўплаб ёлланма аскарлар Ливия, Сурия, Марказий Африка Республикаси, Мали ва Украинада кўпинча тинч аҳолига қарши содир этилган жиноятларда айбланади.

Вагнерчилар фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган БМТдаги дипломатик манба BBC нашрига берган интервюсида айтишича, агар бу гуруҳ Россия ҳукумати қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлса ва ҳақиқатан тарқатиб юборилса, унда Россия мудофаа вазирлиги Африкада қолган «Вагнер» бўлинмаларига таъминотни тўхтатиши мумкин.

Ушбу манба сўзларига кўра, Африкадаги, хусусан, Марказий Африка Республикаси, Ливия, Судан ва Малидаги ёлланма аскарлар пул рағбатларисиз, шунингдек, сиёсий ва ҳарбий ёрдамсиз қолади. Яъни аслида улар ишсиз қолади ва ўз касб йўналиши бўйича иш қидиришни бошлайди, бу эса беқарорлик, фуқаролар урушлари ва исёнлар ҳукм сураётган мамлакатлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Шу билан бирга, ҳокимият учун курашнинг биринчи қурбонлари, қоида тариқасида, тинч аҳоли бўлади. Ҳозирда «Вагнер» фаолият юритаётган мамлакатлардаги мавжуд барча тартибсизликлар гуруҳнинг зўравонликларига айланиб кетмаслигидан умид қилиш мумкин, холос.

Аммо «Вагнер» Африка ва Сурияда айнан қандай вазифаларни бажаради ва агар компания тарқатиб юборилиб, Россия мудофаа вазирлигидан ёрдам олишни тўхтатса, бу ерларда нима содир бўлиши мумкин?

Ливия

«Вагнер» ёлланма аскарлари Ливияда биринчи марта 2019 йил кузида пайдо бўлган. Ўшанда улар Шарқий Ливияни назорат қилган ва мамлакатнинг БМТ томонидан тан олинган ҳукумати жойлашган Триполига юриш қилган исёнчи генерал Халифа Ҳафтар қўшинига ёрдам берган.

Бу ерда улардан Ҳафтарнинг ҳужуми тўхтаб қолгач, пойтахт мудофаасини ёриб ўтиш учун штурмчи куч сифатида фойдаланилган.

Бу одамларнинг фронт чизиғи жангларидаги тажрибаси, мерганлик ва разведка маҳорати урушда муҳим рол ўйнади ва Ҳафтар кучлари вагнерчилар ёрдамида Триполи жанубидаги бир неча шаҳарни эгаллаб олишга муваффақ бўлади.

Бироқ, ўша пайтдаёқ жуда ёқимсиз ҳолатлар ошкор бўлди. 2021 йилда ўтказилган BBC нашри суриштируви давомида ёлланма аскарларнинг тинч аҳолини ўлдиргани ва Триполидаги турар жой биноларида пиёдаларга қарши миналар ва мина-тузоқларидан ноқонуний фойдалангани тўғрисида далиллар топилди.

Суриштирув шунингдек, Москва ёлланма аскарларни илғор қуроллар ва жиҳозлар билан таъминлаб келганини ҳам кўрсатди.

BBC Ливия разведка хизматларидаги манбалари орқали қўлга киритган, расмий фойдаланиш учун мўлжалланган махфий ҳужжатлар орасида Ливиядаги баъзи «Вагнер» бўлинмаларига шундай қурол-яроғларни етказиб бериш рўйхати ҳам мавжуд бўлган.

«Булар асосан Россия армиясида хизматда бўлган энг замонавий, технологик жиҳатдан илғор, энг олдинги чизиқда фойдаланиладиган қуроллардир. Ва бу нафақат катта бюджетга кириш, балки энг сирли бўлмаса, сўнгги технологиялардан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам англатади. Шундай экан, «Вагнер» афтидан, рус армиясининг шунчаки норасмий таркибий қисмидан кўпроқ нарса», дея рўйхатга изоҳ берган британиялик ҳарбий эксперт Крис Кобб Смит.

Шунингдек, Ливиядаги «Вагнер» бўлинмаларига таъминот, Суриянинг Латақия вилоятида жойлашган Россия назорати остидаги ҳарбий база ва Ливия шарқи ўртасида мунтазам парвозларни амалга оширувчи Россия ҳарбий-космик кучлари самолётлари томонидан етказиб берилиши хабар қилинган.

Ливиядаги «Вагнер» бўлинмалари Россия мудофаа вазирлиги кўмагига қаттиқ боғланиб қолгани аниқ ва бундай кўмак йўқолиши гуруҳнинг Ливиядаги кучларига ҳам, унинг ушбу мамлакатдаги мавжудлигига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Бироқ, маҳаллий манбаларнинг BBC нашрига айтишича, муваффақиятсиз исёндан кейин ҳам Ливиядаги «Вагнер» позициясида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.

Мали ва Марказий Африка Республикаси

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 24 июн кунги воқеалардан кейин ҳам Россия ҳарбий инструкторлари Мали ва Марказий Африка Республикасида ишлашни давом эттиришига ишонтириши, бу икки мамлакат Кремл учун унинг Африкадаги мавжудлигини кенгайтириш бўйича улкан режаларида қандай стратегик муҳим рол ўйнашидан далолат беради.

Яқин келажакда Пригожин қўзғолони, катта эҳтимол билан, маҳаллий ҳарбий хунта таклифи билан 2021 йил охиридан бери Малида ҳаракат қилаётган, минглаб жангчиларга эга бўлган «Вагнер» гуруҳларига таъсир қилмайди.

Бу ердаги ёлланма аскарларнинг фаолияти 2020 йил август ойида ушбу Африка давлатида полковник Ассими Гоита муваққат ҳукумати ҳокимият тепасига келганидан бери Россиянинг Малида ривожланиб бораётган дипломатик ва иқтисодий манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ.

Мали ҳукумати ёлланма аскарлар хизматидан фойдаланаётганини рад этади ва уларга россиялик ҳарбий инструкторлар ёрдам бераётганини айтишни маъқул кўради.

«Вагнер» ёлланма аскарларининг Малида мавжудлиги 2013 йилдан буён ИШИД ва «Ал-Қоида» жангариларига қарши курашда Мали армиясига ёрдам бериб келаётган француз ва бирлашган Европа ҳарбий контингентларини мамлакатни тарк этишга ундади.

Бироқ, вагнерчилар хавфсизлик билан боғлиқ ҳолат яхшиланишига ёрдам бермади.

ACLED лойиҳаси (инқирозли ҳолатлар бўйича маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва хариталаш платформаси) маълумотларига кўра, 2021 ва 2022 йиллар оралиғида жангарилар томонидан содир этилган зўравонлик ҳаракатлари икки баравар кўпайган, тинч аҳоли эса уларнинг асосий қурбонига айланган.

Мали армиясининг «Вагнер» ёлланма аскарлари иштирокидаги ҳарбий амалиётлари ҳам тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошишига олиб келди. Дунёга маълум бўлган шундай энг аянчли воқеалардан бири – мамлакат марказидаги Мура шаҳри яқинида бир ҳафта давом этган операция бўлиб, унда тинч аҳоли вакилларидан беш юзга яқин киши ҳалок бўлган.

БМТ бу қурбонларни Мали армияси ва «хорижий кучлар» ҳаракати билан боғлади, АҚШ эса «Вагнер» гуруҳининг Малидаги амалдаги қўмондони ва унинг икки жангчисига нисбатан санкциялар киритди.

Малидаги ёлланма аскарларнинг ҳаракатларига ҳатто Украинада бошланган уруш ҳам халақит бермади — вагнерчилар француз қўшинлари ташлаб кетган мамлакат шимолидаги ҳарбий базаларни тезда эгаллаб олди.

Шу билан бирга, хунтани қўллаб-қувватловчи фуқаролик жамияти вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Россия кучлари мамлакатдаги MINUSMA БМТ тинчликпарвар миссияси ўрнини эгаллаши учун кампания олиб бормоқда.

2023 йил май ойида Пригожин ўз бизнесига алоқадор, Камерунда жойлашган Afrique Media TV телеканалига берган интервюсида вагнерчилар Мали ва Марказий Африка Республикасида БМТ тинчликпарвар кучларига қараганда анча самарали фаолият юритаётгани айтиб, мақтанди.

Малининг Москва кўмагига қарамлиги тобора ортиб бораётгани, 16 июн куни мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулай Диоп MINUSMA миссиясини дарҳол мамлакатдан олиб чиқишга чақирганда мутлақ аниқ бўлди.

Эндиликда «Вагнер» ва Кремл ўртасидаги кескин муносабатлар натижасида Малида хавфсизлик чоралари заифлашиши ва турли террорчи гуруҳлар бундан фойдаланиб қолиши мумкин.

Пригожин исёнига Марказий Африка Республикаси (МАР) ҳам худди Мали каби ҳеч қандай расмий муносабат билдирмади. «Вагнер» жангчилари бу ерда 2017 йилдан бери ҳаракат қилиб келмоқда.

Москва ва расмий Банги ўртасида имзоланган хавфсизлик бўйича ҳамкорлик шартномасига кўра, ўнлаб йиллар давомида Марказий Африка Республикасига тинчлик бермай келаётган исёнчиларга қарши курашиш учун бу мамлакатга юзлаб россиялик «ҳарбий инструкторлар» етиб келган.

Вақт ўтиши билан «Вагнер» бу ерда бизнес очиб, баъзи маълумотларга кўра, фойдали қазилмалар, ёғоч ва, албатта, ароқ савдоси билан шуғулланган.

Ёлланма аскарлар жамият уларни қўллаб-қувватлашига олиб келган ҳарбий муваффақиятларга эришди. Улар 2020 йилда президент Фостен-Арканж Туадерага қарши қўзғолон кўтарган кучли «Ўзгаришлар учун ватанпарварлар коалицияси» (CПC) исёнчи гуруҳини мағлуб этишга ёрдам берди.

Бироқ, Туадера ҳукуматининг давлат муассасалари ва мамлакатнинг юқори раҳбариятини ҳимоя қилиш ишониб топширилган ёлланма аскарларга ҳаддан ортиқ таяниши вагнерчиларда ўзбилармонлик ва чексиз ҳуқуқларга эгалик ҳиссини пайдо қилди, бу эса исёнчилар билан уруш пайтида тинч аҳолига нисбатан оммавий зўравонликлар ўтказилишига олиб келди.

2023 йил бошида АҚШ молия вазирлиги «Вагнер» жангариларига қарши Марказий Африка Республикаси ва Малида оммавий отувлар уюштириш, зўрлаш, болаларни ўғирлаш ва жисмоний зўравонлик каби жиддий жиноий айбловлар қўйди.

Пригожин қўзғолони натижасида «Вагнер» тизимида содир бўлган бўлиниш МАРдаги катта даромадли ва асосан мустақил ҳаракат қилувчи ёлланма аскарлар операциялари назоратдан чиқиб кетиши хавфини оширди. Қолаверса, ёлланма аскарларнинг асосан ресурсларга бой ички ҳудудларда қўзғолончилар билан тил бириктириши, вагнерчилар ҳаракатлари аллақачон таъсир ўтказаётган Чад ва Судан каби қўшни давлатларда беқарорликка олиб келиши хавфи бор.

Бироқ, Туадера ҳукумати ва Москва ўртасидаги давом этаётган ҳамкорлик ҳозирча «Вагнер» ва Кремл ўртасидаги зиддият МАРдаги хавфсизлик ва заиф барқарорликни хавф остига қўйиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайишига йўл қўяётгани йўқ.

Сурия

«Вагнер»нинг Сурияда мавжудлиги — бу бутунлай алоҳида ҳикоя.

Россия Суриядаги фуқаролар урушига 2015 йилда, қўзғолончилар мамлакатнинг катта қисмини назорат қилиб турган бир пайтда, Асад режими кучларини қўллаб-қувватлаш учун аралашди.

Бу аралашув кучлар мувозанатини тубдан ўзгартирди ва ҳозирда Асад ҳукумати деярли бутун мамлакатни назорат қилмоқда. Бироқ, бунга тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар берилиши орқали эришилди: ўн минглаб сурияликлар Россия ҳаво ҳужумларидан ҳалок бўлди.

Ҳозир Суриянинг Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган Латақия вилоятидаги ҳарбий база расман Россия ихтиёрида ва у ердан Африкадаги «Вагнер» бўлинмаларини таъминлаш учун фойдаланилади.

Ёлланма аскарларнинг ўзи 2015 йилдан Сурияда фаолиятини бошлаган, бироқ улар асосан ИШИД жангарилари ҳаракат қилувчи ҳудудлардаги нефт конларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.

Ёлланма аскарларнинг ҳарбий жиноятлари ҳақидаги даъволар улар Сурияга жўнатилганидан тахминан икки йил ўтиб жаранглай бошлади.

2017 йилда «Вагнер»нинг бир неча жангчилари бир сурияликни шафқатсизларча қийноққа солгани ва ўлдиргани, сўнгра унинг хўрланган жасадини ёқиб юборгани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Ушбу даҳшатли видеоклип интернетда пайдо бўлди ва у ёрдами билан қатлда иштирок этганлар аниқланди. Шундан сўнг қурбоннинг қариндошлари олти нафар вагнерчига қарши Москва судига даъво аризаси берди. Бироқ, Россия ҳукумати ҳеч қандай чора кўрмади ва президент Путин ҳатто гумонланувчилардан бирини шахсан медал билан тақдирлади.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки расмий статусга эга бўлгани учун, ҳозирда «Вагнер» ва Кремл ўртасида содир бўлаётган воқеалар Россиянинг Суриядаги мавжудлигига таъсир қилиши ёки Москванинг Дамашққа кўрсатаётган ёрдамини ўзгартириши даргумон.

Бироқ, Россия раҳбарияти «Вагнер» тақдирини қандай ҳал қилишидан қатъи назар, Суриядаги ёлланма аскарлар мавжудлиги ва ҳаракатлари бутун дунё томонидан диққат билан кузатиб борилади, чунки Сурия можаросида кўплаб нуфузли мамлакатлар у ёки бу томонда, ёхуд у ёки бу шаклда иштирок этмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Африка ва Яқин Шарқдаги «Вагнер» тақдири қандай кечади?
ePN